December 27, 2021

Корпоратив-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган низолар

Корпоратив-ҳуқуқий муносабатлар ҳақида сўз юритганда, аввалам бор, таъкидлаш керакки, бу тушунча ҳақида назарияти олимлар ўртасида ягона фикр мавжуд эмас. Баъзилари бу муносабатларни ташкилий муносабатларга тенглаштирса, баъзилари мулкий муносабатларнинг бир кўриниши сифатида баҳолашади. Яна бир тоифа олимлар эса уни ҳам ташкилий, ҳам мулкий муносабатлар йиғиндисидан иборат эканлигини билдиришади. Фикримча, охирги вариант бир мунча тўғрироқ. Чунки корпоратив муносабатлар тарафларнинг тенглиги принсипига асосланган мулкий ва номулкий характердаги муносабатлардан ташқари корпорацияни тузиш, унинг фаолиятини бошқариш, қайта ташкил этиш, тугатиш каби ташкилий масалаларни ўз ичига олган ташкилий характердаги муносабатлардан ҳам иборат бўлади.
Корпоратив муносабатлар аввалом бор, муайян корпорациянинг ичида юзага келадиган ички муносабатлар ҳисобланади.
Масалан, таъсисчилар (иштирокчилар, аъзолар)нинг бирор корпорацияни ташкил этишдан асосий ва умумий мақсади тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланган ҳолда фойда (даромад) олиш ҳисобланади.
Корпоратив муносабатлар деганда, корпорация иштирокчилари (ационерлари) билан корпорация раҳбарияти (директорлар кенгаши, раёсат) ўртасида, иштирокчилар (ационерлар) билан иштирокчилар (ационерлар) ўртасида, корпорация ишчилари билан корпорация раҳбарияти (директорлар кенгаши, раёсат) ўртасида, корпорация билан давлат, давлат органлари, кредиторлар, ҳамкорлар, бошқа ташкилотлар, фуқаролар ўртасида бўладиган корпорация фаолиятига боғлиқ муносабатлар тушунилади.
Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодексининг
25-моддасига асосан корпоратив низолар бўйича ишлар кўрилаётганда тарафлар бўлган фуқаролар ўртасидаги фуқаровий, маъмурий ва бошқа ҳуқуқий муносабатлардан юзага келадиган низоларга доир ишлар иқтисодий ишлар судловига тааллуқли эканлиги белгиланган.
Корпоратив низолар бўйича ишлар жумласига қуйидагилар киради:
1) юридик шахсни ташкил этиш, қайта ташкил этиш ва тугатиш билан боғлиқ низолар;
2) хўжалик жамиятлари ва ширкатларининг устав фондидаги (устав капиталидаги) акцияларнинг, улушларнинг, кооперативлар аъзолари пайларининг мансублиги, уларга юкламалар белгилаш ва улардан келиб чиқадиган ҳуқуқларни амалга ошириш билан боғлиқ низолар, бундан хўжалик жамиятлари ва ширкатларининг устав фондидаги (устав капиталидаги) акцияларни, улушларни, кооперативлар аъзоларининг пайларини ўз ичига олувчи мерос мол-мулкни ёки эр-хотиннинг умумий мол-мулкини бўлиш билан боғлиқ ҳолда юзага келадиган низолар мустасно;
3) юридик шахс иштирокчиларининг (муассисларининг, аъзоларининг) юридик шахс томонидан тузилган битимларни ҳақиқий эмас деб топиш ва (ёки) бундай битимларнинг ҳақиқий эмаслиги оқибатларини қўллаш ҳақидаги даъволари бўйича низолар;
4) қимматли қоғозлар эмиссияси билан, шу жумладан эмитентнинг бошқарув органлари қарорлари юзасидан низолашиш билан, эмиссиявий қимматли қоғозларни жойлаштириш жараёнида тузилган битимлар, эмиссиявий қимматли қоғозлар чиқариш (қўшимча равишда чиқариш) натижалари бўйича ҳисоботлар (хабарномалар) юзасидан низолашиш билан боғлиқ низолар;
5) қимматли қоғозларни номинал сақловчиларнинг акциялар ва бошқа қимматли қоғозларга бўлган ҳуқуқларни ҳисобга олиш, қонунда назарда тутилган бошқа ҳуқуқ ва мажбуриятларни қимматли қоғозларни жойлаштириш ва (ёки) уларнинг муомаласи муносабати билан қимматли қоғозларнинг номинал сақловчилари томонидан амалга ошириш билан боғлиқ фаолиятидан келиб чиқадиган низолар;
6) юридик шахс иштирокчиларининг умумий йиғилишини чақириш тўғрисидаги низолар;
7) юридик шахс бошқарув органларининг қарорлари устидан шикоят қилиш тўғрисидаги низолар.
Қонунга мувофиқ корпоратив низолар бўйича ишлар жумласига бошқа низолар ҳам киритилиши мумкин.

Корпоратив низода иштирок этаётган тарафлар бир-биридан ва гувоҳлардан судда кўрилаётган ишга тааллуқли бўлиши мумкин бўлган барча ҳужжатларни сўраб олиш ҳуқуқига эга, бундан давлат сирини ёки қонун билан қўриқланадиган бошқа сирни ташкил этувчи ҳужжатлар мустасно.
Корпоратив низолар бўйича ишлар соддалаштирилган иш юритиш тартибида кўриб чиқилмайди.
Корпоратив низолар бўйича ишлар ушбу Кодексда назарда тутилган даъво ишини юритишнинг умумий қоидалари бўйича, мазкур бобда белгиланган хусусиятлар инобатга олинган ҳолда суд томонидан кўриб чиқилади.
Корпоратив низо бўйича даъво аризаси ушбу Кодекснинг 149-моддасида назарда тутилган талабларга мувофиқ бўлиши керак.
Корпоратив низо бўйича даъво аризасига ушбу Кодекснинг
151-моддасида назарда тутилган ҳужжатлар, шунингдек юридик шахснинг давлат рўйхатидан ўтказилганлигини тасдиқловчи ва унинг жойлашган ери (почта манзили) тўғрисидаги маълумотлар кўрсатилган ҳужжат илова қилинади.
Корпоратив низолар бўйича даъвони таъминлаш чоралари ушбу Кодекснинг 8-бобида назарда тутилган тартибда суд томонидан кўрилади.

✍️А.Кодиров, Чироқчи тумани Иктисодий суди раиси,