June 25, 2021

Сайёр қабул: мурожаатларга ижобий ечим топиш механизми

Мамлакатимизда инсон манфаатлари олий қадрият даражасига кўтарилди. Бугун барча давлат идоралари фаолиятида аҳолининг мурожаатлари билан ишлаш бўйича сифат жиҳатидан мутлақо янги тизим яратилди. Жойларда ўтаётган сайёр қабуллар халқнинг дардини эшитиш, уларнинг муаммоларини ҳал этишда, шак-шубҳасиз, кутилган натижаларни бермоқда.

Зеро, Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, халқ давлат органларига эмас, балки давлат органлари халқимизга хизмат қилиши керак.

Шу маънода, Чироқчи туман ҳокими Хуррам Жураев туман марказидан олисдаги чекка қишлоқда фуқаролар билан навбатдаги сайёр қабулини ўтказди. Куни кеча туман ҳокими Х.Жураев бошчилигида "Маҳалла" фонди мутасаддилари туман марказидан олис 1-сектор ҳудуди "Айритом" маҳалласида сайёр қабул ўтказди.

Қабулда Чироқчи тумани ҳокими Хуррам Жураев, Маҳалла хайрия жамоат фонди мутасаддилари, вилоят Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси бошлиғи ўринбосари Қ.Сариков, маҳалла фуқаролар йиғини раислари, оқсақоллари ҳамда боқувчиси йўқ эҳтиёжманд "Аёллар дафтари" рўйхатида турувчи фуқаролар иштирок этишди.

Сайёр қабулда бир марталик ёрдамлар ҳамда уй-жойларни таъмирлаш масалалари бўйича 15 дан зиёд мурожаат келиб тушди. Шунингдек, 15 нафар эҳтиёжман фуқароларга эса моддий ёрдам олиш тўғрисидаги сертификатлар ҳам топширилди.

— Бугунги сайёр қабулда уй-жойимни таъмирлаш учун ёрдам сўрадим, – дейди "Эскианҳор" маҳалласида яшовчи Барнохон Бозорова. – Туман ҳокимимиз уй-жойимни таъмирлаш учун 40 дона шифер олиб беришини маълум қилди. Мурожаатим ўрнатилган тартибда назоратга олинди.

"Маҳалла" фонди жорий йилда аҳолини ижтимоий ҳимоя қилишга алоҳида эътибор қаратмоқда. Шу йилнинг охиригача чироқчилик ногиронлиги бор шахслар ва эҳтиёжманд аҳоли қатламига хайрия ёрдамлари кўрсатилади, -дейди "Маҳалла" хайрия фонди Чироқчи туман бўлими раиси Шоназар Жовлиев.

Сайёр қабул якунлангач, "Маҳалла" фонди мутасаддилари "Айритом" маҳалласида истиқомат қилаётган 5 нафар ижтимоий ҳимояга муҳтож, имконияти чекланган фуқароларнинг ҳолидан хабар олиб, уларга бирламчи озиқ-овқат маҳсулотлари жамланмаси ҳамда қимматбаҳо совғаларни топширишди.

Зеро, халқ билан мулоқот, уларнинг дарду ташвиши билан яшаш энг асосий мақсад бўлиб, унинг рўёби юртимиз равнақига, унинг янада гуллаб-яшнашига, фуқароларнинг тинч, осуда, фаровон ҳаёт кечиришларини таъминлашга хизмат қилиб келмоқда.