December 7, 2019

Зеленский Украина"катта хўжайинлар"нинг дастурхонидаги "таом" бўлишини истамаслигини айтди

Украина президенти Владимир Зеленский мамлакати "буюк хўжайинлар" дастурхонидаги таом бўлишини истамаслигини билдирди.

АҚШнинг Time журнали ўз муқовасига Владимир Зеленскийнинг суратини жойлаштирди. Сурат остига “Ўртадаги одам. Украина президенти Владимир Зеленский Путин ва Трамп ўртасида бўлиш ҳақида” деб ёзилган. Нашрнинг Facebook’даги саҳифасида Зеленский журналнинг 16 декабрда чиқадиган халқаро версиясида пайдо бўлиши маълум қилинган.

Зеленский "Савик Шустернинг сўз эркинлиги" кўрсатувида "ўртада" бўлишни ёқтирмаслигини айтди. 

"Биз катта хўжайинлар дастурхонига тортиладиган таом бўлишимизни асло истамайман. Мен бу дастурхон атрофида ўтиришимизни ва тенг ҳуқуқли, кучли мамлакат бўлишимизни истайман", - деди Украина президенти.

Зеленскийнинг Time муқовасида пайдо бўлиши “норманд тўртлиги” саммитида иштирок этишига бир неча кун қолганда юз берди. Зеленский ушбу саммитда Россия, Франция ва Германия етакчилари билан бирга Донбассдаги вазиятни тартибга солиш масаласини муҳокама қилади.