November 20, 2019

САЙЛОВДА ҚАТНАШИШ ҲУҚУҚИДАН КИМЛАР МАҲРУМ ҚИЛИНГАН?

Савол:

- Сайловда қатнашиш ҳуқуқидан кимлар маҳрум қилинган?

Жавоб:

- Ўзбекистон Республикасининг Сайлов кодекси 5-моддасига кўра, сайловда иштирок этувчи ҳар бир фуқаро бир овозга эга бўлади.

Суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган фуқаролар, шунингдек суд ҳукми билан озодликдан маҳрум этиш жойларида сақланаётган шахслар сайланиши мумкин эмас.

Суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган фуқаролар, шунингдек оғир ва ўта оғир жиноятлар содир этганлиги учун суднинг ҳукми билан озодликдан маҳрум этиш жойларида сақланаётган шахслар сайловда иштирок этмайди.

Савол:

- Сайлов қутиларига шикаст етказса ёки қасддан овоз берувчилар қоғозларига зарар етказса қандай жазо қўлланилади?

Жавоб:

- Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 51-7-моддасига мувофиқ, сайловга ёки референдумга тайёргарлик кўриш ва сайлов ёки референдум ўтказиш жараёнида ахборот ҳамда ташвиқот материалларини қасддан йўқ қилиб юбориш ёки уларга қасддан шикаст етказиш, яъни биноларга, иншоотларга ёки бошқа жойларга жойлаштирилган ахборот, ташвиқот материалларини сайловга ёки референдумга тайёргарлик кўриш ва сайлов ёки референдум ўтказиш жараёнида қасддан йўқ қилиб юбориш ёки уларга қасддан шикаст етказиш, - энг кам иш ҳақининг уч бараваридан етти бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодекси 146-моддасига кўра, сайлов ёки референдум ташкил қилиш, уларни ўтказиш вақтида мансабдор шахслар, сиёсий партиялар ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг вакиллари, ташаббускор гуруҳлар ёки сайлов ёхуд референдум комиссиялари аъзолари томонидан овоз беришнинг яширинлигини бузиш, сайлов ёки референдум ҳужжатларини қалбакилаштириш, сайлов ёки имзо варақаларига сохта ёзувлар киритиш, берилган овозларни атайлаб нотўғри ҳисоблаш - энг кам ойлик иш ҳақининг йигирма беш бараваригача миқдорда жарима ёки уч юз олтмиш соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки бир йилдан уч йилгача озодликни чеклаш ёхуд уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Саволларга Жиноят ишлари бўйича Марғилон шаҳар суди раиси Мансур ИБРАГИМОВ жавоб берди.