December 11, 2021

Диққат: чақнаш ис гази ва Ёнғинларда эҳтиёт бўлинг!

Чироқчи туманида ёнғин ва ис газидан заҳарланишни олдини олишга қаратилган мавсумий тадбирлар бўлиб ўтмоқда.

Аҳолини турли нохуш ҳолатлар, жумладан, ёнғинлар ва ис газидан заҳарланишдан асрашда аввало жойларда ўтказиладиган тарғибот тадбирлари, Оммавий ахборот воситаларидаги чиқишлар ҳамда катта йўл ёқаларига огоҳлантирувчи баннерлар ўрнатилиши муҳим аҳамият касб этади.

– Чироқчи туманида махсус комиссия тузилган бўлиб, унинг таркибида секторлар кесимида 4 та ишчи гуруҳ ташкил этилган, – дейди туман Фавқулодда вазиятлар бўлими бошлиғи подполковник Анвар Муминов. – Ҳозирги кунда Ишчи гуруҳ вакиллари томонидан маҳаллаларда махсус рейд тадбирлари ўтказилмоқда.

Хусусан, Ишчи гуруҳ вакиллари томонидан бугун туманнинг "Янгиобод" маҳалласидаги хизмат кўрсатиш шаҳобчалари, кўп қаватли аҳоли турар жой мажмуалари ҳамда якка тартибдаги аҳоли хонадонларида “Куз-қиш мавсумида табиий газдан фойдаланишда хавфсизлик қоидалари ва қўлбола ясалган иситиш мосламаларининг салбий оқибатлари” мавзусида турли тарғибот тадбирлари ўтказилди.

Тадбир давомида ишчи гуруҳ мутахассислари томонидан аҳолига ёнғин хавфсизлиги қоидалари, олов билан боғлиқ кўнгилсиз ҳодисаларнинг олдини олиш ва қўлбола иситиш печларидан фойдаланмаслик юзасидан тушунтиришлар берилди. Турли тарқатма материаллар тарқатилди.

Тадбирда мутасадди ташкилотлар томонидан ёнғинлар, газ ва ҳаво аралашмасининг чақнаши, фуқароларнинг ис газидан заҳарланиши ва бошқа нохуш ҳолатларнинг олдини олиш борасида олиб борилаётган профилактик тадбирлар бўйича маълумот берилмоқда.