Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси раиси Элмира Боситхоновага матбуот маслаҳатчиси тайинланди
Камола Собирова Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси раисининг матбуот котиби — ахборот сиёсати масалалари бўйича маслаҳатчиси лавозимига тайинланди. Бу ҳақда қўмита матбуот хизмати хабар бермоқда.
Камола Собирова 1983 йил 13 июнда Тошкент шаҳрида туғилган.
Фаолиятини 2001 йили Ўзбекистон миллий телерадиокомпаниясининг «Ёшлар» каналида таржимонликдан бошлаб, Agakhan Trust Culture, UzDEU Bank, Italian Food Technology, GIZ каби халқаро ташкилотларда турли вазифаларда давом эттирган.
Оилали. 4 нафар фарзанди бор.
«Камола Собирова мамлакатнинг зиёли сулола вакиласи. У ўзбек шеърияти тараққиётига улкан ҳисса қўшган улуғ шоиримиз Шавкат Раҳмоннинг фарзанди», — дейилади хабарда.
«Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси ташкилотнинг асосий кучига айлана оладиган, миллий қадриятлар ва креативликни ўзида мужассамлаштирган, замонавий билимларга эга, юртимиз хотин-қизларининг халқаро аёллар ҳаракатида муносиб ўрин эгаллашига ҳисса қўша оладиган ёш кадрларни қўллаб-қувватлаш позициясида устувордир.
Ўтган 5 ойда Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси тизимининг ахборот соҳасида эришилган шаффофлик, жамоатчиликка маъқул бўлган баъзи информацион тақдимотлар қўмитанинг жамоавий меҳнатлари маҳсули бўлди.
Қўмита тизимнинг ахборот соҳасини ислоҳ қилиш ва янги босқичга кўтаришда бардавомдир», — дейилади хабарда.