Тeмурбeклар мактабига кириш учун саралаш имтихоналари бўлиб ўтди
Бугун Чироқчи тумани халқ таълими бўлимига қарашли 3-сонли умумтаълим мактабида Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси, Давлат хавфсизлик хизмати, Фавқулодда вазиятлар, Ички ишлар ва Мудофаа вазирликлари тасарруфидаги "Темурбеклар мактаби" ҳарбий академик лицейига кириш учун саралаш диктанти олинди.
Чироқчи тумани ҳокими Нодир Эркаев ва Мудофаа ишлари туман бўлими бошлиғи подполковник Шуҳрат Суюновлар 180 нафар 9-синф битирувчи йигитларининг билим даражасини синаш учун олинаётган диктант имтихонларини кузатиб боришди.
— Темурбеклар мактабига кириш учун 9-синф битирувчилари март ойларида ўзлари яшайдиган туманлардаги мудофаа ишлари бўлимларига мурожаат қилишлари лозим. Улар махсус танловдан ўтишлари керак. Танлов жараёнларида аввало ўқувчининг соғлиги ва билим даражаси талабга жавоб бериши керак. Билим даражасини синаш учун диктант олинади. Ундан кейин, жисмоний тайёргарлиги, бир километрга ҳамда 60 метрга югуриш машқларини топширади, — дейди Мудофаа ишлари туман бўлими бошлиғи Шуҳрат Суюнов.
Шунингдек, ўқувчининг ҳарбий касбга лаёқатини аниқлаш мақсадида психологик тест олинади. Синовлардан ўтган ўқувчиларнинг ҳужжатлари мудофаа ишлари бўлимлари томонидан "Темурбеклар мактаби"га юборилади. Сўнгги босқичда ўқувчилар Давлат тест маркази томонидан белгилаб берилган тест имтиҳонларидан ўтади.