ҚЎРҒОШИНЛИ ХЎЖАЛИК ПИЧОҚЛАРИДАН “МИЛЛИЙ” ЗАХАРЛАНИШ
Medcloud каналида бир неча ой олдин ёш бола 1 ойдан бери ич қотиши, кўнгил айниши ва кучли (аппендицитга ўхшаш) оғриқлар билан безовта бўлиб, аниқ ташхис топилмай қийналгани ва охир-оқибат сабаб оддий хўжалик пичоғида бўлиб чиққанлиги хақидаги видео мени жуда хайрон қолдирганди.
Маьлумот рус тилида бўлганлиги учун ўзбекчада яна хам тўлдириб улашгим келди. Видеоларда пичоқнинг қўрғошин қисмини оловда куйдириб аниқлаш мумкинлиги айтиб ўтилган (кўк рангдаги сўзларга боссангиз кўра оласиз).
Бизни уйда хам “Отамни пичоғи” (бешбармоқ, каллапочага гўшт кесилганда отам ишлатганлари учун) айнан шундай қўрғошинли сопдан ясалганлиги ёдимга тушди. Уни аяб, йилда 3-4 марта ишлатамиз (яхшиям).
Қуйида қўрғошин (айлана билан белгиланган) сопли пичоқлар кўрсатилган, кўпчилик ўзбек оилаларида бор бўлса керак.
Эьтибор берсангиз, нақшли ва бежирим соп қисми қўрғошиндан ясалган. Қўрғошин (рус. Свинец; инг. Lead) оловда тез юмшайди хамда қуйма усулда хар қандай шакл хосил қилиш мумкин бўлган оғир металл. Аккумулятор, қурол ўқи, эски бўёқлар, эски консерва банкалари, батарейкалар, техника микросхемалари таркибига кирган.
Ёшлигимизда аккумуляторни оловда эритилган қўломи (қўрғошини) ва қўй терисидан “ЛАНКА” ясаб ўйнардик (кўпчилик йигитлар ёшлигини эслагандир). Аслида захар ўйнаган эканмиз.
Тарихда Франция, Англия саноатлашиши даврида минглаб одамлар бу оғир металлдан захарланиб нобуд бўлган. Кейинчалик озиқ-овқат махсулотлари, сув, хаво хавфсизлиги таьминлаш мақсадида нормалар ишлаб чиқилган ва ичаётган сувимиз хамда тупроқ бу оғир металга текширилади (ДСЭНМ қоғозларида шунақа). Атрофимизда бу захарли металл анчагина топилади. Айниқса металлургия ривожланган шахарлар хавосида (қўрғошин буғ, чанг холатида хам тарқалади).
Энди бемор болада кузатилган холатга қайтсак, пичоқдаги қўрғошин соп доимий ишқаланиш оқибатида кўзга кўринмас даражада озиқ-овқатга ажралади. Ёш болаларда мавжуд қўрғошинни 70%и, катталарда эса 20%и қонга сўрилади. Шунинг учун ёш болаларда захарланиш хавфли ва яққол юзага чиқади.
Қўрғошиндан захарланиш ёш болаларда қуйидагича намоён бўлади:
- СУРУНКАЛИ ҚАБЗИЯТ (ИЧ ҚОТИШИ);
- КЎНГИЛ АЙНИШИ;
- ҚОРИН ОҒРИҒИ (СПАЗМЛАР, АППЕНДИЦИТГА ЎХШАШ).
Болаларда ителлект сусайиши, хотира пастлиги, билим олишга иштиёқсизлик ва жисмоний ривожланишда ортда қолиш, ДАВОЛАНИШИ ҚИЙИН БЎЛГАН СИДЕРОБЛАСТИК АНЕМИЯ (темир препаратлари беришингиз бефойда!!!) кузатилади. Сиз йиллар давомида болангизни захарланиши сезмаслигингиз мумкин.
Ўткир захарланиш холатида бола хушини йўқотиши, кома холатига тушиши, буйрак ва мия зарарланиши мумкин (масалан юқоридаги расмда қўрғошинли краска билан бўялган девор холатида). Албатта, бу кам учрайди.
Диагностикаси қонда бевосита қўрғошин миқдорини ўлчаш ва рентгенография асосида амалга оширилади.
Даволаш қўрғошиннинг қондаги миқдорига қараб. Агар 45 мкг/дл ва ундан юқори бўлса, EDTA ва хелат деб аталадиган дорилар билан даволанади. Ақлий қобилиятдаги асоратлар тўлиқ орқага қайтмайди.
Ота-оналарга фойдали маслахатлар:
1. Юқоридаги пичоқларни қатьиян озиқ-овқат махсулотларига ишлатмаслик!Яхшиси сувенир бўлиб қолсин;
2. Телефон ва хар қандай техник воситалар эхтиёт қисмлари(аккумулятор, батарейка, микросхема ва б.)ни болалардан узоқ тутиш;
3. Эски уйлардаги девор бўёқлари, қадимий консерва идишларни бола билан контактига йўл қўймаслик;
4. Хитойда ишлаб чиқарилаган металл брилок ва бижутериялардан болангизни узоқ тутинг;
5. Агарда металлургия саноати зоналарига яқин яшасангиз сув фильтрларидан фойдаланинг хамда уйингизни чанглардан тез-тез тозаланг
6. Агарда юқоридаги симптомларни кузатсангиз шифокорга мурожаат этинг (ТОКСИКОЛОГ). Қонда қўрғошин миқдори ўлчаш керак бўлади. Бу текширув бўлмаган холатда оёқ ва қўл суяклари рентгени билан ташхис қўйиш имкони бор.
BIZNING SOG’LOM OILA ва MILLIY TIBBIYOT каналлари фарзандингиз билимли, қобилиятли ва соғлом бўлиб ўсишини тилаб қолади.