December 11, 2019

Санкт-Петербург метросидаги терактда асосий айбланувчи ҳисобланган шахс бир умрлик қамоқ жазосига ҳукм қилинди

Россиянинг Санкт-Петербург шаҳри метросида 2017 йилда содир этилган терактда асосий айбланувчи ҳисобланган қирғизистонлик Аброр Азимов бир умрлик қамоқ жазосига ҳукм қилинди. Бу ҳақда «РИА Новости» хабар берди.

Москва округ ҳарбий суди Аброр Азимовни террорчилик гуруҳига аъзоликда ва унга ўз танишларини жалб қилганликда, теракт содир этганликда, ноқонуний қурол савдосида, шунингдек, портловчи моддалар ва қурилмаларни тайёрлаш, сақлаш ва ташишда айбдор деб топди.

Иш бўйича бошқа айбланувчиларга 19 йилдан 28 йилгача бўлган қамоқ жазоси тайинланди.

Суд Акрам Азимов, Иброҳим ва Муҳаммадрасул Эрматовга 28 йиллик қамоқ жазоси берди. Прокурор улар учун умрбод қамоқ жазоси сўраган эди.

Содиқ Ортиқов 22 йилга, Шоҳиста Каримова, Муҳаммадюсуф Мирзаолимов, Аъзамжон Маҳмудов ва Дилмурод Муидинов 20 йилга, Сайфулла Ҳакимов ва Баҳром Эргашев 19 йилга озодликдан маҳрум қилинди.

Барча судланувчиларга 500 мингдан 800 минг рублгача жарима ҳам тайинланган.

Суднинг қарорига кўра, Аброр Азимов Россияда тақиқланган террорчилик ташкилотига аъзо бўлган, унга ўз танишларини жалб қилган, террорчи худкуш Акбаржон Жалилов билан алоқада бўлган ва унга пул берган.

Барча айбланувчилар бир-бирини таниган, улар телефон ва интернет орқали алоқада бўлган, бўлажак теракт учун жой излаган ва унинг тафсилотларини муҳокама қилган. Баъзи судланувчилар битта квартирада яшаган, у ерда яна битта қўлбола портловчи қурилманинг излари аниқланган.

Гуруҳ раҳбарлари Сирожиддин Мухторов ва Бубуржон Маҳбубовнинг жиноий иши алоҳида иш сифатида ажратилган ва улар халқаро қидирувга берилган.

Санкт-Петербург метросида 2017 йилнинг 3 апрель куни портлаш юз берган.«Сенная плошчад» ва «Технологический институт» бекатлари оралиғида портлаш юз берган эди. Вагонда қуввати тротил эквивалентида 300—500 граммга тенг портловчи ускуна ишга тушган. Портлаш оқибатида 14 киши халок бўлган, 50 дан ортиқ одам тан жароҳати олган. Теракт учун жавобгарликни «Ал-Қоида» террорчилик ташкилотига алоқадор гуруҳ ўз зиммасига олган.