Адабиётшунос ёзувчи Муҳаммад Вали – 55 ёшда!
КУРАШГА ЧОҒЛАГАН ДОМЛА
Журналистикага киришим, ОАВ соҳасида қолиш ё ишламаслигимни ҳал этган инсонлардан бири кимлиги, унинг камолимга қўшган ҳиссаси ҳақида тўхталмоқчиман.
2004 йил, НамДУ қошидаги 1-академик лицейи ўқувчиси эдим. Хабар кўтариб, шу кишининг олдига келдим. Қўлларига тутқазган қоғозимга кўз югуртириб қўйдилар-у, синаш учун ноодатий саволлар билан юзландилар. Табиийки, довдирадим, жавобини билмаслигимни тан олдим. Ўшанда она тили ва адабиётдаги қоидаларни, бадиий асарлардаги воқелар ривожини шунчаки қуруқ ёдлаб юриб, ўзимни билимдон санаб юрган эканман. Менда энг катта камчилик - таҳлил қилмаслик, чуқур тушунишга интилмаслик, танқидий ёндошолмаслик эди!..
Сал кўзим очилгандай бўлди, лекин барибир енгил қораланган мулоҳазаларимни, ахборотларимни кўтариб келсам, бир чеккага қўйиб қўярдилар, шу менга катта сабоқ ва жазо эди. Ёзганларим ҳадеганда газетада босилавермади.
Қийналаётганимни, ҳаракат қилаётганимни кўриб, балки жиллақурса юрагим торлигини кузатибми, ёнларига ўтқизиб, анча вақт илм ва ижоднинг сирли оламига олиб кириб кетардилар. Бу одам шууунча маълумотни миясига қандай сиғдирган, мақолани нега бунақа зўр ёзади, дея ҳавасланардим. Олдимда улкан қоя - тирик китоб гавдаланиб турарди. Секин-аста дадиллаша бордим, қўрқмайгина боқардим. Чунки ақлим тўлишарди, илм ўзлаштиришнинг ғаройиб усуллари, аслида, оддий - тушуниш, ҳис этиш ва уқиш эканлигини англардим. Газета-китоб мутолаасига қатъий киришдим. Ва шунда ҳам қаторасига икки йил олий ўқув юрти имтиҳонидан йиқилдим. Энди ростмана тушкунликка тушдим, мендан ҳеч қандай журналист ҳам, толиб ҳам чиқмаслигини ўйлаб, диққатим ошарди. Шунда домланинг олтин маслаҳатларини, ўткир сўзларини эсладим, дийдорлашиб куч ўғирлардим, абитуриентликни енгишга қасдлашардим... Талабага айлангач, яна матбуотга, «Эртакчи Репетитор» таҳририятига қайтдим, топшириқлар олдим, тобландим, мушкулотларга, танқидларга чидадим, таҳрирни ўргандим, шогирдликка қадам қўйдим!..
Ва ниҳоят, матбуотда Орифжон Жўраев имзоси билан чиқишлар бошланди, кўпайди, мана, саноғидан адашилди. Осон бўлмади, бўлмайди ҳам!..
Фурсатдан фойдаланиб, мени кашф этган, курашишга чоғлаган, ҳамиша барчадан ўзгача фикрлашга йўналтирган, ҳар қайси масалага танқидий ёндашишга ибрат кўрсатган, талабчан устоз - айрича шоир, нигоҳи ўткир адабиётшунос ва мунаққид, иши пишиқ муҳаррир, кучли педагог, хуллас, камина учун идеал журналистлардан бири, чин ижодкор Муҳаммад ВАЛИ домлага самимий миннатдорлигимни айтмоқчиман.
