Россияда 3 кишини Россия ҳудудига поезд томида олиб кирмоқчи бўлган ўзбекистонликка суд ҳукми ўқилди
Россиянинг Оренбург вилояти Соль—Илецк туман суди томонидан 32 ёшли Ўзбекистон фуқаросига нисбатан очилган жиноят иши бўйича ҳукм чиқарилди. Бу ҳақда Оренбург вилояти прокуратураси хабар берди.
Ўзбекистон фуқаросига нисбатан Россия Федерацияси Жиноят кодексининг 322,1 (хорижий фуқароларнинг Россия Федерациясига ноқонуний кириши ва уларнинг ноқонуний қолишини ташкил этиш) моддаси билан жиноят иши қўзғатилган.
Суд Ўзбекистон фуқаросининг жорий йилнинг октябрь ойида 2400 АҚШ доллари эвазига уч нафар ҳамюртига «Андижон—Москва» йўналишидаги поездда Россияга киришини ташкил этганини аниқлади.
Қайд этилишича, поезд ходими мигрантларни пласткард вагонларнинг бирида том остидаги бўлмага яширган.
Улар Оренбург вилоятидаги божхона назорати постида поезднинг томи остидаги бўлмасида яшириниб олган вақтларида қўлга олинган.
Россия чегарачилари томонидан поезд мутасаддиси ҳам қўлга олиниб, унга нисбатан иш очилган ва 6 ойлик қамоқ жазоси тайинланган.
Қайд этилишича, ушбу ўзбекистонлик мигрантларга Россияга кириш учун тақиқ ўрнатилган, шу сабабли ноқонуний йўл билан бўлсада, иш қидириб чет элга кетишга мажбур бўлган.