“Гулхан атрофидаги ёшлар” лойиҳаси ТОШЛИДА...
Давлат раҳбарининг 2022 йил 28-январь куни мактаб таълими ривожлантиришга бағишланган йиғилишда берган топшириқлари ижросини таъминлаш, ёшлар маънавиятини юксалтириш ва уларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказиш мақсадида Чироқчида "Гулхан атрофидаги ёшлар" лойиҳаси ташкил этилмоқда.
Чироқчи тумани ҳокими Хуррам Жураев ташаббуси билан туман марказидан 100 км олис "Тошли" маҳалласидаги 174-сонли умумтаълим мактабида гулхан атрофида маҳалла ёшлари ва уларнинг ота-оналари ҳамда маҳаллий аҳоли вакиллари ва туманнинг бошқа ҳудудларидан тадбирга келган ўқитувчилар иштирок этишди.
Гулхан атрофида ўтказилган кечасида сўз олганлар мактабларда таълим сифатини ошириш, ўқувчиларининг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, мактабларда мушоира кечаларни ўтказиш, спорт ва санъат ҳамда ижодий тўгаракларини фаоллаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратишди.
Шундан сўнг мактаб ҳовлисидаги катта гулханга ўт ёқилиб, ёшлар фестивалининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди. Кечада сўз олган Чироқчи тумани ҳокими ўринбосари Абдураззоқ Кенгбоев юртимизда маданиятимиз ва адабиётимизни ривожлантириш, шу орқали ёш авлодни она Ватанига садоқат, миллий қадриятларимизга ҳурмат руҳида тарбиялашга қаратилаётган эътибор хусусида алоҳида тўхталди.
Гулхан атрофида ўтказилган кечада ҳарбийлар иштирокида жанговор чиқишлар маҳалланинг ёшлари қалбида ватанпарварлик туйғуларини жуш ўрдирди, десак янглишмаган бўламиз.
Гулхан атрофида ўтказилган ёшлар фестивалида қишлоқ ёшлари ўзбек ва жаҳон адабиётининг таниқли адиблари ижодидан намуналар ўқиб беришди.
Тошли маҳалласи ёшлари гулхан атрофида жам бўлиб, ярим тунгача куй-қўшиқлар, шеърлар ижро этдилар.
Ёшлар томонидан саҳналаштирилган кўнгилочар чиқишлар эса барчага хуш кайфият улашди.
Тадбирда қадимий анъаналаримиз, сумалак сайли, урф одатларимиз, миллий халқ уйинлари ёшлар ижросида намойиш этилди.
Тадбир якунида ёшларга китоблар совға қилди.
Ушбу лойиҳада ёшларнинг яширин истеъдодларини юзага чиқариш, уларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказиш орқали ҳақиқий истеъдодлар ҳар бир маҳаллада мавжуд эканлигини, фақат уларни юзага чиқариш кераклигини исбот қилиб беришди.
Лойиҳа доирасидаги бундай тадбирлар ҳар бир маҳаллада ташкил этилиши ёшларнинг келгусида янада жипслашишига, ҳалол рақобат муҳитини шакллантиришга, мусиқа, санъат, спортга қизиқишларини оширишга замин яратади.