June 16, 2021

Коронавирус: ечим ва муаммолар

Ҳозирги вақтда дунёда энг долзарб муаммолардан бири коронавирус бўлиб қолмоқда. Бу эса дунё олимларию зиёлиларининг диққат эътиборини тортмоқда ҳамда қизиқишларини ортирмоқда. Дунё бўйича олимлар ва мутахассислар ўрганган тажриба ва билимлари асосида COVID-19нинг олдини олиш ва даволаш бўйича ўз маслаҳат ва кўрсатмаларини аҳолига маълум қилмоқда, лекин одамлар COVID-19нинг олдини олиш бўйича берилган профилактик тартиб қоидаларига тўлиқ амал қилмяптилар.
Жумладан, кишиларнинг аҳоли кўп тўпланадиган жойлар (туғилган кунларга, тўй-маракаларга, қўшни туман ва вилоятларга ҳамда бозорлар)га кўп бориши, оралиқ 2 м масофани сақламаслиги, тиббий ниқобларни тақмаслиги ҳамда тадбирларда одамлар сони 100 кишидан ошиб кетиши кузатилмоқда. COVID-19га гумон қилинган беморлар билан суҳбатлашганимизда асосан 85-90 % беморлар жамоат жойларига, қўшни туман ва вилоятларга бориб келгандан сўнг касал бўлганликларини маълум қилишади.

Машойиқлар айтганидек, касалликни даволашдан кўра, унинг олдини олиш афзал.

Юқоридагиларни ҳисобга олган ҳолда яна бир бор COVID-19 бўйича қўйидагиларни эслатиб ўтмоқ ўринли деб биламиз. Жумладан, вирус ҳаётнинг ҳужайрасиз шакллари бўлиб, фақатгина ҳужайра ичида кўпая олиш хусусиятига эга. Вируслар одамлар ва ҳайвонлар ҳужайраларининг ичида кўпаяди ва яшайди. Ҳужайралардаги вирусларнинг кўпайиши натижасида организм аъзолари зарарланади. Табиатда вируслар мунтазам айланиб турганлиги сабабли доимо ўзгариб туради, яъни мутацияга дучор бўлади.
COVID-19нинг асосий манбаи ёввойи ва уй ҳайвонлари ҳамда бемор одам ҳисобланади. Касаллик ҳаво - томчи, ҳаво-чанг ва мулоқат йўли орқали юқади. Коронавирус пандемиясида энг самарали ва бирламчи ҳимоя бу тиббий ниқобдир. Шунингдек, юқумли касалликларга қарши кураш ва уни тарқалишини олдини олишнинг энг смарали усули бу - иммунизация, хавфсиз эмлаш тадбирлари ҳисобланади. Шу сабаб коронавирус инфекциясидан сақланиш учун унга қарши эмлашни тавсия этамиз.
Вирус ҳавода айланиб юрмайди, балки одамдан одамга юқади. Вируснинг узоқ масофадан юқиш эҳтимоли жуда паст. Вирус одам йўталганда ёки аксирганда юзага келадиган томчиларда бўлади. Оралиқ масофа-хавфсизлик гарови ҳисобланади. Шунинг учун, агар сиз йўталганда ёки аксирган бемордан 2 м дан ортиқ масофада бўлсангиз, инфекция сизга юқмайди.
Айрим ҳолларда вирус касалланган одамнинг нафас йўлларидан чиққан ажратмалар теккан буюмлар (қўлқоп, рўмолча, телефон, эшик тутқичлари ва б.) ни ушлашдан сўнг, кўз ва бурун шиллиқ пардалари ва қўлларга юқади. Коронавирус инфекциясини фақат махсус ПЦР (ПЗР) тест тизимлари ёрдамида аниқлаш мумкин.
COVID-19нинг асосий аломатлари: тана ҳароратининг кўтарилиши, қуруқ йўтал, нафас сиқилиши, ҳансираш ва бошқалар.
COVID-19дан ўзини ҳимоялашда энг асосийси ваҳимага берилмаслик муҳим саналади. Ваҳима ва қурқув ҳар қандай касалликнинг асоси ҳисобланади. Чунки қурқув ва ваҳима вақтида инсоннинг иммунитети тушиб кетади. COVID-19 инфекциясини бошқариб бўладиган инфекция деб ҳисоблайман.

Қўйидагиларга амал қилсак COVID-19 инфекциясидан ўзимизни сақлай оламиз.

- аҳоли зич жойларга, зарур бўлмаса қўшни туман ва вилоятларга бормаслик;
- ёпиқ ва одамлар зич жойларда овқатланмаслик ва савдо қилмаслик;
- доимий равишда тиббий ниқобдан фойдаланиш, уйга келганда, овқатланишдан олдин ва сўнг қўлларни совунлаб ювиш;
- касаллик белгилари билиниб турган (йўталган, ҳарорати кўтарилган) ёки нотаниш шахслар билан 15 минутдан ортиқ суҳбатлашмаслик;
- ўзида касаллик белгиларини сезса, дарҳол тиббиёт ходимларига мурожаат қилиш, ўзбошимчалик билан даволанмаслик;
- турли буюм ва нарсаларни ушлаганда қўлларни совунлаб ювмасдан юзларни, кўзларни ва оғизни ушламаслик;
- оралиқ 2 м масофани сақлаш;
- мунтазам жисмоний тарбия билан шуғулланиш;
- мева сабзоватларни истеъмол қилиб туриш;
- шахсий ва жамоат гигиенаси қоидаларига амал қилиш зарур.

COVID-19дан сақланиш учун доимий равишда огоҳ бўлишимиз, ваҳимага тушмаслигимиз, кўтаринки руҳ билан яшашимиз, соғлом турмуш тарзига ва албатта, санитария қоида ва меъёрларига амал қилишимиз лозим. Шунда бизлар, албатта, COVID-19ни ҳаттоки, бошқа юқумли касалликларни ҳам енгамиз.

✍️Тошкентбой Бобомурадов СЭО ва ЖСХБ Чироқчи тумани бўлими эпидемиология ва иммунопрофилактика бўлими бошлиғи.