March 1, 2022

Чироқчида — маҳаллаларда иш бошлаган ёшлар етакчиларига планшет топширилди

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 19 январдаги “Маҳаллаларда ёшлар билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида юртимизнинг барча ҳудудларида ёшлар билан ишлашнинг янгича мехнизми жорий қилинди.

Ушбу тизим асосида белгиланган ишларни самарали ташкил этиш учун ёшлар етакчилари зарур техник воситалар билан ҳам таъминланмоқда.

Бугун Чироқчи туман ҳокимлиги катта мажлислар залида Ёшлар ишлари агентлигининг тумандаги мавжуд 96 та маҳаллаларда иш бошлаган етакчиларига планшетлар совға қилинди.

Туман ҳокими Х. Жўраев ва сектор раҳбарлари — туман прокурори Б. Худойқулов, ИИБ бошлиғи А. Бешимқулов ва туман Давлат солиқ инспекцияси бошлиғи Б. Усмонов ҳамда туман ДХХ вакили У. Досимбетовлар ёшларга замонавий планшетларни топшириб, уларнинг зиммасига катта масъулият юклатилганлигини таъкидлашди.

“Сизлар Президентимизнинг маҳаллаларимиздаги вакили сифатида давлатимиз раҳбари амалга ошираётган ҳар бир ислоҳотни аҳоли хонадонларига кириб боришида муҳим ўрин тутасиз. Сизлар бор куч ва ғайратингизни сафарбар этиб, меҳнат қилсангиз, биз сизни қўллаб-қувватлашга доимо тайёрмиз.”, — деди туман ҳокими Х.Жўраев.