November 28, 2019

Тракторчилар Парижга олиб борувчи йўлларни ёпиб қўйди

Францияда 27 ноябрь, чоршанба куни тракторларни бошқараётган қишлоқ хўжалиги ходимлари Парижга олиб борадиган автомобиль йўлларини ёпиб қўйди. Улар ушбу ҳаракат билан меҳнат шарт-шароитларининг оғирлашгани, халқаро ташкилотларнинг ва маҳаллий ҳокимиятнинг турли талабларига қаршилик кўрсатмоқда, деб ёзмоқда Le Figaro.

Қишлоқ хўжалиги ходимларининг миллий касаба қўмиталари федерацияси маълумоти бўйича норозилик ҳаракатларида 1500 та трактор ва жами 10 000 нафар фермер иштирок этмоқда. 250 га яқин тракторлар Париж кўчаларигача кириб келиб улгурган ва Фош шоҳ кўчаси орқали митинг ўтказиладиган майдонга кирган.

Намойишчиларнинг муайян қисми Парижга бормай пойтахт атрофидаги ерларни ёпиш, хусусан, Шарль де Голль аэропортига олиб борувчи трассани тўсиб қўйишга уринмоқда.

Норозилик билдираётганлар савдо эркинлиги ва ички директивлар тўғрисидаги келишувга қарши чиқмоқда ва ушбу ҳужжатнинг меҳнатни чегаралаб қўйиши, импорт маҳсулотлари рақобатига салбий таъсир кўрсатишини билдирган. Шунингдек, 2018 йилда қабул қилинган фермерлар манфаатларини ҳимоя қилиши ва аҳолининг экологик тоза маҳсулотларга бўлган талабини барқарор равишда тўлдириб бориши ҳақидаги Egalim қонунининг тўлиқ кучга кирмагани ҳам қишлоқ хўжалиги вакилларининг норозилигига сабаб бўлган.