December 17, 2019

Россия қурилиш компанияси вакиллари Чортоқда

Чортоқ тумани ҳокими Анваржон Отаходжаев Россия Федерациясининг “Доступное жильё” инвестицион қурилиш компаниялари гуруҳи директорлар кенгаши раиси ўринбосари Игорь Яцун ва ушбу компаниянинг МДҲ бўйича вице-президенти Денис Стриганов билан учрашув ўтказди.

Илғор технологияга асосланган ва малакали қурувчи-мутахассисларига эга “Доступное жильё” МДҲ ва бошқа мамлакатлар билан қурилиш соҳаси бўйича ҳамкорлик ўрнатган етакчи компания ҳисобланади.

Суҳбат давомида қурилиш ва архитектура соҳасида амалга ошириладиган лойиҳалар, хусусан, Чортоқда “Доступное жильё” компанияси тажрибаси асосида кўп қаватли маъмурий бинолар, ижтимоий соҳа объектлари ва бошқа иншоотларни қуриш бўйича ҳамкорликни йўлга қўйиш юзасидан фикр алмашиниб, мазкур йўналишдаги ишларнинг ташкилий-ҳуқуқий, иқтисодий масалалари муҳокама қилинди.

Туман ҳокими Анваржон Отаходжаев бундай лойиҳаларни амалга оширишда албатта илғор хорижий компанияларнинг иштироки жуда муҳимлигини ва ўзаро ҳамкорликдаги ишлар учун барча шароитлар яратиб берилишини алоҳида таъкидлади.

Шунингдек, компания вакилларига амалга ошириладиган қурилиш лойиҳалари ҳақида маълумот берилди.

Учрашувда туман ҳокимининг саноатни ривожлантириш, капитал қурилиш, коммуникациялар ва коммунал хўжалик масалалари бўйича ўринбосари Санжарбек Мирзабаев, “Элдор” МЧЖ раҳбари Сайдулло Қирғизовлар иштирок этдилар.

Чортоқ туман ҳокимлиги Ахборот хизмати.