November 13

АНЖУМАНЛАР – КАШФИЁТ ВА ҲАМКОРЛИК МИНБАРИ

Ҳозирги глобаллашув жараёни қизғин тус олаётган, халқаро тиллар бўлган инглиз, немис, рус ва француз тиллари атрофлича ривожланиб, миқёси кенгайиб бораётган бир шароитда, бошқа миллий тилларнинг дунё саҳнасида ўз ўрнига эга бўлиб, мақомини сақлаб қолиши катта муаммо бўлиб қолмоқда.

Бугунги кунда тилларни сақлаб қолишнинг ва ривожлантиришнинг асосий омилларининг бири, уни «интернет тили»га, «компьютер тили»га айлантиришдир.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 20 апрелда “Олий таълим тизимини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-2909-сонли Қарори ва 2020 йил 20 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Мамлакатимизда ўзбек тилини янада ривожлантириш ва тил сиёсатини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-6084-сонли Фармони қабул қилинди.

Туркий халқлар адабиётшунослиги ва тилшунослиги доирасида ўтказиладиган халқаро анжуманлар тарихан бир-бирига туташ қадриятлар, маданиятлар ҳамкорлигини тобора ривожлантиришдаги муҳим омиллардан ҳисобланади. Унинг дунё миқиёсидаги нуфузини оширишда эса илғор коммуникация ва технология воситаларига эҳтиёж катта. Шу маънода, туркий тилларни компьютерда қайта ишлаш бўйича Қозон шаҳрида бўлиб ўтган “TurkLang-2024” XII халқаро илмий-амалий анжуманида ўзбек тилшунослиги ва журналистика кафедрасининг профессорлари Б.С.Жамилова, Г.И.Тоироваларнинг иштироки ўзаро ҳамкорлик, янги кашфиётларга йўл очди, дейиш мумкин.

Дарҳақиқат, Istanbul texnika universiteti профессори Ешреф Адалининг “Логика турецкого языка” номли маърузаси, Rossiya fanlari akademiyasi Tilshunoslik instituti(Москва) профессори Анна Владимировна Дыбонинг “Тюркологический исследования в Сибири с использованием информационных технологий” тақдимоти, Россия Республикаси Фанлар Академияси Қўлланма семиотика институти профессори Джаўдет Шевкетович Сулаймоновнинг "Туркий тиллар ва сунъий интеллект" мавзусидаги маъруза баёни, шунингдек, "Научный результат. Вопросы теоретической и прикладной лингвистики" (Scopus) журнали бош муҳаррири, профессор Ольга Витальевна Дехничнинг "Илмий нашрларда муваффақиятли муаллиф бўлиш сирлари" мавзусидаги маърузалари жаҳон олимларининг айни пайтдаги глобал аҳамиятга эга муаммоларга эътибор қаратилгакни билан аҳамиятли бўлди. Туркий халқлар адабиёти ва тилига бағишланган корпус ва машина таржималари келгусида техник воситаларга муттасил қизиқувчи ёш авлод маънавиятини таъминлаш калити ҳамдир.