November 23, 2019

ҒАВВОС ЖАНГЧИЛАР

Биринчи ва иккинчи жаҳон урушидан кейин «Кучли саккизлик»ка кирувчи давлатларнинг аксарияти ҳарбий қуролланиш ҳамда янгича жанговар усуллар бўйича «Совуқ уруш» дея номланган жараёнда ўзига хос рақобатга киришиб кетишгани XX аср тарихидан маълум. Ўз навбатида, бу каби қуролланиш пойгаси қайсидир маънода бугунги кунда ҳам, очиқчасига бўлмаса-да, давом этмоқда.

Мисол учун, Россия, АҚШ, Буюк Британия, Италия, Франция, Хитой сингари мамлакатларда шундай жанговар бўлинмалар борки, эшитиб ҳайрон қоласиз. Ҳатто улар бу борада анча-мунча тажрибага ҳам эга.

Қуйида Россия махсус хизмат вакилларининг энг махфий бўлинмаларидан бири - Федерал қўриқлаш хизмати (русча атамаси ФСО)нинг сузувчи жангчилари ҳақида ҳикоя қилмоқчимиз.

«Сузувчи жангчи»ларнинг илк бўлинмалари собиқ иттифоқ ҳудудида ўтган асрнинг 60-йилларида пайдо бўлган. 1967 йилда қора денгиз флотида сув ости диверсион кучлари ва воситаларига қарши курашиш гуруҳи ташкил этилган. Севастополь бандаргоҳида «Новороссийск» крейсери жуда ғалати ҳолатда ҳалокатга учрагандан (ушбу портлашда ҳанузгача итальян ғаввос-диверсантлари айбдор деб гумон қилинади) сўнг, яъни 12 йил ўтгач, бу ишга қўл урилади.

Норасмий маълумотларга қараганда, ғаввос-диверсантларга қарши «курашувчилар» анча илгари пайдо бўлган. Масалан, 1956 йилда Болтиқ денгизи флотининг «Оржоникидзе» крейсери бортида Хрушчёв Буюк Британияга расмий ташриф билан боради. Бу айни «Совуқ уруш» қизғин паллага кирган вақтлар эди ва инглизлар «ўз оёғи билан» келган «ўлжа»га индамасдан қўёлмасдилар. Крейсернинг сув ости қисмини ўрганиш учун Буюк Британия қироллик ҳарбий-денгиз флотининг бош ғаввоси - лейтенант-командир Лайонел Крэбб жўнатилади. У эса «муҳим топшириқ»ни бажараётиб, жуда сирли вазиятда ҳалок бўлади. Балки, ўшанда руслар шунчаки асабийлашиб кетишгандир?! Ахир «Новороссийск»нинг ҳалокатга учраганига бир йил ҳам тўлмаган эди-да...

1968 йилда ғаввослар бўлинмалари собиқ иттифоқ раҳбарлари шахсий қўриқчилари таркиби – хавфсизлик хизматининг 9-бўлимида ҳам пайдо бўлди. Тўғри, ўшанда ғаввослар жанговар топшириқларни бажариш учун эмас, кўпинча юқори мартабали шахсларни балиқ ови жараёнида ҳимоялаш, «ов»нинг бароридан келиши учун хизмат қилишарди. Бироқ, кунлар ўтиб, ғаввослар ҳақиқатдан ҳам керакли касб эгалари эканлиги ойдинлашиб бораверди...

Ғаввосларнинг ўзлари ҳикоя қилишларича, сув остида пичоқлашишлар - саргузашт ва жангари фильмларгагина хос жиҳат. Аслида сув остида курашнинг ҳам ўзига яраша қонун-қоидаси бор: ким биринчи бўлиб ҳужум қилса, ғалаба у томонда.

Қуруқликда пичоқдан олинган ва арзимас кўринган жароҳат ҳам сув остида босим юқорилиги боис, кўп қон йўқотилишига олиб келади ва жангчининг барча жанговар кўникмаларини саноқли сониялар ичида йўққа чиқаради.

Бундан ташқари, сув остида жанг қилишнинг асосий қоидаси – орт томонни омон сақлаш. Жанговар ғаввосларнинг аслаҳасидаги барча қувурлар орқага ўтказилган - ҳаракатда эркинлик туғдириш учун. Агар кимдир ғаввоснинг ортидан билдирмай сузиб келса, диверсант кислород баллонидан мосуво бўлиши мумкин. Тўғри, жанговар ғаввосларнинг шундай ҳолатлар учун асқотадиган, кўкрагига бириктирилган кичикроқ баллони ҳам йўқ эмас, лекин ундаги кислород фақат тезда юзага сузиб чиқиш учун етади, холос.

