December 2, 2019

Дивья Бхарти. Машҳурлик ва даҳшатли ўлим

“Ўлдираман!” Миллионлаб томошабинлар қалбини забт этган “Девона” фильмидаги ушбу хитоб ва унинг мафтункор соҳибасини ҳинд киноси мухлислари асло унутмаса керак.

 ...1990 йилларнинг бошида Болливудда янги “юлдуз” чарақлай бошлади. Унинг “нур”и кўзни қамаштирадиган даражада эди. Дивья Бхартининг бошни айлантирадиган миқёсдаги машҳурлигига ҳамкасблари бирдек ҳавас қиларди.

У қисқа умри давомида бетакрор роллар яратди. Иштирокидаги фильмлар хитга айланди. Ёш актриса миллионлаб мухлислар орттириб, ҳинд киноси суперюлдузи мақомига эришди. У биринчи фильмидаги роли билан тилга тушган ва ўз даврининг ёшлари орасида яна ўн тўртта фильми намойиш этилмай қўлида турган ягона актриса эди. Дивья Бхарти Ҳиндистонда нуфузли саналган "Filmfare Awards” мукофотининг "Янги чеҳра” номинацияси совриндори ҳам бўлган. Унинг ижро этган ёрқин роллари бугунги кунда ҳам оҳорини йўқотгани йўқ...

Дивья Бхарти 1974 йилнинг 25 февралида Ҳиндистоннинг Махараштра штати Мумбай шаҳрида туғилган. Болалиги Ҳайдарободда ўтди. Кинога таклиф қилишганида Дивья ҳали 9-синфда ўқирди. У ташқи томондан машҳур актриса Шри Девига ўхшаб кетар, буни режиссёр ва продюсерларнинг илғамасликлари мумкин эмасди.

Дивья Бхарти “Уч дарғазаб эркак” (“Vishwatma”, 1992), “Девона” (“Deewana”, 1992), “Ошно қалблар” (“Dil Aashna Hai”, 1992), “Шуъла ва шабнам” (“Shola AurShabnam”, 1992), “Ҳаёт ранглари” (“Rang”, 1993) каби фильмларда суратга тушиб мухлислар қалбини забт этган эди.

Бироқ Дивьянинг омад қуши кутилмаганда ўз ўрнини нохушликка бўшатиб берди. У 1993 йилнинг 5 апрелида 19 ёшида бешинчи қаватдаги уйининг ойнасидан тушиб кетиб, ҳалок бўлди. Болливуддаги кўпчилик “уни кимдир ташлаб юборган”, деган фикрда...

Дивья иштирокидаги "Ранг” ва "Шахмат” фильмлари ўлимидан бир неча ой ўтгач, экранларга чиқди. Ҳар иккала фильм ҳам Болливуд актрисаси хотирасига бағишланди.
Бхарти ўлимига алоқадор тергов ишлари 1998 йили тўхтатилди. Соҳибжамол актриса вафоти сабаблари охиригача очилмай қолаверди.