“Наманган ҲЭТК” АЖ томонидан 2019 йил мобайнида амалга оширилган ишлар ва келгусидаги режалар
“Наманган ҳудудий электр тармоқлари” акциядорлик жамияти томонидан вилоятда 2019 йил мобайнида амалга оширилган ишлар ва уларнинг таҳлили бўйича 2020 йил 17 январь куни ОАВ вакиллари билан матбуот анжумани бўлиб ўтди. Унда “Наманган ҲЭТК” АЖ бош директори Жаҳонгир Риззаев бошчилигида соҳа мутахассислари ҳамда журналист ва блогерлар иштирок этишди.
Анжуманда таъкидланганидек, “Наманган ҲЭТК” АЖ томонидан бугунги кунда вилоятимиз бўйлаб электр энергияси таъминотида бир қатор ишлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, 2019 йил мобайнида “Обод қишлоқ” ҳамда “Обод маҳалла” дастурларига асосан вилоят бўйича 188 дона трансформатор пунктлари ўрнатилди. 349,3 км узунликда тармоқ тортилди. Ушбу қурилишларни амалга оширишда 9657 дона темир бетон таянчлар ўрнатилди.
2019 йил мобайнида 1211,4 км 0,4-110 кВли ЭУТ тармоқ, 74 дона 35-11 кВли ўчиргичлар, 6 та 35-110 кВли нимстанция, 5 та 110 кВли куч трансформатори, 537 дона 6-10/0,4 кВли трансформатор пунктлари ҳамда 282 дона Тармоқ трансформаторлари мукаммал таъмирланди.
Қайд этиш керакки, электр энергиясини ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизими (АСКУЭ)ни жорий этиш ишлари Наманган вилоятида ҳам жадал суратларда амалга оширилмоқда. Ўтган 2019 йил якунларига кўра 194 150 та янги ҳисоблагичлар алмаштирилди. Жорий йил январь ойидан бошлаб Мингбулоқ, Чуст ва Янгиқўрғон туманларида ҳисоблагичларни алмаштириш ишлари бошланди.
Корхона томонидан 2020 йил учун 398 130 дона ақлли ҳисоблагичлар ўрнатиш режалаштирилган ва бугунги кунда ушбу режани амалга ошириш учун самарали ишлар ташкил этилган. Алоҳида таъкидлаш керакки, ушбу замонавий электр ҳисоблагичлар истеъмолчиларга “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ маблағлари эвазига бепул ўрнатиб берилмоқда.
Авваллари темир бетон таянчлари етишмас, талаб қилинган муддатга ишлаб чиқарувчи корхоналар томонидан етказиб беришда муаммолар келиб чиқар, узоқ масофадан ташиб келинганда ортиқча сарф-ҳаражатлар юзага келар эди. 2019 йилдан бошлаб “Наманган ҲЭТК” АЖ қошида ташкил этилган “Темир бетон таянч” МЧЖ томонидан темир бетон таянчларини тез фурсатларда етказиб берилиши орқали юқоридаги муаммолар бартараф этилди. Ҳозирда ушбу корхонада 25 та янги иишчи ўрни яратилган бўлиб, корхонанинг кунлик ишлаб чиқариш қуввати 56 донани ташкил этса, йиллик ишлаб чиқариш қуввати эса 18000 дона темир бетон таянчини ташкил этади. Жамият қошида темир бетон таянчлар ишлаб чиқарилиши ҳисобига йил давомида 6,1 млрд маблағ тежаб қолишга эришилди.
Шунингдек, фуқаролар томонидан 2019 йил мобайнида “Наманган ҲЭТК” АЖга 3148 та мурожаатлар келиб тушган бўлиб, булардан 3146 та мурожаатнинг ижроси таъминланган. 2 мурожаат эса ҳал этиш жараёнида.
Қолаверса бугунги кунда тадбиркорлик субъектларига қулайлик яратиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг Қарор ва Фармонларига асосан Наманган шаҳри ва туманлар ҳудудида жами 15 та кичик саноат зоналари ташкил этилиб, кичик саноат зоналарини электр энергияси билан таъминлаш учун 30,1 км 3-10 кВли узатиш тармоқлари, Чуст туманида ташкил этилган эркин иқтисодий зонанинг электр таъминоти учун узунлиги 3,2 км бўлган 110 кВли электр узатиш тармоғи ва ҳар бирининг қуввати 40000 кВА бўлган 2 трансформаторли подстанция қурилиши ишлари амалга оширилмоқда.
Бир сўз билан айтганда бу ишларнинг барчаси, мамлакатимиз электр энергияси таъминотининг янада яхшиланиши йўлидаги муҳим омил бўлиб хизмат қилади.
Тадбир давомида бугунги кундаги асосий муаммо бўлиб турган электр энергиясидаги узилишлар бўйича ҳам кўплаб саволлар ўртага ташланди. Ҳозирда вужудга келган ушбу вазият “Талимаржон иссиқлик электр станцияси”(ИЭС)нинг электр энергияси ишлаб чиқаришга мўлжалланган қурилмасидаги носозлик туфайли таъмирлаш ишлари олиб борилаётгани билан боғлик эканлиги, носозлик бартараф этилгач, электр таъминоти яхшиланиши айтиб ўтилди.
Матбуот анжуманида журналистларни қизиқтирган саволларга мутахассислар томонидан атрофлича жавоблар берилди.
Дониёр Юсуфжонов.