Қишлоқ хўжалиги ходимлари куни муносабати билан байрам ТАБРИГИ
Қишлоқ хўжалиги ходимлари куни муносабати билан Чироқчи тумани ҳокими Хуррам Жураевнинг соҳа ходимларга байрам
ТАБРИГИ
Ассалому алайкум азиз дўстлар!
Қишлоқ хўжалиги соҳасининг жонкуярлари, фахрийлари!
Мамлакатимизда деярли барча соҳа ходимларининг ўз куни, байрами бўлиб келган. Аммо яқин-яқингача сиз, қишлоқ хўжалиги соҳиблари маълум маънода эътибордан четда қолганингиз рост. Мана бугун иккинчи марта Қишлоқ хўжалиги ходимлари кунини нишонлаб турибмиз. Таъбир жоиз бўлса, давлатимиз раҳбари Шавкат Миромонович бу ҳолатни ўз вақтида илғадилар ва декабрь ойининг иккинчи душанбаси мамлакатимизда аграр соҳа ходимларининг кунига айланди.
Аслини олганда жамиятимизнинг энг меҳнаткаш, фидойи инсонлари бу сизсиз. Чунки ҳаммамизни ер боқади, кийинтиради. Шунинг учун ҳам ерга нисбатан “она ер” дея таъриф берилади. Дастурхонимиз тўкинлиги, бозорларимиз гавжумлиги сизнинг шарофатингиз, хизматингиз билан, десам тўғри гапни айтган бўламан.
Туманимиз қишлоқ хўжалиги соҳасида ўз тажрибаси, салоҳиятига эга бўлган ҳудудлардан бири ҳисобланади. Тажрибали фермерларимиз, керак бўлса, устоз мақомига эришган миришкорларимиз бор. Биргина 1-сектор ҳудудидан 700 тоннадан ошиқ пахта хирмони кўтарган Холмурод Бобоқуловдек заҳматкаш, фидойи деҳқон фермерларнинг меҳнати бизга фахр, ифтихор бериши керак. Унга муносиб издошлар, ерни ҳис қиладиган фермер ва томорқачиларимизнинг борлиги бизни қувонтиради, албатта.
Ҳурматли туманимиз фаоллари, байрам иштирокчилари!
Мана, яна бир йилимиз якунланяпти. Қиш фасли ҳам кириб келди. Аммо деҳқон тингани йўқ. Унинг тўрт фаслга мос меҳнати, вазифаси бор.
Азиз дўстлар! Фидойи деҳқонлар, қишлоқ хўжалиги ходимлари!
Президентимиз қишлоқ хўжалиги соҳаси вакиллари билан бўлган учрашувда “Миришкор деҳқон ва фермерлар, сувчи ва ирригаторлар, механизатор ва агрономлар, аграр тармоқ олимлари дунёдаги энг шарафли касб эгаларидир. Бу соҳанинг меҳнати қанчалик шарафли, нони эса, қанчилик тотли ва ширинлигини ҳамма яхши билади. Деҳқон деганда, бепоён далалар, боғлар, дастурхондаги турли ноз-неъматлар, тўю-томоша, хурсандлик кунларимиз, бутун ҳаётимиз кўз олдимизда намоён бўлади” деб таъкидладилар. Бу шубҳасиз, сизнинг меҳнатингизга, мамлакат иқтисодиётида тутган ўрнингизга берилган муносиб баҳо, деб биламан. Ва ўз навбатида, бу эътироф ҳаммамизни янада масъулиятли бўлишга, касбимизни севишга ундайди.
Яна бир бора байрамингиз муборак бўлсин, деймиз! Ҳеч қачон дард кўрманг, кам бўлманг!