July 10, 2019

Ўзбекистон икки хил стандартлар замини

Бизда ғалати ва мустаҳкам ўрнашган икки стандартлилик мавжуд.

Биз коррупцияга қарши баландпарвоз сўзларни айтамиз. Унга қарши курашиш керак деймизу унга қарши эмас уни оқибатларига қарши курашамиз. Қама-қама билан самара топамиз деб ўйлаймиз. Бироқ ойлиги 1 миллион бўлган давлат ишчисини коррупцияга мойиллиги сабаби айнан паст ойликлар эканлигига кўз юмамиз. Ойлиги яшашига зўрға етаётган, оч қолмаслик учун ҳар кун курашадиган оқ қўйлакдаги оддий ходим пора олишни ўзига маънан хақли деб ўйлайди.

Йиллар давомида мансаб пиллапояларидан қийинчилик билан кўтарилиб, камига рози бўлиб, мажлисларда хақорат ва тепкиларга чидаб келиб, кунлардан бир кун қайсидир креслога эга чиқса у ҳам пора олишга ўзини маънан хақли деб ўйлайди. Бекорга ўқидимми, бекорга шунча йил паст ойликка ва таҳқирланишга чидадимми? Ҳозир олмасам яна қачон оламан деб ўйлайди. Бироқ микрофон тутганингизда коррупцияни шундай сўзамоллик билан қоралайдики, унга хайкал қўйгингиз келади.

400 минг сўм олгани учун нафақахўр боғча мудирасини 5 йилга кесиб ташлаймизу лекин расман ойлиги 3 миллион бўлган мансабдор ўзининг навбатдаги 3 қаватли дала ҳовлисини қурганида буюрсин деймиз, ҳавас қиламиз.

"К" тумани ҳокими 80 нафар ўқитувчиларни чиқартириб уларга бетон қуйдирадию, бу нарса шов-шувга айланиб кетганидан сўнг камера қаршисида ўзининг отаси ҳам ўқитувчи бўлганини, ўқитувчиларни хурматсизлик қилишни ўзига эп кўрмаслигини қизармасдан айтаверади.

Расмийлар чел эл тажрибаси, чет эл тажрибаси деб қайсидир эскиликни инновацион янгилик сифатида тиқиштирмоқчи бўлганида қайси чет эл тажрибаси экан-у деб қизиқсанг Беларуссия ва Россия тажрибаси ҳақида гап кетаётгани маълум бўлади. Беларусия ва Россия биз учун чет эл лекин бурнимиз тагидаги Қозоғистон тажрибасини ўзимизга эп кўрмаймиз.

Американи, Европани узлуксиз равишда айблаймиз, уларнинг миллионта ютуғини четга суриб биргина минуси гомосексуалларга берилган эркинликни рўкач қилиб, "сан нима гей парад хохлавоссанми?" деб бировнинг оғзига урамиз, Америка ундоқ, Америка бундоқ деб оғиз кўпиртирамизда лекин гринкард ўйнашни тўхтатмаймиз, имкони бўлса жон деб ўша чириган ғарбга суришга тайёр турамиз.

Ўзбек болажон халқ деб фахрланамиз лекин болалар уйлари лиқ тўла, ёш қизлар боласини хожатхонага ташлаб кетмоқда, 7 ёшли боласини йўл четидаги арчанинг ортига ўтиб ўз қўллари билан бўғиб ўлдирмоқда. Хотин қизлар бизда доим ардоқда деймизу кимдир хотинини урганини эшитсак бунга нормал қараймиз. Ҳа оилада бўп туради деб елка қисамиз.

Биз шунақа халқмиз. Менталитетимиздан энг сара жойларини юлиб олиб шулар билан мақтаниб юрамиз. Қусурларимизни айтганларга, билдирганларга ёв қараш қиламиз. Биз сўзи билан амали бир бирига мос келмайдиган халқмиз. Давлат ташкилотлари даражасида эса сўз амалга, амал қоғозга, қоғоз эса сўзга мос келмайди. Ушбу халқа ичида қамалиб, реформаларга умид қилиб яшайверамиз.

Мен ўз ватанимни, халқимни бор ютуқ ва камчиликлари билан севаман. Агар фақат ютуқлари учун севсак унда қанақа фарзандмиз?

Ватан ютуқ ва камчиликларига қарамай севилади.

P. S. Икки хил стандартга ўз тажрибамдан бир мисол. Туман, вилоят ҳокимлари катта мажлисларда қўл остидаги ходимларини, ишчиларини, бошқа ҳокимларни ва ҳатто вазирларни оммавий хақорат қилганида ҳамда бу нарса катта ижтимоий резонанс уйғотганида жииим турамизда лекин бир блогер қизишиб иккинчисини хақорат қилганида улар келишиб кетганига қарамай зудлик билан расмий баёнот билан чиқамиз. Уни оммавий дискредитация қиламиз. Хуллас калом романтика!