March 1, 2020

...

- Яқинда саломатлигимни тиклаш учун касалхонага тушдим. Тобим қочса, бундан беш-олти йил илгари учратган бир онахон ёдимга тушаверади, -деб мактуб йўллаган Сайёра Сафарова деган мухлисамиз. – Бугун сизларга ўша меҳридарё аёл ҳақида гапириб бермоқчиман.

- Талаба касал бўлмасин экан, қариндош-уруғлар узоқда, курсдошлар ўзидан орттириб овқат олиб келиши қийин. Лекин дард одам танлаб ўтирмайди. Хуллас, биқиним санчиб-санчиб қўйса ҳам, ўтиб кетар, деб эътибор бермагандим. Лекин кечга яқин шунақа қаттиқ оғриқ турдики, қаддимни кўтаролмай икки букчайиб қолдим. “Кўричакка ўхшаяпти”, деган шифокор эътирозларимга қулоқ солмай “Тез ёрдам” машинасига

ўтқиздию, касалхонага олиб кетди. Ҳар нарсага йиғлайверадиган дугонам Лола ҳам менга қўшилиб йўлга тушди.

Лоланинг айтишича, наркоздан очилишим қийин бўлибди. Ўзим ҳам ғира- шира бўлса-да, турли одамларнинг бошимга энгашиб “Шаҳло, кўзингизни очинг. Отингиз нима? Отингиз?” деб сўрашганини эслайман. Бошимни биров қаттиқ нарса орасига олиб сиқаётгандек оғриётгани етмагандек юзига ниқоб тақиб олган одамларнинг ҳадеб “Шаҳло, отингиз нима?” дейиши асабимга тегарди. Ҳар замонда Лоланинг боши пайдо бўлар ва у ҳам “отинг нима, отингни айт” дерди... Жинни бўлганмисизлар, деб бақиргим келса-да, негадир овозим чиқмасди.

Ўзимга келганимда икки кишилик палатада бир ўзим ётардим. Бироздан кейин тезроқ наркоз тарқаб, бошимнинг оғриганидан қутилсам эди, деб ният қилганимга пушаймон бўла бошладим. Чунки кесилган жойнинг оғриғига чидаб бўлмасди. Мендан хабар олгани кирган ҳамширага оғриқдан шикоят қилдим.

- Оғрийди-да, кесилгандан кейин, бармоғингизни кесиб олсангиз, қанча оғрийдию... Чиданг, айланай, бу ҳали ҳолваси, - "тинчлантирди" у.

Ундан оғриқ қолдирадиган укол қилишни илтимос қилганимда эса “ҳадеб, баралгин олаверманг, юракка зарари бор” деган жавобни олдим.

-Уйдагиларингизга айтинг, товуқ шўрва олиб келишсин, - деди у кетар маҳали.

- Уйдагиларим узоқда... операция бўлганимни уларга айтмаганман, - дедим ўз-ўзидан хўрлигим келиб.

- Воой, сизни кўргани ҳеч ким келмайдими?.. Унда касалхонани овқатини ерсиз...

Оғриқ зўрлик қилиб, таъсирчан бўлиб қолибман шекилли, ҳамширанинг гапи кўнглимга оғир тегди.

- Чанқаб кетдим, илтимос, сув беринг...

У истар- истамас ҳозир деганча чиқиб кетди. Ҳозир дегани ҳам ярим соат экан. Бирдам кўзим илинганида эса шовқин-сурондан уйғониб кетдим. Палатага ёшига ярашиқли кийинган онахон, унинг ортидан сумка кўтарган, оддий кўринса-да, қимматлиги билиниб турган уст-бош кийган, басвалат, жиддий киши ҳамда тинмай ялтоқланаётган ҳамшира кириб келди.

- Бир кишилик палата банд эди-я, - афсусланди ҳамшира. - Ҳозирча шу ерга жойлашиб туринг, бу беморни бошқа палатага кўчириб юбораман.

Ҳамшира худди бирор буюмни кўрсатгандек мен томонга ишора қилди. Онахон мен томонга ўгирилди.

- Йўқ йўқ, бу қизимни кўчирманг, мен бир кишилик палатада ётолмайман, юрагим сиқилиб кетади.

Ҳамшира бир зумда сумкадаги нарсаларни палата шкафи ва тумбочкасига жойлаштирди.

Онахоннинг ўғли онаси жойлашиб бўлганига ишончи комил бўлгач, “ҳозир келинингиз келади, агар бирор нарса керак бўлса, дарҳол қўнғироқ қилинг” деганча хайрлашиб чиқиб кетди.

Ҳамшира онахоннинг атрофида парвона бўлиб, чой дамлади, бир неча марта келиб “ҳеч нарса керак эмасми” деб сўраб кетди. Кўп ўтмай, онахонни

кўргани бош шифокорнинг шахсан ўзи келди. У қуюқ сўрашгач, палата шифокорига бир неча топшириқлар берди. Бош шифокор онахон билан гаплашиб бўлгач, мен томонга ўгирилиб: -Хўш, бу қизимга нима бўлган? - деб сўради. Унинг илтифотли муомиласидан кўнглим тўлиб кетди.

Палата шифокори мен ҳақимда маълумот бергач, кекса шифокор батафсил аҳволимни суриштирди.

- Оғриқни қолдирадиган укол қилишганига қанча бўлди? - деди у меҳрибонлик билан.

Мен “наркоздан чиққанимдан кейин қилишмади” дедим секингина.

Бош шифокор “хим, тушунарли” деди қуюқ қошларини чимириб.

Улар чиқиб кетиши билан ҳамшира палатага югуриб кирди.

