December 10, 2019

ТАКСИСТЛАРГА МАСЛАҲАТЛАРИМ!

Таксистлар бор, таксистларнинг нақшидир,
Таксистлар бор, тормоз ундан яхшидир!

1. Уйдан чиқишда кўзгуга қараб ол. Тишингни ҳам ювиб олиш эсингдан чиқмасин. Қулай лекин озода кийин. Йўлга чиқишдан аввал машинангни ёқилғисини ва созлигини текшириб ол.

2. Йўлда заправкага кирмоқчи бўлсанг, бу ҳақда йўловчини аввалдан огоҳлантириб қўй.

3. Йўловчи қўл кўтарса 2 ёки 3 полосадан молга ўхшаб пақ этиб бурворма. Бошқа ҳайдовчиларни ҳам ҳурмат қил.

4. Рульда телефонда гаплашма, смс ўқима. Сен энди йўловчининг ҳаёти учун ҳам жавобгарсан.

5. Йўл четида йўловчи билан ярим соат савдолашиб ўтирма. Йўл бозор эмас. Мижоз ўзининг имкониятидан келиб чиқиб нарх айтади, сенга маъқул келмадими минғирламасдан жимгина кет.

6. Машинангда аввалдан бирорта йўловчи бўлса, яна йўлда ҳар қўл кўтарганга тўхташдан аввал кабинадаги мижоздан рухсат сўра. У сенга пул тўлаяпти. У маршрутка ёки автобусда кетмаслик учун ҳам такси тўхтатди.

7. Йўлда мижоз сухбатлашишни истамаса, унга ҳадеб гап сотаверма. Унга сенинг “қўша-қўша бизнесларинг борлиги, аслида кира қилмаслигинг, шунчаки йўлинг бўлгани учун одам олганингни” бир тийинлик қизиғи йўқ бўлиши мумкин. У шунчаки бир нуқтадан иккинчи нуқтага етиб олмоқчи холос, шўрт пабери!

8. Иложи борича машинанг салонида сигарет чекма, овқатланма. Тамаки ёки емиш хиди табни ҳира қилади. Фаросатни ишлат.

9. Машинанг салонини доим озода тут, тез-тез “мойкага” кириб тур. Турли, ўткир бўлмаган ҳаво ҳушбўйлаштиргичлардан фойдалан.

10. Автонинг эшик ойналарини умумий контроллердан блоклаб қўйма. Йўловчи исталган пайт ўзи томонидаги ойнани оча олсин, ёки аксинча.

11. Йўловчи томондаги ҳавфсизлик камарини созлаб, чангини артиб қўй. Агар йўловчи камарни тақиб олса - Сизга шартамас-у эээ - деб ишшайма.

12. Йўлда ҳадеб бошқа ҳайдовчиларга жахл қилиб бақириб, сўкинаверма. Салонда бир ўзинг эмассан.

13. Рульга ўтиришдан аввал ёнингга қайтим учун етарлича пул олиб ол. Безрайиб – Ие, қайтимим йўқ экан, рози бўласиз энди – деб паст кетма.

14. Йўловчини ҳурмат қил. Эсингда бўлсин, сен уни текинга олиб кетаётганинг йўқ, аксинча, унинг берган пулига рози бўлиб, ўз хизматингни таклиф қилдинг.

15. Кира қилмоқчи бўлган худудингни, манзилларни иложи борича яхши билиб ол. Агар бирор манзилдан ўтиб кетиб қолсанг – бу сенинг айбинг, йўловчининг эмас.

16. Мусиқа тингламоқчи бўлсанг йўловчидан бир оғиз сўраб қўйишни унутма. Ёдингда тут, у сенга эмас, сен унга хизмат кўрсатаяпсан.

17. Нариги томондан туриб, йўлнинг бу бетидаги йўловчига – Қаткекан укам? – деб бақирма. Маданиятли бўл.

18. Рульда кетаётиб кўчада учраган қизларга (худди ғорда яшаб, умрида қиз кўрмаган маймунга ўхшаб) шанғиллатиб сигнал чалаверма. Агар бирор йўловчи қизни машинангга чиқарсанг, унга гап отиб шилқимлик қилаверма.

19. Йўловчи то манзилига етгунича салоннинг бир қисмини (ўзи ўтирган ерини) ижарага олади. Шундай экан унга қулай шароитни яратиб қўй.

20. Ҳоким билан ҳамкорлик қилма! #шессекунд

Ҳозирча шу. 

©Rais Buva.