ЧИРОҚЧИДА ИККИТА МАҲАЛЛА ЯНГИ БИНОГА КЎЧИБ ЎТДИ
Бугун юртимизда маҳалла институти халқчил тузилма сифатида шаклланиб, амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлардаги фаол иштироки билан жамиятимиз ҳаётида мустаҳкам ўрин эгалламоқда. Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 3 февралдаги “Маҳалла институтини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони бу борадаги саъй-ҳаракатларга янгича куч бағишлади. Мазкур ҳужжатда маҳалла институтини янада ривожлантириш билан боғлиқ қатор долзарб вазифалар белгилаб берилган бўлиб, айни чоғда унинг ижроси бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, Чироқч туманида фармон асосида фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолияти самарадорлигини ошириш, уларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, давлат органлари ва фуқаролик жамияти институтлари билан ҳамкорлигини янада юксалтириш, фуқаролар йиғинлари идоралари биноларини қуриш, реконструкция қилиш, таъмирлаш, уларни зарур мебель жамланмаси, компьютер техникаси, алоқа воситалари ва интернет тармоқлари билан жиҳозлаш ишлари изчил давом эттириляпти.
Туманимиз марказидан олис 1-сектор ҳудудидаги "Айритом" ва "Пахталисой" маҳалла фуқаролар йиғинлари янгидан қуриб битказилган ва мукаммал таъмирдан чиқарилган биноларига эга бўлди. Қурилиш-таъмирлаш ишлари туман ҳокимлиги ва ҳомийлар кўмагида ҳашар йўли билан амалга оширилди. Маҳалла идораларининг замонавий биноларида барча шароитлар яратилган.
Маҳалла раиси, ўринбосари, маслаҳатчилар, профилактика инспектори учун алоҳида хоналар ажратилиб, компьютер, мебель, тегишли адабиётлар билан таъминланмоқда.
Очилиш маросимлари ҳар икки маҳаллада катта тантанага айланиб кетди. Табриклар, қутловлар янгради. Маҳалла фуқаролар йиғинлари янги биноларда янада самарали фаолият олиб боришига ишонч билдирилиб, самимий тилаклар изҳор этилди.
Бугун Чироқчи туманида маҳалла ободлиги йўлида қатор ижобий ишлар бажарилиб келинмоқда. Жумладан, "Айритом" ва "Пахталисой" маҳалла фуқаролар йиғинларининг янги замонавий биносининг фойдаланишга топширилиши, у ерда истиқомат қилаётган аҳолини ниҳоятда мамнун қилди.
Очилиш маросимида Чироқчи тумани ҳокими Хуррам Жураев, Маҳалла хайрия жамоат фонди вилоят ва туман бўлими вакиллари, нуронийлар ва жамоат фаоллари иштирок этишди.
Тадбирда туман ҳокими Х.Жураев сўзга чиқиб, маҳалла аҳлига ўз эзгу тилакларини билдирди ҳамда янги маҳалла биносини фойдаланишга топширилганлиги билан барча йиғилганларни табриклаб ўтди.
Замон талабларига мос тарзда жиҳозланган мазкур биноларда маънавият ва маърифат, маҳалла раиси ҳамда ўринбосарлари, профилактика инспектори учун алоҳида хоналар мавжуд бўлиб, уларнинг ҳар-бири замонавий моддий-техника воситалари ва мебел жиҳозлари билан таъминланган.
Маҳалла фуқаролар йиғинлари маъмурий биноларининг очилиш маросими якунида ҳа икки маҳалла фуқаролар йиғини раисларига компьютер жамланмалари топширилди.
Давлатимиз раҳбарининг таъбири билан айтганда, маҳалла жамиятимиздаги адолат тамойилларининг кўзгусига айланиши керак. Бу ер одамлар келиб фикрини, таклифини, дардини айтадиган, муаммосига ечим топадиган жой бўлиши лозим.
Туманимизда маҳалла фуқаролар йиғинларига янги бинолар ажратилаётганини ҳам ушбу тузилмани кечаю кундуз одамларнинг аҳволидан бохабар бўладиган масканга айлантириш йўлида қўйилган муҳим қадам сифатида баҳоласак, хато бўлмайди.