Чироқчида — "Вилоят ҳокими соврини" учун фан олимпиадасига старт берилди
Чироқчи туманида умумтаълим мактаблари ўқувчилари ўртасида умумтаълим фанлари кесимида "Вилоят ҳокими соврини" учун фан олимпиадасининг туман босқичи ўтказилмоқда.
Президентимиз раислигида мактаб таълимини ривожлантириш масалалари бўйича ўтказилган видеоселектор йиғилишида берилган топшириқлар ижросини таъминлаш борасида Қашқадарё вилоятида қатор ишлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, вилоят ҳокими М.Азимов ташаббуси билан "Вилоят ҳокими соврини" учун умумтаълим мактаблари ўқувчилари ўртасида умумтаълим фанлари кесимида ўтказилаётган фан олимпиадаси ана шу йўналишдаги ишларга бир мисолдир.
– Мазкур олимпиадани ўтказишдан кўзланган асосий мақсад давлатимиз раҳбари берган топшириқлари ижросини таъминлаш, – дейди Чироқчи тумани ҳокими Х.Жўраев. – Қолаверса, таълим муассасаларида ўтилаётган умумтаълим фанлари ўқувчиларнинг билимини юксалтириш, фанларни ўрганишга бўлган қизиқишини ошириш борасидаги фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантиришдан иборат.
Бугун туман халқ таълими бўлимига қарашли 188-сонли умумтаълим мактабида "Вилоят ҳокими соврини" учун ўтказилаётган фан олимпиадасининг туман босқичида юқори натижаларни қўлган киритган ўқувчи-ёшлар "Вилоят ҳокими соврини" учун бўлиб ўтадиган фан олимпиадаларида ўз билимларини синовдан ўтказишади.
"Вилоят ҳокими соврини" учун ўтказилаётган фан олимпиадаси туман босқичининг тантанали очилиш маросимида иштирок этган Чироқчи тумани ҳокими Х.Жўраев ўқувчи ёшларга юртимизда Президентимиз ташаббуслари билан яратиб берилаётган имкониятлар ҳақида тўхталди ҳамда фан олимпиадаси иштирокчиларига омад тилади.
Шундан сўнг туман раҳбари тест синовлари олиб бориладиган аудиторияларни кўздан кечириб, фан олимпиадаси ошкора ва шаффоф тарзда ўтказилиши хусусида мутасаддиларга тегишли тавсиялар берди.
Дастлаб фан олимпиадасида иштирок этаётган 4994 нафар 9-10-11-синф ўқитувчилари умумтаълим фанлари кесимида 9 гуруҳга бўлинган ҳолда тест синовида иштирок этди. Гуруҳлар бўйича энг юқори балл тўплаган ўқитувчилар иккинчи босқичда қатнашиб, ғолиблик учун ўзаро баҳс олиб борди.
"Вилоят ҳокими соврини" учун ўтказилаётган фан олимпиадасининг туман босқичи якуний натижаларига кўра, умумтаълим фанлари ва синфлар кесимида ғолиб бўлган ўқувчилар диплом ва эсдалик совға билан тақдирланди. Шунингдек, билимдон ўқувчилар "Вилоят ҳокими соврини" учун Қарши шаҳрида бўлиб ўтадиган фан олимпиадасининг вилоят босқичида иштирок этишади.