December 18, 2021

Атроф муҳитга бефарқ бўлмаган фуқароларимиз бор экан, албатта ҳуқуқбузарликлар нисбатан камаяди...

Бутун дунёда бўлгани каби мамлакатимизда ҳам экологик муаммолар кўпаймоқда. Бунга баъзан табиий омиллар, кўп ҳолларда эса инсоннинг ўзи сабабчи бўлмоқда. Кўп қаватли уйлар оралиғидаги бўш жойларда қурилишлар қилиш, мораторий эълон қилинганига қарамасдан, дарахтларни кесиш, яшил ҳудудларни камайтириш ҳолатлари кўпчиликни ранжитмоқда.

Мазкур ҳолатларга кўз юма олмаган Чироқчи туманида яшовчи фуқаро Қашқадарё вилояти Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш бошқармасининг ишонч телифонига мурожаат қилди.

Қашқадарё вилояти Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси Чироқчи туман назорат инспекцяиси инспекторлари зудлик мурожаатни ўрганиш мақсадида манзилга етиб бордилар. Ҳолатни ўрганиш давомида мурожаатчи тунда дарахт кесилганлигини таъкидлади. Ҳолат жойи кўздан кечирилганда ҳақиқатдан бир туп дарахт кесиб олиниб, усти тупроқ билан кўмиб қуйилганлиги аниқланди.

Атрофга ўрнатилган камера тасвирлари орқали кўрилганда, Чироқчи туман “Дам” МФЙда яшовчи фуқаро Б.О томонидан кесилганлиги аниқланди. Фуқаро билан суҳбат олиб борилганда бир дона Арча дарахти қурилишга халақит берганлиги сабабли кесганлигини таъкидлади. Ҳуқуқбузарга қурилиш остига тушган дарахтнинг кесиб олиш тартиблар тўғрисида тушунтириш ишлари олиб борилди.

Афсуски ҳуқуқбузарлик жазосиз қолмайди, шунинг учун ҳуқуқбузарга нисбатан Ўзбекистон Республикаси МЖтКсининг 79-моддаси 1-қисмига асосан маъмурий баённома расмийлаштирилиб, 1 млн 350 минг сўм жарима, 783 минг сўм табиатга етказилган зарар ҳисобланди.

©️Қашқадарё вилояти Экология бошқармаси ахборот хизмати