October 2, 2019

Мактабларда қизларни одам папиллома вирусига қарши эмлашар экан. Бу хавфли эмасми?

Бачадон бўйни саратонидан ўлаётган ёш аёллар сони бўйича Ўзбекистон дунёда тўртинчи ўринга чиқиб олган. Шунинг учун ҳам бу вирусга қарши эмлаш миллий эмлаш жадвалига киритилди.

"Ҳар йили Ўзбекистонда 1660 нафар аёл бачадон бўйни саратони касаллигига чалинмоқда, – деган Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Элмира Боситхонова. – Мамлакатимизда йилига ўртача 600 га яқин аёл мазкур касаллик туфайли вафот этмоқда. Яъни ҳар куни деярли икки киши. Ушбу касалликни одам папилломаси вируси келтириб чиқаради”.

researchgate.net

Эпидимиологлар Togri.uz’га мамлакатда нега бундай вазият юз берганини ва муаммони қандай ҳал этиш мумкинлигини гапириб берди.

Бачадон бўйни саратонига сабаб бўладиган одам папилломаси вируси (ОПВ) нима?

95-99 фоиз ҳолларда бачадон бўйни саратонини айнан ОПВ юзага келтиради. Бу вируснинг бир неча серотиплари мавжуд бўлиб, асосийлари – 16- ва 18-серотиплари ушбу саратонни келтириб чиқаради.

Дунё бўйича ОПВ билан касалланганлар сони ҳар йили 60 мингдан зиёдни ташкил қилса, Ўзбекистонда бир йилда 1660 та бемор рўйхатга олинади. Шундан 608 аёл вафот этади.

Ўзбекистондаги аҳвол қандай?

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ОПВга қарши вакцинани ишлаб чиққан ва унинг олдини олиш учун эмлаш керак деган хулосага келган. ОПВга қарши эмлаш ишлари кўплаб давлатларнинг миллий эмлаш жадвалига киритилган, ҳозир 92 та мамлакатда ёш қизлар бепул эмланади.

Бу вирус билан нафақат аёллар, балки эркаклар ҳам касалланиши мумкин. У асосан репродуктив ёшдаги, яъни 24 ёшдан 45 ёшгача аёлларда кўп учрайди.

Бачадон бўйни саратони билан касалланиш бўйича Ўзбекистон дунёда тўртинчи ўринда туради. Шунинг учун ҳам бу вирусга қарши эмлаш миллий эмлаш жадвалига киритилди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги тавсияси билан Ўзбекистонда ҳам 2019 йилдан фақат 9 ёшли 400 мингга яқин қизлар бепул эмланади. Лекин 9 ёшдан катталар ҳам эмланиши мумкин, униси пулли.

2010 йилда ҳам Тошкент шаҳри, Андижон ва Навоий вилоятларида худди шу вакцинани эмлаш ўтказилган. Чунки бу ҳудудларда мазкур касаллик билан оғриганлар сони энг кўп кузатилган ва 8 минг қиз эмланган. Лекин вакцина ҳеч қандай ёмон асоратлар ёки таъсирлар келтириб чиқармаган. Ҳозирги кунда ўша қизлар доимий мониторинг қилиб турилади, уларнинг кўпчилиги турмушга чиққан, она бўлишган.

Вакцинация нимага тўхтатиб қўйилган эди?

Биринчидан, бу вакцина жуда қиммат туради.

Иккинчидан эса уни сотиб олишга навбатда турган давлатлар жуда кўп.

Яна бир сабаби – вакцинани сақлаш учун Ўзбекистонда етарли шароит йўқ эди.

Вакцинанинг нархи қанча?

Ушбу вакцинанинг бир дозасини Ўзбекистон UNICEF ёрдами билан 5,6 долларга (тахминан 47 минг сўм) сотиб олади ва 9 ёшли қизлар доимий бепул эмланади.

9 ёшдан катталар эмланмоқчи бўлса, бир қизни эмлаш учун давлатдан 12 доллар (100 минг сўмдан кўпроқ) маблағ ажратилади. Улар пулли эмлаш марказларида эмланиши мумкин.

Одам папиллома вируси қандай пайдо бўлади?

