November 29, 2019

“Кучли тарғибот - юксак натижа” водий ёшларини Наманганга жамлаган форум

Бугун, 29 ноябрь куни Наманган шаҳрида Ўзбекистон ёшлар иттифоқи томонидан Президентимиз илгари сурган 5 та муҳим ташаббусни кенг тарғиб қилиш ва унинг ижросини таъминлаш мақсадида вилоятдаги олий таълим муассасалари ҳамкорлигида ташкил этилган “Кучли тарғибот - юксак натижа” мавзусида водий ёшлари Форуми бўлиб ўтди.

Наманган шаҳар ҳокимлиги мажлислар залида бошланган тадбирнинг очилиш маросимида сўзга чиққан Наманган вилояти ҳокимининг ўринбосари Фахриддин Маткаримов, Ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши раиси Абдулазиз Мўминов Форумнинг аҳамияти ҳақида тўхталиб ўтдилар.

Тадбирда водийдаги мавжуд олий таълим муассасаларининг ёшлар, факультет етакчилари, рассом ва ҳунарманд талабалар, спортчи ёшлар ва бошланғич ташкилот етакчилари билан ишлаш ва улар фаолиятини мувофиқлаштириш бўлими бошлиқлари иштирок этди.

Форум доирасида “Истиқлол истеъдодлари” мавзусида тасвирий ва амалий санъат кўргазмаси, ОТМ талабаларининг ижодий ишлари кўргазмаси, театр студияларининг спектакллари намойиши, форум иштирокчиларидан ташкил этилган жамоалар ўртасида стол тенниси, футбол ҳамда волейбол бўйича ўртоқлик мусобақалари, киберспорт, “Зукко китобхон” танлови, “Муваффақият сирлари” мавзусида давра суҳбатлари бўлиб ўтди.

Кун давомида гуруҳларга бўлинган ҳолда ўтказилган форум Фарғона ва Андижон вилоятларидан келган ёшлар қаторида Наманганлик талабалар учун ҳам унутилмас лаҳзаларга бой бўлди. Ёшлар янги танишлар, дўстлар орттириб семинарлар давомида ўзаро фикрлар алмашдилар. Экспертларнинг маъруза ва чиқишлари барчада бирдек таассурот қолдирди. Хуллас кун совуқ бўлишига қарамай эзгу мақсад йўлида бирлашган ёшларнинг барчаси форум давомида фаол бўлдилар. Якунда эса фаол иштирокчилар, ғолиблар диплом ва қимматбаҳо эсдалик совғалар билан тақдирландилар.

Ёшлар бу каби бирлашиш, бундай лойиҳалар биринчи ва оҳирги эмаслигини баҳор ойларида яна гуллар шаҳри Наманганда учрашиш таклифини бир овоздан маъқулладилар. Ўзбекистон ёшларини бир эзгу мақсад йўлида бирлаштирувчи бу каби лойиҳалар ҳали юртимизнинг барча ҳудудларини қамраб олади. Олдига катта мақсадлар қўйган Ўзбекистон ёшлари юртимиз равнақи йўлида хизмат қилишдан асло чарчаманг!