Судлар тузилмаси замон талабларига мос равишда такомиллаштирилди
Жумладан, ягона суд амалиётини йўлга қўйиш мақсадида Олий суд ва Олий хўжалик суди фуқаролик, жиноий, маъмурий ва иқтисодий суд иш юритуви соҳасида суд ҳокимиятининг ягона олий органи – Ўзбекистон Республикаси Олий судига бирлаштирилди.
Вилоят ва унга тенглаштирилган фуқаролик ишлари бўйича, жиноят ишлари бўйича судлар ва иқтисодий судлар негизида судьяларнинг қатъий ихтисослашувини сақлаб қолган ҳолда вилоят даржасидаги умумюрисдикция судлари ташкил этилди. Таъкидлаш лозимки, суд тизимида ягона умумюрисдикция судларининг ташкил этилганлиги суд ҳимоясини таъминлашдаги ортиқча бюрократик тўсиқларни бартараф этишга, суд органларининг амалдаги тузилишини замон талаблари ва халқаро стандартларга мувофиқлаштиришга хизмат қилди.
Давлат органлари қарорлари ва улар мансабдор шахсларининг ғайриқонуний ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан фуқароларнинг судга шикоят қилиш ҳуқуқи кафолатини амалга оширишни таъминлашга хизмат қиладиган маъмурий судлар ташкил этилиб, кейинчалик унинг тизими мақбуллаштирилди. Янги ташкил этилган маъмурий ва туманлараро, туман (шаҳар) иқтисодий судлар жойлашуви узоқ ҳудудларда истиқомат қиладиган фуқароларнинг, шу жумладан тадбиркорларнинг суд ҳимоясига эришиш даражасини оширди.
Мамлакатимиз иқтисодиётида инвестициянинг ўрни муҳим аҳамиятга эга. Сўнгги йилларда иқтисодиётимизга киритилаётган инвестициялар ҳажми тобора ошаётгани диққатга лойиқ. Бу эса, ўз навбатида, инвесторлар ҳуқуқларини суд орқали ҳимоя қилишнинг самарали тизими яратилишини тақозо этди.
Шу муносабат билан инвесторлар ҳамда давлат органлари ўртасидаги низолар ва рақобатга оид ишларнинг судловга тааллуқлилигига оид янги тартиб белгиланди.
Жумладан, йирик инвесторларга тааллуқли тоифадаги низолар ва рақобатга оид ишлар, тарафларнинг хоҳишига кўра, Олий суднинг инвестициявий низоларни ҳамда рақобатга оид ишларни кўриш бўйича судлов таркиби томонидан кўрилади. Яъни, ушбу низолар биринчи инстанцияда тўғридан-тўғри Олий суд томонидан кўрилиши мумкин.
Бошқа инвесторлар иштирокидаги инвестициявий низолар, уларнинг хоҳишларини инобатга олган ҳолда, вилоят даражасидаги судлар томонидан биринчи инстанция суди сифатида кўрилиши мумкин.
Инсон ҳуқуқлари ҳимоясини кучайтиришга қаратилган муҳим институционал ислоҳотлар амалга оширилди
«Хабеас корпус» институтини қўллаш соҳасини кенгайтириш, жиноий жазоларни либераллаштириш, суд-тергов фаолиятида фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини кафолатлашни янада кучайтириш бўйича комплекс чора-тадбирлар амалга оширилди.
Жумладан, жиноят ишини қўшимча терговга қайтариш институти бекор қилинди, қамоқ тарзидаги жиноий жазо тури тугатилиб, унинг ўрнига озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазонинг муқобил турларини қўллаш имконияти кенгайтирилди ва далилларга баҳо бериш институти тубдан такомиллаштирилди. Бу, ўз навбатида, иш бўйича барча ҳолатлар суд томонидан ҳар томонлама текширилиб, далилларга холисона баҳо берилишига, натижада оқлов ҳукмлари кўпайишига асос яратди.
Яна бир муҳим ислоҳот, бу инсон ҳуқуқларинининг ишончли ҳимоясини таъминлаш мақсадида суд қарорларини қайта кўриш институти такомиллаштирилганидир. Эътибор беринг, 2017 йилга қадар 7 суд инстанциясида суд қарорлари қайта кўриб чиқилган бўлса, кейинги уч йилда эса бу инстанциялар сони 3 тага қисқартирилди.
Суд инстанцияларининг қисқартирилиши нима дегани, бу албатта, бузилган ҳуқуқнинг тезроқ муддатда самарали тикланишини англатади.
Халқаро стандартларга мос равишда уч босқичли суд тизими яратилди:
биринчи инстанция (туман (шаҳар) судлари, айрим тоифадаги мураккаб ишлар бўйича – вилоят судлари);
апелляция инстанцияси (вилоят даражасидаги судлар) ва
кассация инстанцияси (Олий суд)дан иборат бўлган “Бир суд – бир инстанция” тамойили жорий қилинди.
Халқаро ташкилотлар ва экспертларнинг эътирозига сабаб бўлаётган назорат инстанцияси тўлиқ бекор қилинди.
“Бир суд – бир инстанция” тамойилининг жорий этилиши натижасида фуқароларнинг одил судловга эришиш даражаси ошишига хизмат қилди.
Суд процессида тортишувлик принципини ҳамда тарафларнинг тенглигини таъминлаш мақсадида судланувчи, жабрланувчи ва уларнинг вакиллари томонидан кассация тартибида берилган шикоятнинг мақоми прокурорнинг протести билан тенглаштирилди.
Хусусан, жиноят процессида аввал янги очилган ҳолатлар туфайли иш юритишни қайтадан бошлаш фақат прокурорнинг ташаббусига кўра амалга оширилган бўлса, энди бундай ҳуқуқ жиноят процессининг бошқа иштирокчилари, яъни маҳкум, оқланган шахс, уларнинг ҳимоячилари ва қонуний вакиллари, жабрланувчи ва унинг вакилига ҳам берилди, улар судга янги очилган ҳолатлар туфайли иш юритишни қўзғатиш тўғрисида илтимоснома бериш ҳуқуқига эга бўлди.
Фуқаролик ва иқтисодийишларни кўришда прокурор иштироки билан боғлиқ нормалар халқаро стандартларга мувофиқлаштирилди. Прокурор қонунда назарда тутилган ёки ўзининг даъво аризаси асосида қўзғатилган ишлардагина иштирок этиши,иш бўйича тарафларнинг мурожаатлари мавжуд бўлган тақдирда кассация протестини киритиш масаласини ҳал қилиш учун суддан ишни талаб қилиб олишга ҳақли эканлиги белгиланди.
Суд ишларини юритишда янги институтлар киритилди, мавжудлари такомиллаштирилди. Жумладан, жиноят процессидаярашув институти кенгайтирилиб, у барча инстанцияларда қўлланадиган бўлди, жиноят иши бўйича - дастлабки эшитув, фуқаролик ва иқтисодий судларда - судгача мажлис, соддалаштирилган тартибда иш юритиш, медиация институтлари жорий қилинди.