December 28, 2019

Одил Аҳмедовдан бошлаймиз. Нега у “Фидойилик рамзи”га раво кўрилди?

Баъзиларга умуман фарқи йўқ бўлса-да айтишим керакки, канал юритишга вақт бўлмаяпти. Анча яхши ўзгаришлар қиляпмиз (менимча). 24 декабрь куни футболдаги энг яхшиларни тақдирладик. Маросим яхши ташкил этилди чамамда, номинациялар ғолибларига эса эътирозлар бўлиши табиий. Чунки ўзимиз ҳам ФИФА номинацияларида танқид қилиб ўрганиб қолганмиз.

Хўш, Одил Аҳмедовдан бошлаймиз. Нега у “Фидойилик рамзи”га раво кўрилди? Чунки Одил футболни якунламай туриб, ўз футбол мактабига асос солган кам сонли футболчилардан бири. У футбол мактабини соққа қилиш учун очмаяпти, футболда топаётган пули ўзига етиб ортади. У шунчаки бўлажак Одилларни етиштириш ниятида. Бир неча йиллар олдин ТТЗ стадионидан автобуснинг орқа ўриндиғига ўтириб, мендан футболчи чиқармикин деб ўйлаб келаётган даврларини унутмаган. Бугун ўша саволлар оғушида юрган болаларга ёрдам бермоқчидир балки.

Мухлислар ташрифи бўйича Навбаҳор етакчи. Номинация энг яхшиси эмас, ташриф дейилди. Агар энг яхши дейилса, деярли ҳар икки ўйиндан биттасида жанжал келтириб чиқарадиган наманганлик футбол мухлислари бунга муносиб бўлмасликлари мумкин. Бироқ улар ўз стадионларида шундай муҳит яратишадики, нега Навбаҳор бу совринга лойиқ кўрилди, дея олмайсиз. Дейиш учун сиз ҳам ўз стадионингизни шундай муҳит ярата олишингиз керак, бу эса осон иш эмас.

Йилнинг энг яхши футбол журналисти — Қаҳрамон Асланов. Мен Азиядагиларни ҳам, Трибунадагиларни ҳам, Спортс.уз’дагиларни ва бошқаларни ҳам шахсан танийман, имкониятлари ҳақида ўз фикрим бор, кўпларини ҳурмат қиламан, меҳнатларини қадрлайман. Савия, ёзиш услуби ва бошқа масалаларда олиб қарасак, менимча Асланов номинация учун энг лойиқ журналист. У кўпчиликдан фарқли ўлароқ энг нейтрали ҳам. На футболчилар ва на мураббийлар билан шахсан таниш, на у гуруҳга ишлайди ва на бу гуруҳга. Энг яхши бўлиш учун ҳамма пресс-конференцияларда иштирок этиш шарт эмас. Чунки ҳамма пресс-конфларга келадиган шундай одамлар борки, уларни ҳеч қачон журналист сифатида тан олмайман.

Энг яхши ҳудудий ассоциация — Андижон. Буниси ҳақиқий парадокс. Вилоятнинг асосий футбол клуби қанчалик пассив ва муаммоларга чўмилган бўлса, вилоят футбол ассоциацияси шунинг тескариси. Пулька ўйинларига ва Андижондаги 2-лигага бир қараш керак. Улар Андижон-2 жамоасини Про-лигага қўйишди, Германия ёшлар терма жамоасига ташкилотчилик қандай бўлишини кўрсатишди ва ҳоказо.

Йилнинг энг яхши ёшлар мураббийига эътироз кўп бўлди. Рўзиқул Бердиев ёшлар билан ишламаслигини ЎФА ҳам яхши билади. Ёшлар билан зўр ишлаётган мураббийлар бизда ўндан зиёд. Бердиев эса Суперлигада ёшларни қўрқмасдан майдонга туширадиган мутахассис сифатида тақдирланди. Чунки унинг бу хизматлари фонида ёшлар, олимпия ва миллия терма жамоа ютяпти. Бердиев ёшларни хоҳишига кўра эмас, молиявий мажбуриятлар сабаб майдонга қўяётганига ишонаман. Бироқ факт фактлигича қолгани яхши. Шунингдек, терма жамоалар тепасида турувчи ташкилот ўз жамоаларига энг кўп футболчи бераётган клубни ёки унинг мураббийини рағбатлантиришга ҳақли.

Қолган барча номинациялар сўровнома якунларидан келиб чиқилди. Суперлиганинг энг яхшиларини ПФЛ ҳар ойда аниқлаб боради ва йиллик таъсир ўтказишини йил бошидан айтиб келади. Овоз берувчилар Суперлиганинг 14 клуби бош мураббийлари ва сардорлари, шунингдек, мухлислар овози ҳам 1 тага ўтади. Ўзбекистонлик энг яхши мураббий ва футболчини эса 60 киши аниқлаб берди — 46 нафар энг кўзга кўринган футбол журналисти ҳамда 16 нафар ҳудудий футбол ассоциация вице-президенти. Энг чиройли голни биз ҳеч иккиланмай Шаҳзод Убайдуллаевга берардик. Бироқ голни мухлислар аниқлаб берди, уларнинг овозлари эса ҳурматга лойиқ. Айтмоқчиманки, бу ерда на ЎФА ва на ПФЛ овози йўқ.

Ва яна битта масала. Нега Арвеладзе Суперлигада энг яхши-ю, рамзий терма мураббийи Бақоев? Чунки, Арвеладзе етарли даражада тақдирланди. ЎФА эса Жиззахдан туриб Чемпионлар лигаси йўлланмаси учун кураш олиб бораётган мураббийни ҳам рағбатлантиришни истайди. Токи бу уни янада руҳлантирсин ва Бақоев жамоаси 2020 йилда янада кучлироқ ўйинлар кўрсатсин. Керак бўлса, қолган вилоят жамоаларига ҳам бу мотивация бўлсин, дейди.

Диёр Имомходжаев, журналист.