January 8, 2020

Инсон табиати имзоларга кўчганда…

Қуйида эса биз Айк Наджнинг “Қандай қилиб инсоннинг имзосига қараб феъл-атворини аниқлаб бўлади” китобига асосланиб имзоларнинг йўналиши, узунлиги, ҳарфларнинг катта-кичиклиги, қайрилганлиги, ўткир учлилиги, бир-бири билан уланган ёки уланмаганлиги ҳамда ҳарфларнинг ишончлилик билан (яъни босиб) ёзилганлигига қараб, имзо эгаси қандай феъл-атворга эга эканлигини билиб оламиз. Манбаларда келтирилишича, меъёр бўйича имзолар 1,5-2 сантиметр, ҳарфларнинг катта кичиклиги эса 0.5 сантиметр бўлиши лозим.

Имзоларнинг йўналиши қаерга қаратилганига диққат билан қаранг. Юқоригами, тўғригами ёки пастгами?

Агар имзонинг охири юқорига қараб йўналтирилган бўлса, бу имзо эгасининг феъл-атворида оптимизм, яъни некбинлик (турмушга, келажакка ҳамиша умид билан қараш, ишнинг муваффақиятли чиқишига ишониш) ҳисси устун. Бу каби инсонларнинг ҳаётиди умидсизлик, руҳиятининг тушиш ҳоллари юз берса, у буларни муваффақиятли енгади. Ва осонгина ўзида янги куч, янги умид ва фикрни топа олади. Бу тоифадаги инсонлар кўпроқ бадиий ижодга мойил бўлади.

Имзонинг охири тўғрига йўналган бўлса, бу шундан гувоҳлик берадики, шахсда оптимизм ва пессимизм кайфиятлари тенг бўлади. Ва атроф-муҳитнинг таъсири бошқа шахсларга қараганда камроқ.

Агар имзонинг охирида пастга қараб ҳошия тортилса, бу имзо эгасида пессимизм ҳисси кучли бўлади. Бадиий ижоддан узоқ, қатъиятсиз, бировнинг фикрини доимо тасдиқлайдиган ва шунга қараб иш юритадиган атроф-муҳитнинг таъсири кучли бўлган шахслардир. Бу сингари инсонлар соғлиғига жиддий эътибор қаратишлари лозим.

Имзоларнинг узунлиги. Имзосини узун қилиб қўядиганлар вазмин бўлишади. Шошмашошарликни умуман ёқтирмайди. Ўйлайдиган мақсадига эришиш учун бор имконини намоён қила олади. Шу билан биргаликда доимо танқидий қараш аломати мавжуд. Бироқ, улар буйрак ва асаб тизимининг иш фаолиятига жиддий эътибор қаритиши зарур бўлади.

Аксинча, имзо қисқа қилиб қўйилса, демак, шошиш аломати бироз кучлироқ, ишга юзаки қарайди. Уни охиригача ўрганиб чиқиб, таҳлил қилишга умуман сабри чидамайди. Бу имзо эгалари кўпинча бир хил вазифани бажарсалар, толиқиб қолади. Бу тоифа одамларни натижа эмас, балки вақт қизиқтиради. Улар суҳбатдошининг вазмин одамлар бўлишини ёқтирмайди. Бу турдаги инсонларнинг соғлиғида муаммо туғилиши мумкин.

Ҳарфларнинг катта-кичиклиги. Табиати инжиқ ва атроф-муҳитга талабчан инсонларнинг имзоси бош ҳарфи кейинги ҳарфлардан катталиги билан сезиларли даражада ажралиб туради.

Жиддий инсонларга нисбатан ғаразгўйлиги йўқ шахсларнинг имзосида ҳарфларнинг кенглиги қисқа, бош ҳарфи кейинги ҳарфлар сингари тенгликка эга бўлади.

Оилада тежамкор ва ақлли инсонларнинг имзоси кичик ҳарфлар билан қўйилади. Агарда ҳарф­ларни ҳаддан зиёд кичрайтириб юборса, худбинлик ва бахиллик ҳиссидан дарак беради.

Йирик ҳарфлар билан (ёш болалардек, босиб) имзо қўядиган инсонлар хаёлпараст, қайсидир даражада содда, ишонувчан бўлади.

Айлана ва қиррали ҳарфлар билан қўйилган имзолар. Бурама ҳарфлар билан имзо чекадиган шахслар кўнгилчан, хотиржам юрувчи инсонлар ҳисобланади. Аксинча, тик учли ҳарфлар ва чизиқлар билан қўядиганлар ўжар, ўз фикрини тасдиқлайдиган, ўзини севадиган инсондир.

Боғланган ва ажратилган ҳарфлар билан қўйилган имзолар. Агар имзоларнинг ҳарфлари бир-бири билан боғланиб кетган бўлса, бу каби кишилар мантиқан фикрлайдиган ва доимо ҳамма нарсага танқидий қарайдиган инсондир.

Дунёқараши сустроқ инсонларнинг имзосида узилиш аломатлари бўлади.

Ҳаддан зиёд кўп узилишлар билан имзо чекадиганлар орзуга берилувчан, одамларни ўзига қаратишга ҳаракат қиладиган ва уларда таассурот қолдиришни хоҳлайдиган инсонлар тоифасидир.

Имзолардаги ҳарфлар ишончлилик билан (босиб) қўйилса, бу тоифа инсонлар ўзига ишонувчан ва қатъияти кучлидир. Аксинча қўйилса, бу тоифа инсонлар ўзига бироз ишончсизроқ бўлади.

Эътиқод Отақулова, “Ҳуррият” газетасидан олинди.