December 25, 2019

Ташаббусдан илҳом олган ташаббус

Бола қалби ҳали қаноти қотмаган лочин. Парвоз қилиши учун озгина далда, бир озгина қўллаб-қувватлаш кифоя. Ниятларини юксак чўққилар сари олиб учади.

Бола қалби мисоли булоқ. Булоқ бўлганда ҳам ҳали кўзи очилмаган булоқ. Озгина эътибор қайнаб-тошиб ирмоқ бўлиши учун сабаб бўлиши мумкин.

Чуст туманидаги 31-ўрта умумтаълим мактабида Миллий ғоя ва маънавият асослари фани ўқитувчиси Лазокат Жўраеванинг дарс пайтидаги таклифи Президентимиз томонидан тавсия этилган 5 та муҳим ташаббус йўналишида ўқувчилар ижодкорлигига рағбат ўйғотди. 8-“Б” синф ўқувчилари ўз қўллари билан қўғирчоқлар ясашди. Мадина Расулова саҳналаштириш учун сценарий ёзди. Маржона Абдуназарова, Дилобар Асқаралиева, Гавҳарой Абдумажидова каби ўқувчилар ролларга бўлиб ижро этишга тайёргарлик кўришди.

Янги йил арафасида бошланғич синф ўқувчиларига намойиш этилган “Момомнинг сирли сандиғи” қўғирчоқ театри томошаси нафақат ўқувчиларда, балки, устозлар назарида ҳам катта таассурот уйғотди.

“Ҳозир кўп мактабларда болажонлар учун мультфильмлар қўйиб бериляпти. Тўғрисини айтганда, “Болажон” телеканали орқали кўрсатилаётган давомли мультфильмлардан болалар руҳи толиққан, - дея сўзлади мактаб директори Низомжон Каримов тадбир сўнгида. – Ўқувчиларимизнинг жонли ижролари барчамизга куч бағишлади. Мен ўқувчиларимга раҳмат айтаман, омад тилайман”.

Ҳа, жонли ижро, жонли сўз сеҳри кўнгилларга, ўй-хаёлотга жон бағишлайди. Мазмунли ўтган онлар гўзал ва ижодий туйғулар уйғотади.

Авазбек МЕЛИБОЕВ, Чуст тумани 31-мактаб ўқув ишлари бўйича директор ўринбосари.