May 20, 2022

КЎНГИЛЛАР КАШФИ. Хосият Рустамова

1.     Энг кичик таржимаи ҳолингиз.

– Хосият Рустамова. Шоира, аёл, она.

2. Сизни нима шоир қилди?

– Мени ҳайрат ва ҳаяжон шоир қилган бўлса керак. Мен ҳамма нарсадан ҳайратланардим. Ўсаётган майсадан тортиб, ит, мушуклар ва дунёдаги борики нарса менга жуда ғайриоддий кўринар, ҳамма нарсага ҳайрон қарардим. Осмонни ушлаб кўргим келар, ой-юлдузлар ҳавасимни келтирар, қушлар, дарахтларга айлангим келарди. Мен учун ҳамма нарсанинг жони бор эди. Дафтар, китобларнинг ҳам жони бор деб қараганман. Бирор нарсани кийиб кўришдан, ҳатто бирор мевани ейишдан олдин унга анча вақт термилиб турардим. Унинг яратган Яратувчисига ҳавасим келарди…

3.     Шеър нима ўзи?

–       Шеър – мен учун инсониятни озод ва бахтиёр кўриш…

4.     Нимадан уяласиз?

–       Бу жуда катта мавзу. Бу ҳақида бафуржа гаплашиш керак деб ўйлайман.

5.     Тушкунликдан сизни нима чиқаради?

–       Мен тушкунликка тушмасликка ҳаракат қиламан! Чунки, орзуларим жуда кўп. Улар бунга йўл бермаса керак…

6.     Ижодкорга устоз керакми ёки ижодда устоз бўлмайдими?

–       Бу жуда нисбий тушинча! Устозингиз ким, деган саволга ҳам жавоб бериш қийин. Устоз-шогирд дегани йўқ нарса, аслида. Менимча, буларнинг бари инсонийликни сақлаб қолиш учун ўйлаб топилган…Нима бўлганда ҳам ёзишни ўргатиб бўлмайди, ишлашни ўргатиш мумкиндир. Сабр-тоқатли бўлишга чақириш мумкиндир, аммо, ёзиш бу фақат Худодан!

7.     Севимли шоир ва ёзувчингиз?

–       Улар жудаям кўп. Санасам, ўнта бармоғим етмайди, аниқ биламан!

8.     Ким билан кечгача суҳбатлашсангиз ҳам зерикмайсиз?

–       Ўзим учун қандай яхши суҳбатдош бўлишимга қарамай, баьзан, ўзимдан ҳам зерикаман!

9.     Афсусингиз борми?

–       Деярли йўқ!

10.   Мактуб битиб турасизми?

–       Мен ҳар куни кундалик ёзаман! Уларнинг ҳаммаси келажакка ёзилган мактубларимдир.

11.   Одамлар сизни қандай хотирлашини истайсиз?

–       Қандай хоҳласалар, шундай хотирласинлар! Фақат хотирласалар бўлди.

12.   Бахтингиз нимада?

–       Ёзаётганимда!

13.  Ёлғизликдан роҳатланасизми?

–       Ёзувчи қандай роҳатланса, шундай!

14.  “Муқаддаслик” тушунчасига таърифингиз. Сизнинг ҳаётингизда нима муқаддас?

–       Ҳамма нарса! Менинг кўзим кўриб турган нарсанинг ҳаммаси муқаддас. Ҳаётимда кимга дуч келган бўлсам, ҳаммаси муҳим.

15.   Феълингиздаги сизга ёқмайдиган хислат.

–       Ҳаммани яхши кўришим!

16.   Ёзолмай қолишдан қўрқасизми?

–       Олдин қўрқардим. Ҳозир қўрқмайман! Чунки, мени ёзмаган кунларим ёзувчи қилган!

17.  Дунёнинг сурати қандай?

–       Таърифлаб бўлмайдиган даражада чиройли!

18.   Нима учун ёзасиз? 4 та сабаб келтиринг.

1. Ёзгим келгани учун

2. Тинчланганимдан ҳузур қилиш учун

3. Тириклигимни ҳис қилиш учун

4. Ўзимни яқиндан кўриш учун

19. Дунёга нима бера оласиз?

–       Дунёга мени берадиганим балки, жуда кичкина нарсалардир, аммо, бу дунёга келиб-кетишимга арзийдиган нимадир қолишига умидим бор.

20.  Ўзингизга ёққан шеърингиз.

–       Улар кўп…

Суҳбатдош Севара АЛИЖОНОВА