November 26, 2019

ГАР САЛОМИНГ БЎЛМАСА… Ўқинг, қизиқ!

Мабодо йўлингиз тушса-ю, олис Тибет томонларга бориб қолсангиз, у ердагилар йўл-йўлакай сизга тилларини кўрсатиб ўтсалар, сира хафа бўлманг! Тўғри, бу ишора бизда мазах қилишнинг ўзгинаси, аммо тибетликлар тилларини яхши ниятда чиқариб кўрсатадилар, яъни бу «қалайсиз? Саломат бўлинг!» деган маъноларни англатаркан.

Ҳиндистонликлар эса: «Шу тунда сизни пашшалар унчалик безовта қилмадими?» дея саломлашишади.

Олис шимолда яшайдиган эскимос халқлари эса, кўришаётганда муштлари билан бир-бирларининг бошларига ё елкаларига уриб-уриб қўядилар.

Лапландияликларники янаям ажойиб! Улар бир-бирларининг бурунларини теккизиб саломлашадилар. Ана ахлоқу, ана маданият. Куласизми, куясизми деганлари шу-да!

Салом бериш ва алик олишга жуда катта масъулият билан қарайдиган халқ бу - японлардир. Уларда таъзимнинг учта тури кенг тарқалган - сайкэйрэй (энг чуқур таъзим, жуда ҳурматли кишилар учун), ўртача (30 даража бурчак остида) ва енгил (15 даража бурчак остида).

Африканинг айрим қабилаларида эса кўришаётган одамнинг қўлтиғида қовоқ бўлиши керак. Бу ерларда қўлида қовоқ кўтариб туриб саломлашиш жуда катта ҳурмат белгиси саналади. Аммо, кун бўйи кўчада қовоқ кўтариб ё қўлтиқлаб юришни энди тасаввур қилаверинг!

Самоаликларда эса бир-бирини ҳидлаш саломлашиш ҳисобланади. Жуда ажойиб одатлар бор-да, тўғрими?!

Айтайлик, ҳозир бутун дунёда ҳамма бир-бирига қўл бериб саломлашади.

Хитойда бўлса, азалдан кўришаётган одам ўзининг қўлларини сиқиб қўяди, холос.

Францияда эса унчалик яхши таниш бўлмаган одамлар учрашганда ва хайрлашаётганларида бир-бирларига юзларини теккизадилар.

Зулусларда ҳайрат оҳангида «Мен сени кўряпман» деб айтиш салом ўрнини босади.

Гренландияликлар об-ҳаво қандай бўлишидан қатъи назар бир-бирларини кўрганларида «Об-ҳаво яхши» дейишади.

Малайзияда аксарият ҳолларда «қаёққа кетяпсан?» деб саломлашишади. Қоидага мувофиқ алик олаётган одам бундай пайтларда «Сайрга» деб жавоб қайтариши лозим.

Сахарада истиқомат қилувчи туагер қабиласи вакиллари юз метр масофадан туриб бир-бирига салом беришни бошлайдилар. Улар сакрайдилар, таъзим бажо келтирадилар, хуллас, ҳар-хил қилиқлар қилишади. Бу тарздаги салом-алик ярим соат давом этиши мумкин.

Янги зеландиялик аборигенларнинг саломлашиш тарзи янада ғаройиб! Улар аввалига қўрқинчли сўзларни айтиб қийқиришади, кейин қўллари билан ўз қоринларига муштлай бошлайдилар, оёқлари билан ер тепадилар ва ниҳоят кўзларини олайтириб, тилларини осилтирадилар. Қўрқиб кетмадингизми, демак улардансиз!

Умуман олганда, дунё халқларига бирдек тушунарли имо-ишоралар, қўл, кўз, юз, бош, лаб ҳаракатлари бор. Бу аъзоларнинг ҳаракати билан ҳар қандай одам таржимонсиз ҳам бир-бирларини бемалол тушунаверадилар.

Масалан, бош чайқаш, қўл силкиш, лаб тишлаш, кўз қисиш ва ҳоказолар каби. Ҳатто, айтишларича, Колумбияда бунақа имо-ишораларнинг 2000 таси тўпланиб, изоҳли луғат сифатида чоп этилган экан.

Тадқиқотчиларнинг аниқлашларига қараганда, бунақа имо-ишораларнинг илдизи жуда қадим замонларга бориб тақалади. Хусусан, бош бармоқни кўтариб, «қойил! Зўр!» деган маънода ҳавода силкиш қадимги римликлардан қолган дейишади.

Бизда одатда хайрлашаётганда қўл силкиб қўя қоламиз. Лотин Америкасининг айрим мамлакатларида бўлса, ҳавода қўл силкиш «Марҳамат қилинг! Хуш кўрдик!» дейиладиган пайтда қўлланилади.

Мабодо, Анд оролларига бориб қолсангиз, яна бир ажойиб манзарага гувоҳ бўласиз. У ерликлар сиз билан хайрлашаётганликларида кафтларини кўтариб унга пуфлаб қўйсалар, кўнглингизга олманг! Бу ҳам ҳурмат белгиси. Бизда бўлса, кафтига пуфлаш, аксинча «Сен бир пулсан! Бир тийинсан!» деган маънони билдиради.

Буниси ҳам майли. Италияликларнинг бармоғини чап қўлига теккизиб қўйиши: «Эҳтиёт бўлинг!» дегани эканлигига нима дейсиз? Африка қабилаларининг айримларида эса бундан ҳам баттар ҳолатни кузатиш мумкин. Улар бир-бирларини кўрганда, бир-бирларига мушт ўқталиб ўтадилар. Бу зинҳор «Дабдалангни чиқараман!» дегани эмас. Балки, «қалайсан?» «Зўр!» деган маъноларни англатади.

Қадимги Мисрда бармоқларини жуфтлаб чаккасига теккизиб қўйиш катта ҳурмат белгиси саналса, бизда фақат ҳарбийларгина бармоқ учларини чаккаларига текизиб саломлашадилар.

Кўриниб турибдики, дунёда қанча халқ, қанча элат бўлса, шунча хил урф-одат, имо-ишора ва хатти-ҳаракатлар бор. Шунинг ўзиёқ бу оламнинг нақадар кенг, бой, сирли ва ранг-баранг эканлигидан дарак беради.