Бирор вакцинани қўллашдан олдин унинг натижалари, асоратларини ўрганамиз, таҳлил қиламиз. Ривожланган давлатларнинг тажрибаси ва учта вилоятдаги эмлаш натижаси яхши самара бергани учун ушбу вакцина миллий эмлаш жадвалига киритилди.

Папиллома вируси ташқи муҳитда аввалдан бор, ҳаммада ҳам бўлиши мумкин. 15 ёки 20-25 ёшда ушбу вирус юқтирилса, 20-25 йилдан кейин асоратлари юзага чиқади.

Ҳаммада ҳам эмас, айнан иммунитети пастларда, камқон ёки кучли стрессга тушган, тиббий сўз билан айтганда, шу вирусга мойил бўлган организмларда саратон касаллигига олиб келади.

Шунинг учун эмлашни 9 ёшли қизлардан бошланмоқда. Чунки бу ёшда иммунитет кучли бўлади ва эмлаш яхши самара беради. 2019 йилда 9 ёшлилар учун вакцина бор, 2020 йилда эса 10-14 ёшлилар учун вакцина етиб келиши керак.

Вирусни юқтирмаслик учун нима қилиш керак?

Кўкрак бези саратонини самарали даволаш методлари бор, лекин бачадон бўйни саратони учун ҳали бундай методлар топилмаган. Шунинг учун бутун дунёда бу саратон туридан ўлишни камайтиришнинг ягона методи – ўз вақтида тиббий кўрикдан ўтиш (скрининг). Охирги пайтларда ОПВга қарши эмлаш ҳам самара бераяпти.

ОПВнинг муайян белгилари йўқ. Агар кимдир бу вирусни юқтирган бўлса, уни даволаш учун катта маблағ талаб этилади. Шунинг учун аёллар доимий тиббий кўрикдан ўтиб туришлари керак. Чунки фақат шу орқали вирус бор-йўқлигини билиш мумкин.

Аммо эмланадиган бўлса, касалланишнинг олди олинади, анча маблағ тежалади. Ҳеч ким олдиндан билмайди, бу касаллик ёш ва жинс танламайди.

2018 йилда вилоятлардаги туман тиббиёт бирлашмалари (ТТБ) қошида “Аёллар маслаҳатхоналари”, “Ёш қизлар консултация марказлари” очилган. У ерда гинекологлар бор, улар текширади.

Агар бирор аёл бачадон бўйни саратони билан касалланганлик бўйича шубҳага борса, вилоят ва туман марказларидаги онкологлар кўригидан ўтиши керак. Бу касалликни аниқлаш учун Ўзбекистонда барча шароитлар бор.

ОПВ ҳақида баъзи фактлар

Онкологик беморларнинг 90 фоизида ОПВ аниқланган. 12 ёшгача қизларни ОПВга қарши эмлаш ушбу касаллик авж олишини 85 фоиз, 45 ёшдаги аёлларда 55 фоиз камайтиради.

Эрта жинсий алоқа. Бачадон бўйни саратонига жинсий алоқани эрта ёшда бошлаш сабаб бўлиши эҳтимоли кўп. Чунки ёшлик даврида аёллар тўқималари етарлича ривожланмаган ва жароҳатланишга мойил бўлади, бу эса хавфли ўсмалар келтириб чиқариши мумкин. 16 ёшгача жинсий алоқа қилинса, касалланиш хавфи 16 баробар, 16-19 ёшда эса 3 карра, 13-14 ёшда 26 баробаргача кучайиши илмий исботланган.

Тартибсиз жинсий ҳаёт. Жинсий шериклар сони ОПВ билан касалланиш даражасини оширади. Ҳаётида беш киши билан яқинлик қилган одамда ОПВ деярли 100 фоиз бор деса бўлаверади.

Узлуксиз ва тартибсиз орал контрацептив воситаларини истеъмол қилиш. Лекин бунга ҳали узил-кесил илмий далиллар йўқ, чунки одатда орал контрацептивлардан фойдаланиш тартибсиз жинсий ҳаёт ёки жинсий муносабатларни барвақт бошлаш билан боғлиқ бўлади.

facebookдан олинди. Муаллиф: Нарчаев Фазлиддин

https://t.me/healthyfamilyuz20