June 7, 2022

РАСМИЙ МУНОСАБАТ

Ижтимоий тармоқларда Чироқчи туманида яшовчи фуқаро Мухтарам Зокированинг видеомурожаати эълон қилинди. М.Зокирова томонидан видеомурожаатда кўтарилган муаммолар юзасидан қўйидагиларни маълум қиламиз.

Жорий йилнинг феврали бошида Чироқчи туман ҳокимлиги масъул вакиллари ва туман ИИБ бошлиғи 3-сектор раҳбари Актамали Бешимқулов ҳамда тегишли мутасадди раҳбарлар фуқаро М.Зокирова яшаган Чироқчи тумани "Чироқчи" маҳалласидаги кичик саноат зонасида тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўяётган тадбиркор Тўра Қурбоновга қарашли нотурар бинога боришади ва М.Зокировани қийнаётган муаммоларини тинглашган эди.

Аниқланишича, 1984 йил 1 декабрь куни Самарқанд вилоятининг Нуробод туманида туғилган М.Зокирова 2006 йилда Чироқчи тумани "Обод" маҳалласида яшовчи Мирза Шодиевга турмушга чиқади. М.Шохўжаев билан қурган турмуши давомида М.Зокирова 2007 йилда ва 2011 йилда 2 нафар ўғил фарзанд кўради.

2014 йилда оилавий келишмовчиликлар сабаб Самарқанд вилоятининг Нуробод туманига турмуш ўртоғи билан ота уйига кетиб қолади. Шундан сўнг, ота уйида бир муддат турмуш ўртоғи билан бирга яшайди ва турмуш ўртоғи М.Шохўжаев қайинукалари билан Россия давлатига ишга кетади. Қайинука, қайиноталари билан келишаолмаган М.Шохўжаевни турмуш ўртоғи М.Зокирова отасининг уйидан ҳайдаб юборади.

Ўртадаги келишмовчиликлар бир унутилиб, эр-хотин бирга бир муддат яна Чироқчи тумани "Обод" маҳалласидаги эрининг уйида яшайди. Яна оилавий келишмовчиликлар сабаб М.Зокирова ота уйига қайтиб кетади. 2015 йилнинг декабрь ойларида М.Зокирова ва М.Шохўжаевлар ўртасидаги никоҳ ажрим билан якунланади. Бугунги кунда М.Зокированинг собиқ турмуш ўртоғи М.Шохўжаев ўз оиласи билан тинч-осуда яшаб келмоқда. Бироқ М.Зокирова ҳалигача биринчи турмуш ўртоғи М.Шохўжаевнинг яшайдиган уйида доимий рўйҳатда туради.

2017 йилда М.Зокирова Фарғона вилоятида яшовчи Мирзоҳид Ботиров исмли фуқарога турмушга чиқади. Ундан 2018 йилда бир нафар ўғил фарзанд кўради. (М.Зокированинг турмуш ўртоғи М.Ботиров 2018 йилдан буён узоқ муддатга жазони ижро этиш муассасасида.) М.Зокирова ва М.Ботировлар даставвал Фарғона вилоятида яшашади. Шу йилнинг ўзида яъни, 2018 йилда тадбиркор Т.Қурбоновнинг қўл остига ишчи сифатида ишга киради ва айни вақтда яшаб келаётган Чироқчи тумани "Чироқчи" маҳалласидаги кичик саноат зонасидаги тадбиркорга қарашли нотурар бинода яшаб ва миллий ширинликлар ишлаб чиқариб, бозорга чиқармоқда.

Ўтган олти йил давомида тадбиркор Т.Қурбонов ўзига тегишли бинода М.Зокирова фарзандлари билан яшаб келаётганлиги ҳамда қандолат маҳсулотлари ишлаб чиқаришда Хитой давлатида ишлаб чиқарилган нон пишириш духовкаси ва миксерлардан фойдаланаётганлиги учун бирор маротаба ижара ҳаққи олмаганлигини тадбиркор Т.Қурбоновнинг Даврон исмли ўғли таъкидлаган бўлса, М.Зокирова эса туман ИИБ бошлиғи А.Бешимқулов билан бўлган суҳбатида яшаб турган уй-жойини сотиб турмуш ўртоғи билан қандолат маҳсулотлари ишлаб чиқаришда керак бўладиган Хитой давлатида ишлаб чиқарилган нон пишириш духовкаси ва миксерларини сотиб олганлигини айтиб ўтди.

Ўтган йиллар давомида М.Зокировани Самарқанд вилояти Нуробод туманида яшовчи ота онаси ва ака-укалари уни доимий равишда иқтисодий жиҳатдан қўллаб-қувватлаб келган ва ташлаб қўймаган. Тадбиркорнинг айтишича, М.Зокированинг Самарқанд вилояти Нуробод туманида ўзига тегишли уй-жойи мавжуд ва у Самарқанд вилоятига қайтишни истамайди.