Қўнғироқ қилсам ва юзма-юз суҳбат аввалида доимо қўллайдиган «Лаббай» ва якунида эса асло тўхтамасликка ундовчи «Курашавер!» сўзингиз мени чексиз руҳлантиради. Ҳа, сизни «Домла» деб ўрганганман, умрингиз узоқ бўлсин, илоҳим, қарши олган 55 ёшингиз таваллудингиз муборак! Сизнинг матонатингиз, иродангиз, машаққатингиз олдида бизнинг илғорлигимиз, нолишимиз, муаммоларимиз ҳеч нима...
Камоли эҳтиром ила сиз ишонган, атрофдагилардан тез-тез эътироф эшитаётган эрка шогирдингиз
Орифжон ЖЎРАЕВ.
УСТОЗ ТАВАЛЛУДИ - МЕНИНГ ТАНТАНАМ
Муҳаммад Вали ака билан танишганимда мен битта шеърий китоби чоп этилган, бир неча йиллар ўқитувчилик ва журналистлик қилган, туман газетасидан муҳаррир ўринбосари вазифасида «декрет»га чиққан ижодкор эдим. Бир қарашда ўз муҳитимда шоир саналсам-да, сира ўзимдан кўнглим тўлмасди. Қайси маънодаки, ёзганларимни ҳис қиладиган киши топмасдим ва қалбимни мубҳам туйғулар кемирарди...
Кенжа келин, тўрт фарзанднинг онаси сифатида уйда ўтирган пайтимда руҳий биқиқлик шу даражага етдики, ишламасликнинг иложи қолмади. Вилоят «Матбуот уйи» биносига бориб, бирма-бир таҳририятларга кириб чиқдим. Менга иш куни кам, кўпроқ уйда ишлаш имконияти мавжуд штат керак эди. Лекин бунақа ходим кимга ҳам керак?
«ЭРТАКЧИ - РЕПЕТИТОР» газетаси таҳририятига кирганимда, Муҳаммад Вали ака ўтирган экан. Аввал бир-икки учрашганимизни ҳисобга олинмаса, у қадар таниш эмасдик. Салом-аликдан кейин мен "Сизга шогирд керак эмасми?" деб сўрадим. У киши "Керак!", дедилар. Шу тариқа ишга кирдим. Ўшанда уч ўғилдан кейин туғилган қизим бир ёшдан эндигига ошганди...
Ўтган даврлар мобайнида кўўўўўп воқеаларни бошдан кечирдик. Энг муҳими, Муҳаммад Вали ака мени ўзимга кашф этиб бердилар. У киши менга тутган кўзгуга боқиб, ўзим мутлақо танимаган бир сийратни кўрдим ва ШОИР эканимга ишондим. Яширин имкониятларим юзага чиқди, ҳикоя ва қиссалар, адабий-танқидий мақолалар ёздим.
Домламнинг энг буюк хизмати менга СЎЗ сеҳрини очиб бергани бўлди. Асарни қандай ўқиш ва уқишни шу инсондан ўргандим. Аввал туймаган маъно-мазмунни идрок этдим.
Мен "китобхўр" эдим. Лекин ҳар доим ҳам бу эҳтиёжимни қондира олмасдим. Чунки дўконлардаги мен ошиқ бўлган китоблар нархини чўнтагим кўтара олмасди. Шундай паллада домла ҳеч бир иккиланишсиз танлаган китобимни совға қилардилар. Ҳозир ўзбек ва жаҳон адабиёти дурдоналаридан иборат каттагина кутубхонам бор ва унинг асосий қисмини Муҳаммад Вали ака тақдим этган китоблар ташкил этади.
Айтаман, десам гап кўп. Хулласи калом, бугун шу ИНСОНнинг таваллуд айёми!
Устоз, яхшиям туғилган экансиз. Акс ҳолда, менга ўхшаш қанча шогирдларингиз умрнинг, ҳаётнинг, адабиётнинг ёрқин жилоларини ҳис этмай, бундан баҳра топмай ўтиб кетарди.
Сиз каби инсонларни яратган Тангримга шукроналар бўлсин!
Гули МУРОД.