February 13, 2020

Суд фаолиятида янги ташкил этилган ёшлар иттифоқи етакчилари Ёшлар билан учрашув ўтказди

Самарқанд таянч тиббиёт коллежи биносида суд фаолиятида янги ташкил этилган ёшлар иттифоқи етакчиларининг биргаликда ўқувчи ёшлар билан давра суҳбати бўлиб ўтди.

Йиғилишда Фуқаролик ишлари бўйича Самарқанд вилоят суди бош мутахасиси Ҳамраев Нодир, Жиноят ишлари бўйича Самарқанд вилоят судининг судья катта ёрдамчиси Қодиров Отабек, Самарқанд вилоят маъмурий судининг судья катта ёрдамчиси Суюнов Бегзод, Самарқанд вилоят иқтисодий судининг иш юритувчиси Маматазимов Достон томонидан - “Ёшларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, суд-ҳуқуқ тизимидаги ислоҳотлардан хабардор қилиш, ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикасини амалга ошириш”, “Ёшлар ўртасида эрта нигоҳни ҳамда ёш оилаларнинг ажралишларини олдини олиш”, “Коррупция-адолат кушандаси”, “Огоҳ бўлинг: одам савдоси мудҳиш жиноят” мавзуларда марузулар қилишди.

Йиғилишни коллеж директорининг ўқув ишлари бўйича директор ўринбосари Вахобиддин Холмонов очиб, йиғилганларни бугунги ўтказилаётган тадбир ва ундан кўзда тутилган асосий вазифалар билан ҳамда ташриф буюрган меҳмонлар билан таништириб ўтди.

Фуқаролик ишлари бўйича Самарканд вилоят суди бош мутахассиси Ҳамраев Нодир сузга чиқиб, ёшлар ўртасидаги эрта турмуш қуриш ва бунинг салбий оқибатлари ҳақида гапириб, бугунги кунда айнан Самарқанд шаҳри оилавий ажримлар бўйича биринчи ўринда эканлиги, эрта никоҳга киришишнинг, ёш оилалар ўртасидаги ажримларнинг олдини олиш, оилаларда маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида батафсил маълумот берди. Жумладан, никох ёшининг йигитлар ва кизлар учун бир хил 18 ёш деб белгиланганлиги хам амалга оширилган ишларнинг мухим бир қисми эканлигини таъкидлади.

Қизиқарли маърузадан сўнг оилада эр ва хотин ўзаро бир бирини ҳурмат қилмаганлиги, тушунмаганлиги туфайли ажрашиб кетиши натижасида икки нафар вояга етмаган фарзандларнинг аянчли тақдири, хусусан, ўғил фарзанднинг жиноят йўлига кириб кетиши лавхалари акс этган, таьсирли видеоролик намойиш этилди.

“Ёшларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, суд-ҳуқуқ тизимидаги ислохотлардан хабардор қилиш, ёшлар ўртасида хуқуқбузарликлар профилактикасини амалга ошириш” мавзуларида Жиноят ишлари буйича Самарқанд вилоят судининг судья катта ёрдамчиси Қодиров Отабек маъруза қилди.

Шундан сунг Самарқанд вилоят иқтисодий судининг иш юритувчиси Маматазимов Достон сўзга чиқиб, иқтисодий судлар томонидан амалга оширилаётган ишлар ҳақида батафсил маълумот берди ва бугунги кунда жамиятимиз аъзолари томонидан бир овоздан қораланаётган ҳамда бу иллатни йуқотиш учун президентимиз бошчилигида унга қарши аёвсиз уруш эълон қилинган коррупция балоси ҳақида гапириб, бу иллатни йўқотиш борасида амалга оширилаётган ишлар борасида маълумот берди.

Сўзга чиққан Самарканд вилоят маъмурий судининг судья катта ёрдамчиси Суюнов Бекзод ҳам маъмурий суд фаолияти ҳақида маълумот бергач, жамиятимиз равнақига ғов бўлган яна бир иллат - одам савдоси жинояти ва унинг салбий оқибатлари ҳақида тушунча берди.

Йиғилиш сўнгида ўқувчилар ўзларини қизиқтирган барча саволларига тўлик ва батафсил жавоб олдилар.