May 27, 2022

Кўнгиллар кашфи. Шодмонқул Салом.

1. Энг кичик таржимаи ҳолингиз.
- Айби мўл, тавбаси оз, қарзи кўп, хизмати кам бир одамман!
2. Сизни нима шоир қилди?
- Соғинч ва муҳаббат!
3. Шеър нима ўзи?
- Малҳами топилмаган яра. Табаррук яра.
4. Нимадан уяласиз?
- Уялмай қолишдан. Бет қотиб кетишидан.
5. Тушкунликдан сизни нима чиқаради?
Меҳнат. Фақатгина меҳнат!
6. Ижодкорга устоз керакми ёки ижодда устоз бўлмайдими?
- Устоз керак. Улгу, маёқ бўладиган, ҳақгўй, кенгфеъл устозлар жуда керак. Улар бўлмаса, бизни андиша тарк этади.
7. Севимли шоир ва ёзувчингиз?
- Вақт ўтиб зерикмайдиган адибларнинг ҳаммаси. Улар кўп.
8. Ким билан кечгача суҳбатлашсангиз ҳам зерикмайсиз?
- Акам билан.

9. Афсусингиз борми?
- Бўлганда қандоқ... бисёр.
10. Мактуб битиб турасизми?
- Ҳа.
11. Одамлар сизни қандай хотирлашини истайсиз?
- Умид Яратганнинг ўзидан, дўст. Инсоф одамлардан.
12. Бахтингиз нимада?
- Ҳис, идрок борлиги.
13. Ёлғизликдан роҳатланасизми?
- Баъзан.
14. "Муқаддаслик" тушунчасига таърифингиз. Сизнинг ҳаётингизда нима муқаддас?
- Чин инсоний туйғулар ўлмасин! Ҳалоллик, Мардлик, Севги, Тушуниш...
15. Феълингиздаги сизга ёқмайдиган хислат.
- Дангасалик-да. Шундан қутулсам эди...

16. Ёзолмай қолишдан қўрқасизми?
- Йўқ. Кирланиб кетишдан асрасин!
17. Дунёнинг сурати қандай?
- Жуда хор! Сийрати ундан ҳам аянч. Гонарар учун ёқмаган ролини ўйнаётган актёрдекман. Яхшиям, шеър бор!
18. Нима учун ёзасиз? 4 та сабаб келтиринг.
- Буни Худо буюрган!
19. Дунёга нима бера оласиз?
- Тоза сўз, одамларга наф берадиган фарзандлар қолса бўлди.
20. Ўзингизга ёққан шеърингиз.
- Улар жуда кўп.

Суҳбатдош Севара АЛИЖОНОВА.