December 16, 2019

АҚШда бўлиб турган ўзбекистонликлар Орландо шаҳрида муддатидан олдин овоз берди

Жорий йил 13 декабрь куни АҚШнинг Орландо шаҳрида (Флорида штати) Олий Мажлис Қонунчилик палатаси сайловида муддатидан олдин овоз бериш ташкиллаштирилди. Бу ҳақда ТИВ матбуот хизмати маълум қилди.

22 декабрь — сайлов куни Вашингтондаги элчихонага бориш имкониятига эга бўлмаган фуқароларнинг сайлов ҳуқуқларидан фойдаланиши учун зарур шароитлар яратиш мақсадида ушбу штатда биринчи марта муддатидан аввал овоз бериш йўлга қўйилди.

Овоз бериш Орландо шаҳри марказидаги «Marriott» меҳмонхонасида бўлиб ўтди. Махсус хонага рақобатлашаётган сиёсий партияларнинг номзодлари тўғрисида маълумотлар жойлаштирилди.

Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчихонаси тақдим этган маълумотга кўра, муддатидан аввал овоз беришнинг илк кунида 70 нафардан ортиқ ҳамюртлар ўз фуқаролик танловларини амалга оширди. Сайловчиларнинг асосий қисмини муддатидан олдин овоз бериш пунктига ўз оилалари билан келган ёшлар ташкил қилди.

Мамлакат парламенти сайлови бўйича муддатидан олдин овоз бериш 15 декабрь куни Жоржия штатининг Атланта ва Канаданинг Торонто шаҳарларида ҳам ўтказилди.

Маълумот учун, АҚШ ҳудудида 150-Шайхонтоҳур сайлов округига бириктирилган Ўзбекистоннинг Вашингтондаги элчихонасида 12-сонли ва Нью-Йоркдаги Бош консулхонада 33-сонли сайлов участкалари ташкил этилган.