February 10, 2022

ТОМОРҚАЧИЛИКНИ РИВОЖЛАНТИРИШ ИЛМИЙ-АМАЛИЙ МАРКАЗИ БИНОСИ ФОЙДАЛАНИШГА ТОПШИРИЛДИ

Бугун Чироқчи тумани марказида Қашқадарё вилоятида биринчи бўлиб, "Томорқачилик илмий-амалий маркази"нинг замонавий барча қулайликларга эга янги биноси фойдаланишга топширилди.

Мухташам марказ биносининг тантанали очилиш маросимида Олий Мажлис Қонунчилик Палатаси Спикери ўринбосари, O'zLiDeP фракцияси раҳбари, Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари Кенгаши раиси Актам Хаитов, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Нозим Хусанов, вилоят ҳокими Муроджон Азимов бошчилигида вилоят сектор раҳбарлари, Қашқадарё вилояти фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши раиси Игор Турсунов ва Чироқчи тумани ҳокими Хуррам Жураев бошчилигида сектор ва мутасадди раҳбарлар ҳамда тегишли соҳа ва маҳаллий аҳоли вакиллари туман фаоллари иштирок этишди.

Тадбирда сўз олганлар Қашқадарё вилоятида биринчи бўлиб, Чироқчи туманида фаолияти йўлга қўйилган "Томорқачилик илмий-амалий маркази"нинг аҳамияти ҳамда Президентимизнинг 2021 йил 27 мартдаги “Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида амалга ошириладиган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” қарори ижросини туманда таъминлаш, оилавий тадбиркорликни янада ривожлантириш, қишлоқ хўжалиги экин майдонлари ва аҳоли томорқаларидан самарали фойдаланилишига эришиш учун имтиёзли кредитлар ажратиш, бу орқали аҳолини иш ва даромад билан таъминлаш, камбағаллик даражасини тез фурсатда қисқартиришга эришиш ҳақида тухталишди.

Марказнинг асосий вазифалари ва фаолият йўналишлари; ✅илмий ва инновацион фаолиятни самарали ташкил этиш орқали аҳолига томорқа ер участкаларидан йилига камида 3 марта ҳосил олишга эришишга кўмаклашиш; ✅томорқачилик йўналиши бўйича малака ошириш ва қайта тайёрлаш курсларини ташкил этиш; ✅илғор ютуқлардан фойдаланган ҳолда кўчатчилик, уруғчилик ва наслчилик, қуёнчилик, паррандачилик, асаларичиликни ривожлантириш, томчилатиб суғоришни кенг жорий қилиш, томорқа ер участкаларида балиқ боқиш учун ҳовузлар ташкил этиш соҳасида илмий тадқиқотларни амалга ошириш ҳақида ҳам батафсил маълумотлар берилди.

Шунингдек, туманда оилавий тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш, ёшлар ва хотин-қизлар ташаббусларини кенг миқёсда молиявий қўллаб-қувватлаш, бунда деҳқон хўжаликлари ва томорқа майдонларида бандлигини таъминлаш ва шу аснода янги иш ўринларини яратиш, имтиёзли кредитлар ажратиш борасидаги амалга оширилаётган ишлар билан яқиндан танишишди.

Шундан сўнг меҳмонлар қишлоқ хўжалиги техникалари ва туманда етиштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ярмаркалари билан яқиндан танишди.

Ташриф давомида меҳмонлар марказда яратилган шар -шароитлар, марказ қошида ташкил этилган ўқув курслари фаолиятини кўздан кечиришди ва мутасадди раҳбарларга ўзларининг тавсияларини беришди.