ХАЛҚ ДЕПУТАТЛАРИ ЧИРОҚЧИ ТУМАН КЕНГАШИНИНГ НАВБАТДАГИ СЕССИЯСИ БЎЛИБ ЎТДИ
Бугун Халқ депутатлари Чироқчи туман Кенгашининг VI чақириқ 60 сессияси бўлиб ўтди.
Чироқчи туман ҳокимлигининг катта мажлислар залида ўтказилган сессия ишида Халқ депутатлари вилоят Кенгаши ва туман Кенгаш депутатлари, Чироқчи туман ҳокими Хуррам Жураев бошчилигида сектор ҳамда тумандаги мутасадди ташкилот раҳбарлари, ОАВ вакиллари иштирок этишди.
Сессия ишида жорий йилнинг 11 февраль куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида "Хавфсиз ва равон йўл" тамойили асосида йўлларда инсон хавфсизлигини таъминлаш борасидаги ишларни янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирларига бағишланган видеоселектор йиғилишида берган топшириқлари ижросини Чироқчи туманида таъминлаш тўғрисида сўз борди.
Танқидий-таҳлилий рухда ўтказилган сессия ишида Чироқчи тумани ҳокими Хуррам Жураев Президент танқидидан тўғри хулоса чиқариш вақти келганлиги ва камчиликларни бартараф этиш юзасидан қилиниши керак бўлган ишлар ҳақида тухталди.
"Чироқчи ҳудуди жуда катта. Туманда давлат аҳамиятига эга 106 километр йўл бўлса, республика аҳамияти эга 200 километр йўл бор. Шу боис туманимиздаги йўллардан жуда кўплаб транспорт воситалари қатнайди. Айниқса, Умакай ЙПХ постидан вилоятимизнинг бошқа шаҳар ва туманлари ҳамда Сурхондарё вилоятига ўтиб кетишда Еттитом ҳудудидан ўтган йўлларда одам ўлими билан боғлиқ кўплаб ЙТҲлар содир этилмоқда. Оқибатда айнан Чироқчи тумани ҳудудидаги йўлларда ЙТҲлар содир этилиб, туманда ЙТҲлар сонининг ортиши ва уларнинг оқибатида вафот этганлар сонининг кўпайишига олиб келмоқда, — дейди Хуррам Жураев. — Туманда содир бўлган ЙТҲларни таҳлил қилиб чиққанида, ЙТҲларнинг 85 фоизи чекка вилоят ҳайдовчилари иштирокида содир этилган.
Шунингдек туман ҳокими Хуррам Жураев сессия ишида туман ИИБ ЙҲХБ инспекторлари фаолиятини ҳам қаттиқ танқид қилди.
Шундан сўнг, Чироқчи тумани ИИБ бошлиғи полковник Актамали Бешимқуловнинг 2021 йил давомида туманда содир этилган ЙТҲлар ҳақидаги ҳисоботини депутатлар ва жамоатчилик вакиллари тинглашди.
Туман ИИБ бошлиғи туман ҳудудининг анча катталиги ва ЙҲХБ бўлими бошлиғи, ўринбосари ва ходимлари билан биргаликда 13 нафарни ташкил этиши, йўлларни тўлиқ қамраб олиш имконияти бўлмаётганлигини таъкидлаб, бу борада депутатлар, маҳалла раислари, профилактика инспекторлари ва жамоатчилик вакиллари билан биргаликда ЙҲТларнинг олдини олишга эришиш мумкинлиги ҳақида сўз юритди.
Сессия ишида туман ҳудудида ЙҲТларнинг олдини олиш хусусида депуталарнинг таклифлари тингланиб, Халқ депутатлари вилоят Кенгаши сессиясига таклиф киритилиши белгилаб олинди.
Сессия давомида туманда фаолият олиб бораётган 13 нафар ЙҲХБ инспекторларининг барчасини бошқа туманлардан олиб келишни таклифи депутатлар томонидан илгари сурилди.
Ҳатто, бу ҳақда Чироқчи туман ҳокими Хуррам Жураев Daryo.uz интернет нашри мухбири Отбек Қўлдошов билан бўлган интервюсида ҳам маълум қилган эди.