Коррупция – жамият ривожига таҳдид
Бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси Чироқчи туман бўлимида фаолият юритаётган ходимлар ва уларнинг ота-оналари иштирокида “Коррупция – жамият ривожига таҳдид” мавзусида маданий-маърифий учрашув ташкил этилди.
Учрашувни ташкил этишдан мақсад ходимлар ўртасида коррупция тушунчаси ва унинг оқибатлари ҳақида тўлиқ тушунча ҳосил қилишдан иборатдир. Коррупция жамият тараққиётига ғов бўлаётган иллатлардан бири бўлиб, буни барча давлат ва минтақаларда кузатиш мумкин. Шу боис давлатимиз коррупцияга қарши курашишга жиддий эътибор қаратмоқда.
Учрашувда Бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси Қашқадарё вилояти бошқармаси бошлиғи Алишер Ражабов қатнашувчиларга юртимизда коррупцияга қарши қандай кураш олиб борилаётгани ҳақида батафсил гапириб берди.
Жумладан, 2017 йил 3 январь куни Ўзбекистон Республикасининг “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги қонуни қабул қилинди, Бу қонун бугунги кунда давлат органлари фаолиятининг очиқлигини ва ҳисобдорлигини таъминлаш, давлат бошқаруви тизимининг самарадорлигини ошириш, давлат органлари, мансабдор шахсларнинг ўз зиммасига юклатилган вазифаларни бажариши юзасидан масъулиятини кучайтиришга, коррупцияга қарши курашиш соҳасида парламент ва жамоатчилик назоратини амалга ошириш мақсадларига хизмат қилмоқда.
Коррупция нима? Коррупция — шахснинг ўз мансаб ёки хизмат мавқеидан шахсий манфаатларини ёхуд ўзга шахсларнинг манфаатларини кўзлаб моддий ёки номоддий наф олиш мақсадида қонунга хилоф равишда фойдаланиши, худди шунингдек бундай нафни қонунга хилоф равишда тақдим этишдир. Яъни мансабдор шахснинг ўз ваколатидан фойдаланган ҳолда қонунни суиистеъмол қилиши, хизмат ваколатларидан четга чиқиши, таниш-билишчилик, ошна-оғайинчилик, қариндош-уруғчилик асосида иш ташкил қилиб, инсон ҳуқуқларига путур етказиши, айниқса, порахўрлик, таъмагирлик қилиши билан жамиятимиз учун ижтимоий хавфлидир.
Учрашув давомида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган бир қанча саволларга мутахассисдан атрофлича жавоб олдилар.
✍️Алишер Эргашев, Бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси Чироқчи туман бўлими бошлиғи ўринбосари.