December 3, 2019

Ўзбекистон Президенти Душанбе шаҳри раисини қабул қилди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 3 декабрь куни Тожикистон Республикасининг пойтахти - Душанбе шаҳри раиси Рустам Эмомалини қабул қилди.

Учрашув аввалида давлатимиз раҳбари Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги дўстлик ва яхши қўшничилик муносабатлари кейинги йилларда изчил ривожланиб бораётганини мамнуният билан қайд этди.

Икки қардош мамлакат раҳбарларининг сиёсий иродаси туфайли кўп қиррали ҳамкорликни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиш таъминлангани, Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасида стратегик шериклик йўлга қўйилгани алоҳида таъкидланди.

Душанбе шаҳри раиси Рустам Эмомали қабул учун самимий миннатдорлик билдириб, Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмоннинг саломи ва энг эзгу тилакларини етказди.

Учрашувда мамлакатларимиз пойтахтлари Тошкент ва Душанбе ўртасида ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтиришнинг амалий жиҳатлари муҳокама қилинди.

Шаҳарни бошқариш ва инфратузилмани ривожлантириш, "йўл харитаси" асосида қўшма кооперация лойиҳалари ва маданий-гуманитар ҳамкорлик дастурларини амалга ошириш каби йўналишларда мунтазам мулоқотни йўлга қўйиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Манба: Ўзбекистон Республикаси Президентининг матбуот хизмати.