Бугунги кунда М.Зокированинг фарзандлари 2007 йилда туғилган Ўткиров Абдулазим 8-синфда, 2011 йилда туғилган Ўткиров Иброхим 4-синфда туман марказидаги 4-сонли умумтаълим мактаби ўқувчиси, кичик фарзанди 2018 йилда туғилган Йигиталиев Мухаммадамин 15-сонли мактабгача таълим ташкилотида таълим тарбия олмоқда.

Ҳақиқатда фуқаро М.Зокированинг уй-жойга бўлган эҳтиёжи мавжуд. Туман масъул раҳбарлари томонидан олиб борилган ўрганишлар давомида фуқаро М.Зокировага уй-жой қуриш учун ер ажратиш тартиби тўғрисида батафсил маълумотлар берилди. Хусусан, Президент Шавкат Мирзиёев томонидан имзоланган "Ер муносабатларида тенглик ва шаффофликни таъминлаш, ерга бўлган ҳуқуқларни ишончли ҳимоя қилиш ва уларни бозор активига айлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармонига кўра, 2021 йилнинг 1 августдан ҳокимликларнинг ер ажратиш тўғрисидаги ваколатлари бекор қилинганлиги тушунтирилди ҳамда уй-жой қуриш ва тадбиркорлик фаолиятини бошлаши учун ер ажратиш тартиби “E-auksion” электрон савдо платформаси орқали амалга оширилиши ва бу жараёнда инсон омили иштирок этмаслиги тушунтирилди.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг "Оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган хотин-қизларга, ногиронлиги бўлган, кам таъминланган, фарзандларини тўлиқсиз оилада тарбиялаётган ва уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож оилаларга арзон уй-жойлар бериш тартиби тўғрисидаги" Низомни тасдиқлаш ҳақидаги қарорига кўра, туманда қуриладиган кўп қаватли уй-жойлардан бирини субсидия асосида олиш тартиби ҳақида ҳам М.Зокировага батафсил маълумотлар берилди.

Афсуски, фуқаро М.Зокирова туман мутасаддилари томонидан берилган ҳуқуқий маслаҳатларни тушунишни истамади ҳамда берилган таклифларни рад этиб, кўп қаватли уй-жойларда туришни истамаслигини билдирди. Фақат унга туман марказидан ёки яшаб турган манзили атрофидан ер участкаси ажратиб беришларини талаб қилиб келмоқда.

Чироқчи тумани 3-сектор раҳбари ва фуқаро М.Зокирова ўртасида бўлган суҳбат давомида унинг вояга етмаган 3 нафар фарзандлари учун ёшга доир нафақа пуллари тайинланиши белгиланди. Шунингдек, М.Зокирова "Аёллар дафтари"нинг уй-жойга муҳтожлик тоифаси руйхатига олинган.

Бундан ташқари, фуқарога ижара асосида бошқа уй-жой топиш ва у ерда фарзандлари билан бирга яшаши ҳамда қандолат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ишини давом эттириши учун имконият яратиб берилиши таклиф қилинганида ҳам фуқаро буни рад этди. Фуқарога сектор раҳбари томонидан тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш мақсадида имтиёзли кредит олишда амалий ёрдам берилишини маълум қилганида ҳам М.Зокирова буни рад этди.

М.Зокирова видеомурожатида бормаган давлат ташкилоти қолмаганлигини лекин ҳеч қаерда иши битмаганлигини таъкидлаган. Афсуски фуқаронинг бу сўзлари туман масъуллари билан бўлган учрашувда ўз исботини топмади. Хусусан, шу вақтгача бирор маротаба 3-сектор ҳудудидаги маҳаллада яшаб, ўз муммолари билан сектор раҳбари қабулида бўлмаган ҳатто, сектор штаби биносию сектор раҳбарини ҳам танимаслигини билдирди. Шу вақтгача туман ҳокими ва сектор раҳбарлари томонидан ўтказилаётган сайёр қабулларда М.Зокирова бирор маротаба ўз муммолари билан иштирок этмаган.

Хулоса ўрнида фуқаро М.Зокирова томонидан видеомурожаатда кўтарилган важлар туман маъул раҳбарлари томонидан тагишли тартибда ўрганилди. М.Зокировага уй-жой ва тадбиркорлик фаолиятини давом эттириши учун ер олиш тартиби ҳамда ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар учун ажратиладиган кўп қаватли тураржойлардан бирини субсидия асосида олиш тартиби батафсил тушунтирилди. Афсуски М.Зокирова ўз билганидан қолмай такрорий марожаатлар билан ижтимоий тармоқлар орқали жамоатчилик фикрини чалғитишга ҳаракат қилмоқда. Ҳатто, у муммоларига ечим излаб давлат идораларига борган фуқаролар ишончига кириб уларни ижтимоий тармоқлар орқали мурожаатларини эълон қилиб беришини айтиб уларни фикрини ўзгартиришга ҳаракат қилмоқда.