January 21, 2022

Чироқчи: Қашқадарё вилояти ҳокими Чироқчида...

Бугун вилоят ҳокими Муротжон Азимов Чироқчи туманининг Умакай маҳалласида "Обод қишлоқ" дастури доирасида амалга оширилаётган қурилиш-бунёдкорлик ишларига старт берди. Дастлаб, вилоят ҳокими бошчилигида вилоят ва туман фаоллари "Шўрқудуқ" маҳалласидаги "Шоввоз ота" зиёратгоҳида жам бўлишиб, шарқона янги йилни қут-баракали, серёғин-серҳосил бўлишини тилаб, Хатми-Қуръон келтириб, дуога қўл очдилар. Шундан сўнг жонлиқ сўйилиб, элга ош тарқатилди.

Вилоят ҳокими М.Азимов бошчилигида вилоят ва туман фаоллари "Умакай" маҳалласи кенгликларида маҳаллада бошланажак қурилиш-ободонлаштириш ва бунёдкорлик ишларига сафарбар этилган ишчи-ходимлар ҳамда техникалар саф кўригини кўздан кечирди ва қилиниши лозим бўлган режалар билан танишди ҳамда олдинда турган ободонлаштириш ишларида уларга тугалмас куч-ғайрат тилади.

Шундан сўнг, вилоят раҳбари кундан-кун чирой очиб бораётган "Умакай" маҳалласида вилоят масъуллари, туман ҳокими Хуррам Жураев бошчилигидаги сектор ва тумандаги мутасадди ташкилот раҳбарлари ҳамда маҳаллий аҳоли вакиллари билан учрашди. Вилоятимизда барча соҳа ва тармоқларда олиб борилаётган туб ислоҳотлардан кўзланган бош мақсад халқимизнинг ҳаётий талаб ҳамда эҳтиёжларини таъминлаш, одамларимизни рози қилишдан иборатдир, - дейди вилоят ҳокими М.Азимов кенг аҳоли вакиллари билан бўлган учрашувда.

Бу эзгу ният йўлида амалга оширилаётган салмоқли ишлар кўлами кундан-кунга янада ортиб, янги маъно ва мазмун билан бойиб бормоқда. Хусусан Чироқчи тумани марказидан, олис ҳамда чекка ҳудудларда яшаётган минглаб тумандошларимиз ҳаётида чин маънода янги саҳифа очишга қаратилгани билан аҳамиятлидир.


Айни пайтда туманнинг 1-сектор ҳудудидаги "Умакай" маҳалла фуқаролар йиғинларда уй-жойларни, ҳудудларни тартибга келтириш ва қишлоқларни бугунги шиддатли ислоҳотларнинг қатъий талаблари асосида изчил ривожлантириб бориш, аҳолининг муҳим ҳаётий талаб ҳамда эҳтиёжларини таъминлаш, ижтимоий-иқтисодий соҳаларда тўпланиб қолган муаммолар ҳал қилинмоқда.


Умакайда бугун уй-жойларни тартибга келтириш, ички ҳамда ташқи қиёфасини ўзгартириш, атрофини девор билан ўраш, оқлаш ва бўёқлаш, йўлларга тош-шағал ётқизиш, аҳоли хонадонлари, йўллар атрофи, боғу хиёбонларга мевали ҳамда манзарали дарахтлар ўтқазиш ва кўкаламзорлаштириш, янги симёғочлар, трансформаторлар ўрнатиш, электр узатиш тармоқлари тортиш, аҳолининг суюлтирилган газ таъминотига бўлган талабини қондириш каби тадбирлар амалга оширилмоқда.

Умакай маҳалласига борсангиз, ўзингизни улкан қурилиш майдонига тушиб қолгандек ҳис этасиз. Бунёдкорлик ишлари бамисоли умумхалқ ҳашарига айланган. Қудратли техникалар овози куну тун тинмаяпти, нурчию сувчи, қурувчию лойиҳачи, йўлсозу газчи — ҳамма-ҳамма қўли қўлига тегмай белгиланган вазифаларни ўз муддатида якунлаш учун меҳнат қилмоқда. Кўкаламзорлаштириш ва ободонлаштириш ишларига бош бўлган вилоят ҳокими М.Азимов ҳам яхши ниятлар билан дарахт кўчатини ерга қадади.

Дарҳақиқат, бугун қишлоқда одамларнинг ҳайратланишига арзийдиган тарихий ишлар бўлаяпти. Унинг қамрови ҳамда суръатини кўрган киши яқин кунларда "Умакай" маҳалласининг кечаги қиёфасидан асар ҳам қолмаслигига тўла амин бўлади. Вилоят ҳокими М.Азимов маҳалла бўйлаб ободонлаштириш ишлари билан танишар экан маҳаллий аҳолига янада қулайлик яратиш мақсадида маҳалла ҳудудидаги мўжазгина бозорни қайта қуриш ҳақида туман ҳокими Х.Жураев бошчилигидаги мутасаддиларга тавсия ва кўрсатмалар берди.

Бу давлатимиз раҳбарининг “Халқимиз ўз ҳаётида ижобий ўзгаришларни эртага эмас, узоқ келажакда эмас, айнан бугун кўриши керак”, деган сўзларининг реал ҳаётдаги амалий ифодаси, сўз билан иш бирлигининг ёрқин намунасидир.