Мамлакатимизда олиб борилаётган суд-ҳуқуқ ислоҳотларининг амалдаги намунаси
Мен Холмухамедов Рахим Файзуллаевич узоқ йиллардан буён тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланаман. Мамлакатимизда сўнгги йилларда тадбиркорлик субъектларига яратилаётган имтиёзлардан фойдаланиб, 2018 йилда Наманган вилоятида “Agro export trading”номли МЧЖташкил қилиб, воситачилик фаолияти билан шуғулланиб, вилоятнинг экспорт салоҳиятига салмоқли ҳисса қўшганман. Бироқ, иш бор жойда камчилик бўлганидек, Солиқ органларига ҳисобот топширишда ҳисоб-китоблардаги чалкашликлар сабаб хатога йўл қўйганлигим натижасида фаолиятим юзасидан текшириш ўтказилиб, натижада мени улгуржи савдо билан шуғулланган деб топилиб, 5 фоизли солиқ ставкасида 2 млрд сўмдан ошиқ солиқдан қарздорлик ҳисобланиб, иш терговга оширилди. Мен солиқ органига улгуржи савдо билан эмас, балки воситачилик фаолияти билан шуғулланганлигимни, шу сабабли даромадга нисбатан 33 фоизли солиқ ставкасида солиқ ҳисобланиши кераклигини ҳар қанча тушунтиришимга қарамасдан, менинг важларим инобатга олинмади. Шундан сўнг бу бўйича ўз норозилигимни билдириб, турли идора раҳбарларига шикоят билан мурожаат қилдим. Ҳақиқат букилади, лекин синмайди деганларидек, менга нисбатан Наманган шаҳрида бўлиб ўтган тергов ва суд жараёнларида мутахассислар томонидан бу ҳолат қайтадан синчликлаб текширилиб, мен тақдим қилган ҳужжатлар асосида текширишда аниқланган солиқ суммаси даромаддан 33 фоиз, яъни 178 млн сўмга қайта ҳисоб-китоб қилинди ва мен бундан қониқиш ҳосил қилиб, зарарни ихтиёрий равишда тўлиқ тўладим.
Бундан ташқари, судда мен ўзимга берилган музокара сўзимдан фойдаланиб, қилмишимдан чин кўнгилдан пушаймонлигимни билдириб, раислик жиноят ишлари бўйича Наманган шаҳар суди судьяси Н.Раимкуловдан ўзимга нисбатан жазо тайинлашда тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланаётганлигимни, иш юзасидан тез-тез чет давлатларга чиқиб туришимни инобатга олиб у ёки бу фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқидан маҳрум қилиш тариқасидаги қўшимча жазони қўлламасликни ва иложи бўлса жарима жазоси тайинлашни илтимос қилдим. Раислик қилувчи томонидан бу илтимосим тўлиқ қаноатлантирилиб, менга нисбатан қўшимча жазо тайинланмасдан жарима жазоси тайинланиб, менинг тадбиркорлик фаолиятимни давом эттиришимга имконият яратиб берилди.
Мазкур суднинг одилона қароридан рози бўлган ҳолда сўнгги пайтлардаги суд-ҳуқуқ соҳасидаги ижобий томонга бўлаётган ўзгаришларнинг ташаббускори бўлган муҳтарам Президентимизга, шунингдек, прокуратура ва суд органлари раҳбариятига ўз миннатдорчилигимни билдираман.
Рахим Холмухамедов, тадбиркор.