February 10, 2022

ОДИЛ СУДЛОВ СОҲАСИДАГИ ИСЛОҲОТЛАР САМАРАСИ

Суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш ҳуқуқий демократик давлат ва кучли фуқаролик жамиятини қуришдаги муҳим шартлардан биридир.
Шу муносабат билан мамлакатимизда суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини, фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларининг ишончли ҳимоясини таъминлаш, шунингдек одил судловга эришиш даражасини ошириш суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш соҳасида давлат сиёсатининг асосий устувор йўналишлари этиб белгиланган.
Ўтган қисқа даврда судларнинг ҳақиқий мустақиллигини таъминлаш, суд-ҳуқуқ тизимини тубдан такомиллаштириш бўйича комплекс чора-тадбирлар амалга оширилди.
Аввало, Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси асосида амалга оширилган ислоҳотлар, суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш борасидаги роли ва аҳамиятини оширишга замин яратди.
Сўнгги 5 йил давомида бу йўналишдаги устувор масалалар юзасидан 50 дан ортиқ қонун, фармон ва қарорлар қабул қилинди. Суд тизимига оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ислоҳотларга мос равишда янгиланди, жумладан 3 та кодекс янгидан қабул қилинди, қолганларига жиддий ўзгартиришлар киритилди, янги “Судлар тўғрисида”ги Қонун, “Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши тўғрисида”ги ва “Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида”ги қонунлар қабул қилинди. Улар асосида суд тизими тубдан такомиллаштирилди.

Суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш борасидаги ислоҳотлар

Судьялик лавозимларига номзодларни саралаш ва тайинлашнинг янги тартиб-таомиллари жорий этилиб, судлар мустақиллиги ва фақат қонунга бўйсунишини таъминлашда судья лавозимида бўлишнинг илк маротаба беш йиллик, кейин ўн йиллик муддатини ва сўнг муддатсиз даврининг белгиланиши муҳим аҳамият касб этди. Чунки судья лавозимида бўлишнинг ушбу тартиби судьядан зиммасига юклатилган вазифани намунали ва виждонан бажаришни талаб этиши билан бир қаторда лавозимига кейинги муддатга қайта сайланиши ёки тайинланиши, ўз вазифаларини намунали адо этгач, кейинчалик ўн йилга ва ҳатто муддатсиз даврга сайланиши ёки тайинланиши учун рағбатлантирувчи қоида ҳам бўлиб хизмат қилмоқда.
Судья лавозимида бўлишнинг энг юқори ёшини, яъни туман ва вилоят судлари судья лавозимларини 65 ёшгача, Конституциявий ва Олий суд судьялари лавозимларини – 70 ёшгача белгилаш судьяларнинг мустақиллигини кафолатлаш билан бирга мамлакатимизда профессионал судьялар корпусини шакллантиришга, суд тизимини етук, юқори малакали, одил судлов соҳасида катта тажрибага эга бўлган, мустақил фикрлайдиган, ҳалол ва бенуқсон обрў-эътиборли судьялар билан тўлдиришга, уларнинг бой тажрибаларидан кенг фойдаланишга ҳамда барқарор судьялар корпусининг яратилишига замин яратди. Қолаверса, суд ҳокимиятининг бошқа ҳокимият органлари таъсиридан ҳоли бўлишига хизмат қилмоқда.
Суд ҳокимияти мустақиллиги асосларини мустаҳкамловчи алоҳида аҳамиятли томони ижро органларининг судлар фаолиятини моддий-техника жиҳатидан ва молиявий таъминлаш бўйича вазифа ва ваколатлари Олий судга ўтказилиб, суд ҳокимиятининг мустақиллиги принципига риоя қилиш, судларни моддий-техника жиҳатидан ва молиявий таъминлаш масалаларини мустақил ҳал этиш мақсадида Олий суд ҳузурида Судлар фаолиятини таъминлаш департаменти ташкил этилди.
Судларни молиялаштириш тизими халқаро стандартларга мувофиқлаштирилди, яъни Ўзбекистон Республикаси Президентининг
2021 йил 13 январдаги ПФ–6134-сонли Фармонига мувофиқ судья ва суд органлари ходимларининг иш ҳақлари ҳамда қўшимча тўловлари тўлиқлигича Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан молиялаштирилмоқда. Шунингдек, судьяларнинг ижтимоий ҳимояси кучайтирилди. Бу ҳам, албатта, суднинг мустақиллигини таъминловчи муҳим кафолат бўлиб хизмат қилди.
Суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлашга қаратилган навбатдаги муҳим тадбирлардан бири – судьяларни танлаш ва лавозимларга тайинлашда очиқ, ошкора ва муқобил танлов тизимини яратиш имкониятларини кенгайтириш мақсадида судьялар ҳамжамиятининг органи сифатида суд ҳокимияти мустақиллигининг конституциявий принципига риоя этилишини таъминлашга кўмаклашадиган Судьялар олий кенгаши ташкил этилганидир.
Кенгаш таркибининг камида ярмини судьялар ҳисобидан шакллантириш, унинг таркибига фуқаролик жамияти институтлари вакиллари ва ҳуқуқ соҳасидаги юқори малакали мутахассисларини киритиш тартиби белгиланиб, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар унинг таркибидан чиқарилди.
Судьяларни интизомий жавобгарликка тортиш механизми такомиллаштирилди, шу жумладан, унинг асослари аниқлаштирилиб, суд раисларининг судьяларга нисбатан интизомий иш қўзғатишга оид ваколати тугатилди.
Судьялик лавозимларига номзодларни тайёрлаш, судьялар ва судлар аппарати ходимларини қайта тайёрлаш, уларнинг малакасини ошириш тизими янада такомиллаштирилиб, Судьялар олий мактаби ташкил этилди.
Судьяларнинг чинакам мустақиллигини таъминлаш ҳамда суд тизимида коррупциянинг олдини олиш самарадорлигини ошириш бўйича ислоҳотларни изчил давом эттириш айниқса муҳимдир. Шу боис Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Судьяларнинг чинакам мустақиллигини таъминлаш ҳамда суд тизимида коррупциянинг олдини олиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2020 йил
7 декабрдаги ПФ–6127-сонли Фармонига мувофиқ судьянинг одил судлов билан боғлиқ фаолиятига ҳар қандай аралашувнинг олдини олиш мақсадида:
судьяларнинг дахлсизлигини бузганлик ва одил судловни амалга ошириш борасидаги фаолиятига аралашганлик ҳолатлари юзасидан Кенгаш раиси томонидан прокуратура органларига тақдимнома киритиш;
судьяларни ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга гувоҳ ёки гумон қилинувчи сифатида сўроқ қилиш учун чақиришга тегишли малака ҳайъатлари розилиги билан йўл қўйиш тартиби ўрнатилди;
суд ҳокимияти мустақиллигини ва судьялар дахлсизлигини таъминлаш, одил судловни амалга оширишга тўсқинлик қилаётган омиллар юзасидан Кенгаш раиси томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентига йил якуни бўйича ахборот тақдим этиб борилади.


✍️Алибек Қодиров, Чироқчи туман иқтисодий суди раиси.