September 4, 2021

Чироқчи тумани марказидан 70-80 км олисдаги қўшни Самарқанд вилояти билан чегарадош қишлоқда янги мактаб биноси фойдаланишга топширилди

Чироқчи тумани марказидан 70-80 км олисдаги қўшни Самарқанд вилояти билан чегарадош "Умакай" маҳалласи Қўчқорбулоқ қишлоғида инвестиция дастури асосида 136-сонли умумтаълим мактабининг янгидан бунёд этилган ўқув биносининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.

Туман марказидан 70-80 км олисдаги "Умакай" маҳалласида 136-сонли мактабнинг 2011 йилда қурилган 140 ўринли ўқув биносига қўшимча равишда 240 ўринли янги ўқув биноси ва 12х24 ҳажмдаги спортзали 3 миллиард 497 миллион сўмдан зиёд маблағ эвазига "Авангард гидроэкспресс" МЧЖ томонидан қисқа фурсатларда бунёд этилди.

Тадбирда Чироқчи туман ҳокими ўринбосари Абдураззоқ Кенгбоев, туман халқ таълими бўлими мудири Фарҳод Жумановлар ва ўқувчилар ҳамда уларнинг ота-оналари иштирок этди.

Мактабнинг тантанали очилиш маросимида иштирок этган мактабнинг фахрий битирувчиси мактаб кутубхонаси учун 100 дона китоблар совға қилди.

Замон талаблари асосида мукаммал таъмирдан чиққан 136-сонли умумтаълим мактабида ўқувчиларнинг сифатли таълим олишлари учун барча қулай шарт-шароитлар яратилган.

Шунингдек, ўқувчиларга қулайлик яратиш мақсадида кутубхона, тиббиёт хонаси, фаоллар зали, шинам ошхона, спорт заллари ҳам янги жиҳозлар билан таъминланди.