Айрим ҳудудларда сайловлар ўтказилишида қонун бузилиши содир этилгани ҳақидаги маълумотларга Бош прокуратура БАЁНОТИ
Прокуратура органлари томонидан сайлов жараёнида қонун устуворлигини таъминлашга қаратилган чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Мазкур фаолият доирасида Бош прокуратура штаби томонидан оммавий ахборот воситалари ва Интернет тармоғи, шу жумладан ижтимоий тармоқларда сайловга оид қонун бузилиши ҳолатлари ҳақида эълон қилинган маълумот ва хабарлар узлуксиз равишда ўрганилмоқда.
2019 йилнинг 22 декабрь, яъни парламент Қонунчилик палатаси ҳамда халқ депутатлари маҳаллий кенгашларига ўтказилган сайловлар куни Интернет тармоғида айрим ҳудудларда сайловлар ўтказилишида қонун бузилиш ҳолатлари содир этилаётганлиги ҳақида маълумотлар эълон қилинди.
Хусусан, Қашқадарё вилояти Косон тумани халқ депутатлари Кенгаши депутатлигига номзоди кўрсатилган шахсларни ўз номзодларини қайтариб олишга мажбурлаш, Тошкент шаҳри Олмазор туманидаги 10, 23 ва 142-сонли сайлов участкалари ишига ноқонуний аралашиш ҳамда округ ва участка сайлов комиссияларига Тошкент шаҳри Яшнобод туманида овозларни санаб чиқиш бўйича якуний баённома нусхасини тўлдириш ва баённома нусхаларини ҳеч кимга тарқатмаслик юзасидан ғайриқонуний кўрсатма берилиши билан боғлиқ маълумотлар тармоқ орқали тарқатилиб, кенг жамоатчилик орасида муҳокамага сабаб бўлди.
Марказий сайлов комиссиясидан юқорида келтирилган маълумотлар тегишли тартибда кўриб чиқиш учун Бош прокуратурага тақдим этилди.
Шу муносабат билан, тажрибали прокурор-тергов ходимларидан иборат махсус гуруҳлар шакллантирилиб, мазкур хабарларнинг ҳар бири синчковлик билан ҳар томонлама ўрганилмоқда.
Бу борада Марказий сайлов комиссияси билан яқиндан ҳамкорлик ўрнатилиб, тезкор маълумотлар алмашинуви йўлга қўйилган.
Текширишлар натижасига кўра хабар берилади.
Манба: ЎзА.