Жангчиларнинг айтишича, улардаги жамики аслаҳалар Россияда тайёрланган. Ахир 1968 йилдаёқ, илк марта махсус сувости тўппончаси - СПП-1 яратилган. Лекин сув ости олами ҳар қандай қуролни ясашда ўзига хосликни талаб этади. Шу сабабли, СПП-1 автоматик бўлмаган тўрт стволли тўппонча кўринишида ясалган. Уни ўқлаш учун ов милтиғидек букиб очиш лозим бўлади. Сув ости патронининг «ўқи» ҳам ғалати кўринишда - у узун нина (мих)ни эслатади. Бундай михнинг ўлдириш хусусияти чуқурликка боғлиқ равишда 6 метрдан 17 метргача таъсир этади.

Федерал қўриқлаш хизматининг барча жангчи-ғаввослари унчалик катта маош олишмаса-да, ФСО томонидан Москва ва бошқа йирик шаҳарларда квартиралар билан таъминланишган.

Уларга қўйилган топшириқлар - Кремль атрофидаги Москва дарёсини мунтазам назорат қилиш, президентнинг барча қароргоҳларида «сув остида» қўриқчилик қилиш. Бундан ташқари, жангчи-ғаввослар оддий тансоқчилик вазифасини ҳам бажаришади.

Масалан, 2008 йилнинг 11 сентябрь куни Кутузов проспектида ФСОга тегишли «Жип» русумдаги автомашина ВАЗ-2109 билан тўқнашиб кетганда, қўриқчилар орасида бир нафар жангчи ғаввос ҳам бўлган.

Ўз ишлари ҳақида ҳикоя қилишар экан, ғаввослар сувда террорчилик актлари бўлмаётганидан ҳайрон эканликларини яширишмайди: "Биласизми, соҳилга боғлаб қўйилган кемаларда очилган казиноларда ўнлаб қўриқчилар кемага кираётган ҳар бир кишини синчиклаб текширишади. Уларнинг иши кишининг кулгисини қистайди. Ахир унчалик профессионал бўлмаган сузувчи ҳам сув остидан келиб, кема тубига "магнитли бомба" ёпиштириб кетса, нима бўлади? Бундан осон иш йўқ, билсангиз".

Жангчи-ғаввослар бўлинмалари ҳозир деярли дунёнинг барча давлатларида мавжуд.

Анча вақтгача итальян жангчи ғаввослари дунёда энг зўр, деб тан олиниб келинган. Биринчи жаҳон уруши даврлариданоқ Италияда душманнинг ҳарбий кемаларини ишдан чиқариш ёҳуд чўктиришга ихтисослашган сувости диверсион бўлинмаларини шакллантиришга катта эътибор қаратилган.

1941 йилнинг декабрида италиялик жангчи-ғаввослар - «торпедо-одам»лар князь Боргезе бошқараётган ва мукаммаллаштирилган сув ости кемасидан чиқиб, Искандария(Миср)даги бандаргоҳда турган Буюк Британиянинг «Қиролича Элизабет» ва «Вэлиент» линкорларини портлатиб юборишади.

Шуниси қизиқки, Боргезе зобитлик қилган 10-ҳужум флотилияси Италиянинг иккинчи жаҳон урушидан сўнгги ҳарбий-денгиз кучларида ҳам сақланиб қолган. «Новороссийск» крейсерининг портлашини ҳанузгача айнан ўшалардан кўришади.

Франция ҳарбий-денгиз кучларида жангчи-ғаввослар бўлинмасини яратиш ишлари иккинчи жаҳон урушининг сўнгида - мамлакат ҳудуди фашистлардан озод этилгач, бошланган.

1945 йилнинг баҳорида Тулон шаҳрида тадқиқотчилар ишга киришади. Уларнинг олдига қўйилган вазифа - сувости диверсантлари учун енгил аслаҳа ва кийимларни ўйлаб топиш ҳамда синаш эди. Тадқиқотчилар таркибига ўнтача олим, жумладан, Жак Ив Кусто ҳам қўшилган.

Кусто ва ҳамкасбларининг эришган ютуқлари 1952 йилда Сен-Мандрие оролида жангчи-ғаввослар мактаби очилишига олиб келди. Мактабни илк марта олти ҳарбий денгизчи ва етти нафар десантчи битиришган. Француз жангчи-ғаввосларининг энг шов-шувли операцияси - 1985 йилнинг 10 июлида Янги Зеландиянинг Окленд бандаргоҳида «Гринпис» халқаро ташкилотига тегишли «Рэйнбоу Уорриор» кемасининг портлатилиши, деб гумон қилинади.

Американинг машҳур SEAL бўлинмаси - АҚШ ҳарбий-денгиз кучларининг махсус операциялар қўмондонлигига бевосита бўйсунади.

SEAL иккинчи жаҳон урушидан сўнг ташкил этилган ва бугунги кунда ундаги ғаввос-жангчиларнинг сони 2 мингдан ошади. Уларнинг энг эсда қоларли операцияларидан бири «Мовий қуёш» номи остида ўтказилган. 1976 йилда Сахалин оролининг шарқий соҳилларида советларнинг стратегик бомбардимончи самолёти қулаб тушади. SEAL бўлинмаси ғаввослари ўшанда иккита атом бомбасини ўмаришга муваффақ бўлишган...

Алибек Эргашев тайёрлади