Тарих такрордан иборат...
Яна метан ҳақида
Энди мен айтиб берадиган воқеалар бугун бир ростга ўхшайди, бир афсонага. Аммо булар бўлган воқеалар.
Метан газ олиш учун навбатда турадиган машиналарнинг қатори бир неча чақиримга чўзилиб кетарди. Ўша пайтлари газ қуйиш шаҳобчаларида пул қилишнинг йўлини топган уддабуррон йигитлар ҳам чиқиб қолганди. Улар шошиб турган ҳайдовчилардан икки минг сўмдан олишиб, уларнинг машинасини шаҳобчанинг навбатсиз қуйиб берадиган махсус ажратиб қўйилган «уя»сига киритиб юборишарди. Бу ишлар энг авжиган пайтлари ўша «навбатсиз уя»га кирадиганларнинг ҳам сони ортиб, «навбатсиз оладиганларнинг навбати» ҳам чўзилиб кетавергач, «Супернавбатсиз уя» очишди. Отини «коммерчески» қўйиб, бу «уя»дан ўн минг сўм берганларнинг машинасига бирпасда газ қуйиб берадиган бўлишди.
Бу ишларга масъул бўлган, бўйни менинг белимдай келадиган, қомати отни ҳуркитадиган йигитлар шохобчадаги тартибни бутунлай қўлларига олишган эди. Улар жорий қилган тартибга озгина норозилик билдирган ҳайдовчи қандай қилиб газ қуйиш шохобчаси ҳудудидан ташқарига чиқиб қолганини ўзи ҳам билмай қоларди. Баъзан кўзи кўкариб, бурни қонаб чиқиб кетганлари ҳам бўлиб турарди.
Ҳикоямизга, аниқроғи ўша, газ шохобчалари танқис бўлган замонга қайтамиз. Қизиғи, бу воқеалар бугун яна такрорланаяпти...
«Вой, жигарим!»
Учта йигит Каттақўрғонга олиб бориб қўйишимни илтимос қилишди. Бориб келишнинг пулини берадиган бўлишди.
− Узр, укалар, Каттақўрғонга бориб келишга газим етмайди, − дедим.
− Ака, газдан ғам еманг, газини ҳам олиб берамиз, − деди уларнинг ичида маҳмадонароғи.
− Газни ўзим ҳам оламан, аммо газ олиш учун камида беш соат туришимиз керак бўлади, − дедим унга. – Яхшиси, бошқа машина ушлай қолинглар!
− Э, ака, у ёғидан ғам еманг, − деди ўша маҳмадонаси. – Навбатсиз газ олишнинг усулини биламиз.
− Қанақа усул экан, ўргатинг-чи? − дедим қизиқиб.
− Ака, сиз ҳайдайверинг, кўрасиз. Синовдан ўтган усул.
Қани, кўрайлик-чи, деб уларни миндириб, машинани Каттақўрғоннинг йўлидаги биринчи газ қуйиш шохобчасига қараб ҳайдадим.
− Ака, сир бой бермайсиз, − деган маҳмадона битта шеригининг иягини оқ бинт билан боғлаб, уни чўзиб ётқизиб қўйди. – Биров сўраса, вилоят касалхонасидан ўлик олиб чиқишди, бошқа гапни билмайман, деб қўяверасиз.
Унинг шериги ҳам ростакам ўликдай, узала тушиб, ётиб олди.
− Ака, тўғри газ олиб бўлган машиналар чиқадиган дарвозасидан ҳайданг! – деди маҳмадона. – Жиддий бўлинг, кулманг!
Мен маҳмадона айтгандай қилиб, тескари томондан машинани ҳайдаб кирдим. Маҳмадона унча-бунча артистга дарс берадиган актёр экан. Машинадан тушибоқ, баланд овозда айтиб-айтиб, йиғлаб юборди.
− Оғайнилар, укам ўлиб қолди, битта акамизни машинасига ўлик ортишга зўрға кўндирсак, гази йўқ экан, − пиққиллаб сўзлади маҳмадона навбати яқинлашган ҳайдовчиларга. – Илтимос, сизлар ҳам мусулмонсизлар-ку, тўғри тушунинглар, шу машинани ўтказиб юборинглар! Каттақўрғонда ҳамма оғайнилар ўликка қараб ўтирибди. Жаназа айтиб қўйилган. Гўр ковланган. Мулла келган. Мурдашўй ҳам интиқ. Ҳамма бизнинг ўлик олиб боришимизни кутиб ўтирибди. Жон акалар, бир марта ёрдам қилинглар!
Албатта, навбатда турганлар ҳам мусулмон, улар ҳам тушунади. Бунақа кун бошига тушган одамга ёрдам бериш керак. Маҳмадонанинг кўзидан оқаётган ёшни кўриб, менинг ҳам кўнглим бузилди. Ростдан ҳам ўлик олиб кетаётган ҳайдовчига ўхшаб қолдим. Маҳмадонанинг «тирик» шериги ҳам йиғламсираб турар, нуқул «Жигарим-ей, жигарим-ей! Бевақт кетган жигарим-ей!» дерди.
Хуллас, навбати келган ҳайдовчи машинасини четга олди. Хизматкор йигит газ қуядиган мосламасини менинг машинамга улар экан, орқа ўриндиқда ётган «ўлик»га қараб, қўлларига титроқ кирди.
− Бечора, ёшгина экан, нимадан ўлди? – деб сўради «ўлик»нинг «жигари»дан.
Каттақўрғоннинг йигитлари ҳозиржавоб-да, ташҳиснинг тайёр турганини қаранг:
− Кўричаги ёрилиб кетди, ака, вой жигарим!
Газ қуядиган йигит қўллари қалтираб, ичи ачиб, ғамбода бўлиб, мосламани улади ва газни очди. Йигитнинг қўллари қалтирагани ишни бузди. У яхши уламаган экан, катта босим остидаги мослама отилиб кетди-ю, газ келадиган шланг илондай «Ваш-ш»иллаб, ўйноқлаб кетди.
− Қоч, ўлдинг, портлайди! – деб бақирди бизга яқин турган ҳайдовчилардан бири.
Мен ўзи доим газ олаётганимда юрагимда қўрқув бўлади. Чунки газ қуйилаётган машина портлаб кетганига ўзим гувоҳ бўлганман. Битта «Нексия» газ олаётиб, портлаб, терак бўйи кўтарилиб кетган эди. Мен ҳаммадан олдин қочдим. Ҳамма ҳайдовчилар газ қуйиш шохобчаси дарвозасидан ташқарига отилди. Маҳмадона роса чопқир экан, мендан олдинга ўтиб кетди. «Юракдан ҳам бор экан», деб югуриб кетаётсам, бир йигит ҳаммамизни қувиб ўтиб кетди. Қарасам, ияги бинт билан боғланган, машинамда қолган маҳмадонанинг «ўлик» шериги, унинг «марҳум укаси». Қўрққанининг зўридан иягидаги бинтни ечиш ҳам «ўлик»нинг эсига келмас эди...
Каримберди Тўрамурод.