- Дарров устимдан шикоят қилибсиз-да.

Агар палатада онахон бўлмаса мени еб ташлагудек аҳволда эди. Кейин ўзини қўлга олиб онахонга мурожаат этди.

- Бу ёшлар сал оғриққа ҳам чидай олишмайдия, ҳозир қиламан дегандим шу уколни, дарров арз қилиш шартмиди? - деди ундан далда кутиб.

- Жони оғригандир-да, - онахон ҳамшира кутгандек унинг фикрига қўшилмади. - Бўлмаса ўзидан ўзи сизга укол қилинг дермиди.

Ҳамшира бироз довдираб турди-да, кейин “Чойингизни янгилаб келайми?” деди онахонни ўз томонига оғдириш учун.

- Раҳмат, чойим ҳали иссиқ, бу қизга укол қилиб қўяверинг-чи, чой бир гап бўлар...

Хуллас, онахоннинг шарофати билан мен ҳам эътиборга тушиб қолдим.

Тушга яқин Лола бошчилигида курсдош қизлар мени кўргани келишди.

Улар мева-чева олиб келишганди. Менинг эса суюқ овқат егим келарди. Қизлар кетишгач, онахон келинига қўнғироқ қилди.

- Келин, кечга товуқ шўрва қилиб кела қолинг. Ҳа, товуқ шўрвани хушламасдим, лекин бугун бир ичгим келди-да.

Онахон телефонини ўчириб улгурмасидан у яна жиринглади. Онахон бу галги суҳбатдошига мантиқасқонда парҳезли котлет пишириб келишни буюрди.

- Катта келиним, - изоҳ берди у телефонда гаплашиб бўлгач.

Ичимда онахон анча-мунча инжиқ қайнона бўлсалар керак деб ўйлаб қўйдим.

Кўп ўтмай, онахоннинг келини тўлиб-тошиб келиб қолди.

- Яхши келдингизми? Совимасдан товуқ шўрвани мана бу қизимга ичириб юборинг, - буюрди онахон келинига.

Хижолат бўлиб эътироз билдирдим: - Йўғ-ей, овора бўлманг, қорним тўқ.

- Ҳеч ким сени оч демаяпти, қизим. Лекин касалхонаники уйнинг овқатига етмайди, бундан ташқари тез-тез овқатланиб турсанг, тезроқ тузаласан.

Келин эса қайнонасининг гапига ҳайрон бўлмади ва жилмайганча, тезда қутидаги шарбатнинг "трубка"сини олдида идишдаги шўрвага солди. Кейин эса бошимни бироз кўтариб ичира бошлади.

Иккинчи келини олиб келган овқатни эса онахоннинг ўзи еди.

Келинлар кетишгач, онахон анчагача набиралари билан телефонда гаплашиб ўтирди. Набиралари билан дўстона муносабатини кўриб, очиғи ҳавасим келди.

- Хў-ў-ш, набиралардан кўнглим тинчиди, энди сен билан гаплашсак ҳам бўлади. Қаердансиз, қизим?

- Хоразмдан. Ота-онам узоқда бўлишгани учун уларни хавотирга қўйгим келмади...

- Тўғри қилибсан, келиб-кетиш осонми. Бир ҳафтада кўрмагандек бўлиб кетасан.

- Ўзингиз нега ётибсиз?

- Меникини тарихи узун қизим. Ошқозонимда яра бор, бир марта операция ҳам қилдирганман. Ёшлигимиздан йўқчилик кўравериб, соғлиқни бой берганмиз... Айниқса, чолим раҳматли бир корчалоннинг касрига қолиб қамалиб кетгач, икки фарзанд билан ёлғиз қолиб, жуда қийналганман. Ёшликда билинмас экан, иш, болаларга қараш, қамоқхонага югуриш, чолимнинг номини оқлаш учун идорама-идора юришлар мени адо қилган. Аммо Худога шукурки, болаларимнинг тарбиясини бой бермадим. Фарзандларим ҳам, келинларим ҳам иззатимни жойига қўйишади.

Касалхонада бир ҳафта ётган бўлсам, онахоннинг келинлари навбатма-навбат менга овқат ташиб туришди.

Улардан хижолат бўлаётганимни сезган катта келин бир куни шундай деди: - Шаҳло, сиз сира хижолат бўлманг. Биз ўрганиб кетганмиз. Ойижон қачон касалхонага тушсалар, албатта бирор беморнинг ейиш-ичишини ўз зиммаларига оладилар. “Бу ер пойтахт, мусофирлар кўп, шундай пайтда бир-биримизга озгина ёрдам бермасак қачон берамиз” дейдилар. Айтишларича, ёшликда ўзлари ҳам кўп қийналган эканлар, ўша пайтларда умуман танимаган одамлари ёрдам қўлини чўзган. “Яхшилик юқумли бўлади, ўша яхшиликларни қайтаришим керак-ку” дейдилар.

Бу воқеага анча бўлган бўлса-да, сира эсимдан чиқмайди. Аслида гап озиқ-овқатда эмас, касалхонанинг овқати билан ҳам қорин тўйдириш мумкин. Гап меҳр-оқибатда, яхшиликнинг тарғиботида! Касалхонада мен бир бир палатада ётган ўша онахон яхшилик қилишни фарзандларию, келинларидан ташқари мен каби бегоналарга ҳам юқтирганида.

Газетага мактуб ёзиб, онахоннинг ўзи айтганидек “арзимас” яхшилиги ҳақида гапиришдан мақсад ҳам шунда...

 

Дилфуза СОБИРОВА