Москва – Наманган йўналиши бўйича кеч қолган рейсига “Uzbekistan Airways”нинг ИЗОҲИ
Наманган ва Фарғона халқаро аэропортлари қуюқ туман туфайли ҳаво кемаларини қабул қилиш учун ёпиқ эди. Шу сабабли “Uzbekistan Airways” компаниясининг HY-620 Москва – Наманган йўналиши бўйича 8 декабрда парвоз қилган Boeing 757 ҳаво кемаси командири қарори билан “Тошкент” аэропортига соат 17:41 қўнди.
“Наманган” аэропортида об-ҳаво узоқ муддат яхшиланмаганлиги боис, ер усти транспорти билан манзилга етиб олишни истаган йўловчиларга, авиакомпания қоидаларига мувофиқ, манзилига етиб олиш учун йўл харажатлари тўлаб берилди.
Йўловчиларга, жумладан юки кўп бўлганларга, авиакомпания томонидан якуний манзилга энг яқин қатнов билан етиб олиш таклифи берилди. 9 декабрь куни соат 08:25даги HY-095 қатнов билан Наманганга етиб боришга 37 нафар йўловчи розилик билдирган.
“Наманган” аэропортида узоқ вақт об-ҳаво ўзгармаганлиги сабабли мазкур қатнов вақти соат 10:00га, сўнгра 12:00 ва 14:00га кўчирилди. Учишни кутиш вақтида йўловчилар “Тошкент” аэропорти халқаро йўналишлар терминалининг кутиш залига жойлаштирилди. Уларга икки марта иссиқ овқат ва эрталабки нонушта тақдим этилди. 9 декабрь куни соат 07:00да йўловчилар Наманганга учиш учун ерусти транспорти билан маҳаллий авиайўналишлар аэровокзалига етказилди.
“Наманган” аэропортида об-ҳаво яна ёмонлашгани йўловчиларнинг самолётда узоқ вақт кутишига сабаб бўлди. Баъзи агрессив кайфиятдаги йўловчилар об-ҳавога қарамасдан, тезроқ учишни талаб қилишди.
“Наманган” аэропорти очилиши тўғрисида маълумот олиниши билан, ҳаво кемаси командири учишга қарор қилди ва йўловчилар самолётга таклиф қилинди. Агрессив кайфиятдаги йўловчилардан бири самолёт саҳнига чиққач, ўз эътирозлари билан катта борт кузатувчига ташланди. 5 нафар йўловчи, шу жумладан катта борт кузатувчига тан жароҳати етказган йўловчи аёл аэропорт милиция линявий бўлими томонидан қатновдан четлаштирилди. Бу ҳолатда экипаж аъзосини ҳам алмаштиришга тўғри келди.
Таъкидлаш жоизки, ушбу вақт давомида “Uzbekistan Airways” раҳбарияти йўловчилар билан тўғридан-тўғри мулоқотда ўтказиб тушунтириш ишлари олиб боришди.
“Uzbekistan Airways” йўловчилардан учиш ва қўниш аэропортларида қишки мавсумдаги ёмон об-ҳаво шароити туфайли парвозлар жадвалига киритилаётган ўзгаришларга тушунган ҳолда ёндашишни сўрайди. Чунки парвозлар ва йўловчилар хавфсизлиги бизнинг энг муҳим вазифаларимиздан ҳисобланади.
“Uzbekistan Airways” Ахборот хизмати.